Кучли касаба уюшмаси — билимли кадрлардан бошланади
Фарғона вилоятида касаба уюшмалари тизимида фаолият юритаётган тафтиш комиссиялари раислари учун ўқув-семинар ташкил этилди. Тадбир Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерациясининг Фарғона вилояти кенгаши ташаббуси билан ўтказилди.

Семинарда касаба уюшмалари маблағларидан самарали ва шаффоф фойдаланиш, молиявий интизомни мустаҳкамлаш ҳамда тизим фаолиятини янада такомиллаштириш масалалари муҳокама қилинди.
Тадбирда вилоятдаги 8 та тармоқдан 100 нафарга яқин тафтиш комиссияси раислари иштирок этиб, ўз билим ва кўникмаларини ошириш имконига эга бўлдилар. Иштирокчилар учун амалий фаолиятда муҳим аҳамиятга эга долзарб мавзулар бўйича маърузалар тақдим этилди.

Тадбир аввалида Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси Фарғона вилояти кенгаши раиси ўринбосари Аброр Отабоев сўзга чиқиб, Федерация фаолиятининг асосий йўналишлари, тизимда амалга оширилаётган ислоҳотлар ҳамда янги таҳрирдаги Уставнинг мазмун-моҳияти ҳақида маълумот берди.
Шунингдек, семинар давомида:
➡️ жамоа шартномаларида ходимлар учун имтиёзлар;
➡️ ижтимоий суғурта маблағлари ҳисобидан йўлланмалар расмийлаштириш;
➡️ касаба уюшма бюджети маблағларини тақсимлаш;
➡️ аъзолик бадалларини тақсимлаш механизми;
➡️ маблағлардан мақсадли ва самарали фойдаланиш
каби муҳим мавзулар муҳокама қилинди.

Маърузалар интерактив тарзда ташкил этилиб, савол-жавоблар орқали иштирокчиларни қизиқтирган масалаларга аниқ ва тушунарли жавоблар берилди.
Семинар якунида иштирокчилар ўртасида тест синовлари ўтказилди ва барча қатнашчиларга сертификатлар топширилди.

Мазкур ўқув-семинар касаба уюшмалари тизимида тафтиш комиссиялари фаолияти самарадорлигини ошириш, молиявий шаффофликни кучайтириш ва иш жараёнларини янада такомиллаштиришга хизмат қилди.

Spelling error report
The following text will be sent to our editors: