“Аёллар дафтари” тизимининг 7-босқичига старт берилди
Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерациясида Хотин-қизларни ижтимоий-иқтисодий қўллаб-қувватлаш бўйича Республика комиссиясининг кенгайтирилган видеоселектор йиғилиши бўлиб ўтди. Уни Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси раиси, Хотин-қизларни ижтимоий-иқтисодий қўллаб-қувватлаш бўйича Республика комиссияси раиси Қудратилла Рафиков олиб борди.

Видеоселектор йиғилишида Марказий студиядан Ўзбекистон Республткаси Олий Мажлиси Сенати раис Танзила Норбоева, Ўзбекистон Республикаси Президентининг ижтимоий ҳимоя масалалари бўйича маслаҳатчиси – Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги директори Мансурбек Оллоёров, Ўзбекистон Республикаси Бош вазири ўринбосари – Оила ва хотин-қизлар қўмитаси раиси Зулайҳо Маҳкамова, Ўзбекистон маҳаллалар уюшмаси, Оила ва хотин-қизлар қўмитаси, тегишли вазирликлар, Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси ва тармоқ касаба уюшмалари Республика кенгашлари мутасаддилари, ҳудудий студиялардан Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши раисининг ва вилоятлар ҳокимларининг иқтисодий масалалар бўйича биринчи ўринбосарлари, Республика комиссиясига аъзо ташкилотларнинг ҳудудий бошқармалари бошлиқлари, Федерациянинг ҳудудий кенгашлари раислари ва масъул ходимлари, туман (шаҳар) ҳокимлари ва уларнинг иқтисодий масалалар бўйича биринчи ўринбосарлари ҳамда оила ва хотин-қизлар масалалари бўйича ўринбосарлари, тижорат банкларининг туман (шаҳар) филиаллари раҳбарлари, барча маҳалла раислари ва хотин-қизлар фаоллари иштирок этдилар.
Кенгайтирилган видеоселектор йиғилишида муҳтарам Президентимиз ташаббуслари билан амалда татбиқ этилган ноёб тизим – “Аёллар дафтари” тизимининг 7-босқичида хотин-қизларга янги турдаги амалий ёрдамларни кўрсатиш масалалари муҳокама этилди.
Тадбирда таъкидланганидек, 2021 йилдан бери муҳтарам Президентимиз Шавкат Мирзиёев ташаббуслари билан жорий этилган “Аёллар дафтари” тизимининг 6 та босқичи орқали шу пайтгача Республика бўйича жами 4 млн 538 минг нафардан зиёд эҳтиёжманд хотин-қизларга амалий ёрдамлар берилди. Биргина 2025 йил давомида Аёллар дафтари” тизимининг 6-босқичида жами 1 млн 22 минг нафарга яқин хотин-қизга ижтимоий ёрдамлар кўрсатилди.

– Муҳтарам Президентимиз 2025 йил 17 октябрь куни касаба уюшмалари фаоллари ва фахрийлари билан бўлиб ўтган учрашувда “Аёллар дафтари” тизимини янада такомиллаштириб, у орқали уй-жой ва яшаш шароитини яхшилашга, тиббий ва психологик ёрдамга муҳтож, тазйиқ ва зўравонликка учраган, ҳуқуқий ёрдамга муҳтож аёлларга ҳам амалий ёрдам бериш бўйича топшириқ беган эдилар, – дея таъкидлади жумладан Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси раиси, Хотин-қизларни ижтимоий-иқтисодий қўллаб-қувватлаш бўйича Республика комиссияси раиси Қудратилла Рафиков. – Ушбу топшириққа асосан “Аёллар дафтари”нинг янги таҳрирдаги Низоми лойиҳаси ишлаб чиқилди. Вазирлар Маҳкамасининг 2026 йил 12 майдаги 239-сон қарори билан мазкур Низом тасдиқланиб, “Аёллар дафтари”ни юритиш тартибига бир қанча ўзгартириш ва қўшимчалар киритилди.
Йиғилишда ушбу Низомда назарда тутилган асосий ўзгаришлар ҳақида батафсил тушунтиришлар берилди. Хусусан, Аёллар дафтарига киритилган хотин-қизлар тоифалари янада такомиллаштирилгани, кўрсатиладиган хизматлар сони 23 тадан 46 тага оширилгани қайд этилди. Таъкидланганидек, 1-тоифа – ижтимоий ҳимояга муҳтож ишсиз хотин-қизлар бўлиб, ушбу тоифага бандлиги таъминланмаган, ишлаш истагида бўлган ва даромад манбаига эга бўлмаган эҳтиёжманд хотин-қизлар киритилади. Илгари мазкур тоифадаги хотин-қизларга 4 та йўналишда ёрдам берилган бўлса, эндиликда 14 та йўналишдаги ёрдамлар кўрсатилади. Хотин-қизларнинг бандлигини таъминлаш, “Ваучер” тизими ва буюртма асосида касб-ҳунарга эга бўлмаган ишсиз хотин-қизларни касб-ҳунар, хорижий тил ва тадбиркорликка ўқитиш, Тадбиркорлик субъектларига – ҳар бир касаначининг дастлабки уч ой давомидаги касаначилик фаолияти учун бир ойлик ўртача даромади миқдорида тўлов тўлаш учун субсидия ажратиш, “Ижтимоий реестр”га киритилган оила аъзоси бўлган хотин-қизларга енгил конструкцияли иссиқхоналар ўрнатиш учун 12 млн 360 минг сўмгача, суғориш воситаларини харид қилиш учун 4 млн 120 минг сўмгача ҳамда уруғликлар ва кўчатлар сотиб олиш учун 1 млн 236 минг сўмгача субсидия ажратиш,
Хотин-қизларга қишлоқ хўжалиги кооперативлари устав фондига улуш сифатида киритиши учун базавий ҳисоблаш миқдорининг 10 баробаригача субсидия ажратиш, “Уста – шогирд” анъаналари асосида аёлларга ҳунар ўргатаётган ҳунармандларга шогирдлар тайёрлаш, зарур хомашё сотиб олиш ва шогирдларни иш ҳақи билан таъминлаш харажатларини қоплаш учун базавий ҳисоблаш миқдорининг 5 баробаригача субсидия ажратиш шулур жумласидандир. Шунинигдек, Хотин-қизларга интернет сайтларини яратиш, маҳсулотларини жаҳон электрон савдо майдончаларига чиқариш ва реклама қилиш харажатларини қоплаш, Ишсизларга олинган бино ва иншоотнинг ижара тўловини тўлаш, Хотин-қизларни иш ўринларининг белгиланган энг кам сонидан ортиқ миқдорда ишга қабул қилиш учун ҳам маълум миқдорда субсидиялар ажратилади.
Бундан ташқари, жазони ижро этиш муассасаларидан озод қилинган хотин-қизларни ишга қабул қилиш, тадбиркорлик субъектларига иш ўринлари ва шароитларини ногиронлиги бўлган хотин-қизларларга мослаштириш, бандлик бўлимлари йўлланмаси бўйича ишга қабул қилинган хотин-қизларни касбга тайёрлаш, қайта тайёрлаш ва уларнинг малакасини оширишга сарфланадиган харажатларни қоплаш учун субсидия ажратиш кўзда тутилган.
Ўрта тадбиркорлик субъектларини ташкил этган аёлларга янги иш ўринларини яратиш ҳамда хотин-қизларнинг бандлигини таъминлаш учун “Ҳамроҳ” компанияси маблағлари ҳисобидан базавий ҳисоблаш миқдорининг 4 000 баробаригача, яъни 1 млрд 648 млн сўмгача имтиёзли кредит ажратиш, жисмоний шахслар ва нодавлат ташкилотларга хотин-қизларнинг бандлиги ва ижтимоий фаоллигини таъминлашга қаратилган ижтимоий лойиҳаларни молиялаштириш учун базавий ҳисоблаш миқдорининг 60 баробаригача, яъни 24 млн 720 минг сўмгача грант ажратиш каби хизмат турлари ҳам киритилган.
2-тоифага бандлиги таъминланмаган ва тадбиркорлик қилиш истагида бўлган эҳтиёжманд хотин-қизлар ҳамда тадбиркорлигини йўлга қўйган ва ушбу фаолияти ривожланишининг дастлабки босқичларида турган тадбиркор ёки ўзини-ўзи банд қилган хотин-қизлар киритилади ва уларга имтиёзли кредитлар берилади. Ушбу хотин-қизларга аввал 4 турдаги банк кредитлари берилиши кўзда тутилган бўлса, янги тартибга кўра уларга 9 хилдаги кредитлар берилади. Шунингдек, юридик шахс ва тадбиркорлик субъектларига давлат мулки объектларини ижарага олишларида амалий-ҳуқуқий ёрдам кўрсатилади.
3-тоифага киритилган уй-жойи таъмирлашга муҳтож, бироқ оиласининг моддий имконияти етмайдиган эҳтиёжманд хотин-қизларга уй-жойларини таъмирлаш учун “Аёллар дафтари” жамғармасидан базавий ҳисоблаш миқдорининг 50 бараваригача маблағ ажратилади. Ушбу тоифага киритилган нотурар жойларда истиқомат қилаётган, доимий яшаш учун турар жойи бўлмаган, бир хонадонда уч ва ундан ортиқ оила яшаётган (уй-жой майдони белгиланган ижтимоий нормадан кам бўлган, яъни бир киши учун 16 м2), бироқ ўзининг ёки биргаликда яшовчи оила аъзоларининг номида турар жой мавжуд бўлмаган, хусусий уй-жой фондида ижара ҳуқуқи асосида истиқомат қилаётган хотин-қизларга эса ижара тўловининг 50 фоизи, бироқ кўпи билан 824 минг сўмгача (вилоятлар марказларида кўпи билан 1 млн 236 минг сўмгача) ижара компенсация тўлови тўлаб берилади. Бундан ташқари, бошланғич бадалини тўлаб бериш ёки ипотека кредитининг маълум фоизи учун субсидия ажратиш орқали арзон уй-жой билан таъминланиши ҳам мумкин.
4-тоифа – тиббий ва психологик ёрдамга муҳтож хотин-қизлар тоифасига руҳий ҳолатини яхшилашга ёки Ижтимоий реестрга киритилган оила аъзоларини жарроҳлик амалиётисиз даволаш ва жарроҳлик амалиётини ўтказишга муҳтож эҳтиёжманд хотин-қизлар киритилади. Уларга даволаниш учун давлат бюджети ҳисобидан ордер (йўлланма) бериш, жарроҳлик амалиётисиз даволаниш учун “Аёллар дафтари” жамғармасидан – базавий ҳисоблаш миқдорининг 50 бараваригача маблағ ажратиш, жарроҳлик амалиётини ўтказиш учун – Давлат тиббий суғуртаси жамғармаси томонидан ҳисобланадиган нархлар доирасида хотин-қизларнинг жарроҳлик амалиёти харажатларини қоплаш, тиббий ёрдам кўрсатиш зарурати бўлганда, белгиланган тартибда тегишли бирламчи тиббий санитария муассасаси томонидан стационар ёки амбулатор даволаниш, давлат бюджети ҳисобидан хотин-қизлар ва уларнинг вояга етмаган (қарамоғида I гуруҳ ногиронлиги бўлган фарзандларининг ёшидан қатъий назар) фарзандларини вилоят ёки республика даражасидаги тиббий муассасаларда даволаш, малакали психологлар томонидан хотин-қизларнинг руҳий ҳолатини яхшилаш бўйича семинарлар ташкил этиш каби 6 та йўналишда асосий ёрдамлар кўрсатилади.
5-тоифага ҳуқуқлари ва қонуний манфаатлари бузилган, ажрим, яраштирув, суд, алимент ва бошқа шу каби масалаларда маслаҳат ва амалий ёрдам кўрсатишга муҳтож эҳтиёжманд хотин-қизлар киритилади. Уларга 7 та йўналишдаги асосий ёрдамлар кўрсатилади. Хусусан, улар учун ҳуқуқий мавзуларда малакали ҳуқуқшунослар томонидан семинарлар ўтказилади, хотин-қизларга ва уларнинг фарзандларига туғилганлик ҳақида гувоҳнома ёки фуқаролик паспортини (ID-карта) олишда давлат божлари тўлаб берилади, судларга даъво аризалари киритилишида кўмаклашилади ва белгиланган давлат божлари тўлаб берилади. Шунингдек, ҳуқуқлари ва қонуний манфаатлари бузилган хотин-қизларга судга мурожаат қилиш тартиби тушунтирилиб, мурожаат қилиш учун керак бўладиган ҳужжатларни расмийлаштиришга кўмаклашилади, тазйиқ ва зўравонликдан жабрланган хотин-қизларни ҳимоя қилиш, такрорий зўравонлик содир этилишининг олдини олиш ва зўравонлик содир этган шахсга нисбатан чора кўриш билан бирга ҳимоя ордери ажратилади ва унинг ижроси назорат қилинади, алимент тўловларини ундириш масалалари бўйича ҳуқуқий ёрдам берилади ва хотин-қизларга бирламчи юридик ёрдам кўрсатиш мутлақо бепул бўлади.

Йиғилишда янги таҳрирдаги “Аёллар дафтари” низомида яна 6 та турдаги қўшимча ёрдамлар назарда тутилгани, ушбу ёрдамлар тоифасидан қатъий назар “Аёллар дафтари”га киритилган барча хотин-қизларга кўрсатилиши мумкинлиги тушунтириб ўтилди. Қайд этилганидек, янги таҳрирдаги “Аёллар дафтари” низомининг асосий мақсади эҳтиёжманд хотин-қизларга шунчаки бир марта ёрдам бериш эмас, балки уларнинг доимий даромад манбаига эга бўлиши ва камбағалликдан халос бўлишига кўмаклашишдан иборатдир.
Кенгайтирилган видеоселектор йиғилишида “Аёллар дафтари” тизимини юритишнинг янги тартиби қадамма-қадам тушунтириб берилди.
Хусусан, ҳудудларда Оила ва хотин-қизлар бўлими бошлиғи ҳар ой якунида амалга оширилган ишларни тегишли ташкилотлар раҳбарлари ва “маҳалла еттилиги” билан биргаликда таҳлил қилиб бориши, муаммолар вужудга келадиган бўлса, уларни бартараф этиш чораларини кўриши, ҳар чорак якунида тегишли халқ депутатлари туман (шаҳар) Кенгашларига ахборот бериб бориши таъкидлаб ўтилди. Эҳтиёжманд аёлларнинг муаммолари тўлиқ ҳал этилгандан кейин, ҳар йили декабрь ойида оила ва хотин-қизлар бўлими бошлиғининг “Маҳалла еттилиги” билан келишилган ҳолда киритилган таклифига мувофиқ Халқ депутатлари туман (шаҳар) Кенгашлари қарори асосида хотин-қизлар “Аёллар дафтари”дан чиқарилиши қайд этилди.
Таъкидланганидек, февраль ойида ўтказилган хатлов якунларига кўра 1 млн 26 минг нафар эхтиёжманд хотин-қизлар аниқланиб, рўйхатлари шакллантирилган. Олдинда турган асосий вазифа – “Аёллар дафтари”нинг 7-босқичига киритилган эҳтиёжманд хотин-қизларга янги Низомга мувофиқ тегишли амалий ёрдамларни кўрсатиб, уларнинг муаммоларини ҳал этишдир.
Бунинг учун Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси томонидан ҳар бир вилоят, туман ва шаҳарга бир нафардан мутасаддилар ҳамда ҳар 10 та маҳаллага бир нафардан касаба уюшмаси ходими, жами 1 минг 125 нафар масъул бириктирилди. Шу билан бирга, жойларда “маҳалла – туман (шаҳар) – вилоят” даражасида штаблар ташкил этилган.
“Аёллар дафтари” тизимидаги вазифаларнинг самарали ижросини таъминлашда хотин-қизларнинг доимий равишда оиласига даромад келиб туришини таъминлаш чораларини кўриш, тадбиркорлик қилиш истагида бўлган ҳамда тадбиркорлигини ривожлантираётган хотин-қизларга тадбиркорлик кўникмаларини ўргатиш ҳамда кредит олгандан сўнг уларни оёққа тургунча қўллаб-қувватлаш, шунингдек, кичик тадбиркорлик субъектига эга хотин-қизларнинг фаолиятини янада кенгайтиришга кўмаклашиш масалаларига алоҳида эътибор қаратилиши зарурлиги қайд этилди. Туман (шаҳар)лар ҳокимлари амалий ёрдам бериш ишларида ташкилотлар фаолиятини мувофиқлаштириб, камчиликларни жойида бартараф этиб боришлари, касаба уюшмаларидан ҳудудларга бириктирилган масъуллар ёрдамларнинг ҳаққонийлигини жойларга чиққан ҳолда ўрганиши таъкидлаб ўтилди.
Муҳтарам Президентимизнинг 2025 йил 14 мартдаги 103-сонли қарорига мувофиқ ҳар йили Тошкент вилоятидаги дам олиш масканларида “Аёллар дафтари”га киритилган 50 минг нафар эҳтиёжманд хотин-қизлар учун психологик ёрдам кўрсатиш ва тадбиркорлик кўникмаларига ўргатиш бўйича мотивацион семинарлар ташкил этиб борилиши ҳам алоҳида таъкидланди.
Видеоселектор йиғилишида белгилаб берилган вазифаларни юқори савияда амалга оширишни таъминлаш борасида марказий ва ҳудудий студиялардан иштирок этган мутасадди ва масъуллар ҳам ўз таклиф ва мулоҳазаларини билдирдилар.
Йиғилиш якунида Президентимиз ташаббуслари билан амалга киритилган “Аёллар дафтари” тизими доирасида амалга оширилаётган эзгу ишлар миллионлаб опа-сингилларимиз ва уларнинг оилалари турмуш шароитларини янада яхшилаш, уларнинг ҳаётига ёруғлик ва розилик олиб киришга қаратилгани, бунинг учун барча масъуллар бор имкониятларни ишга солиши ва якдиллик билан иш олиб бориши зарурлиги таъкидланди. Бу йўлда барча мутасадди ташкилотларни халқимизни рози қилишдек улкан масъулият бирлаштириб тургани қайд этилди.
O‘zbekiston kasaba uyushmalari Federatsiyasining Farg‘ona viloyati Kengashi

Spelling error report
The following text will be sent to our editors: