Касаба уюшмасига раҳмат!
Инсон қадрини улуғлаш – юртимизда яшаётган ҳар бир одамнинг ҳуқуқ ва эркинликлари, қонуний манфаатларини таъминлаш демакдир.
Ҳа, Президентимиз томонидан “Инсон қадри учун” тамойили асосида олиб борилаётган ислоҳотларни бугунги кунда барчамиз ўз ҳаётимизда сезиб турибмиз.
Фуқароларнинг ҳаётдан рози бўлиб яшашларини таъминлаш мақсадида Президентимиз ташаббуслари билан амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотлар ва амалий ишларда Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси ҳам муносиб ҳисса қўшиб келмоқда. Касаба уюшма аъзоси сифатида бу борадаги ишлардан хабардор бўлганим учун меҳнатга оид ҳуқуқларим поймол этилган вақтда ҳеч иккиланмай амалий ёрдам сўраб Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерациясининг Фарғона вилояти Кенгашига мурожаат қилдим.
Гап шундаки, “Ҳудудий электр тармоқлари” АЖнинг “Фарғона ҳудудий электр тармоқлари корхонаси”да узоқ йиллардан буён ишлаб келаман. Аммо, нафақа ёшига етишим муносабати билан жорий йилнинг 28 апрель куни тегишли буйруқ чиқарилиб, мен билан тузилган меҳнат шартномаси бекор қилинди.
Мурожаатим юзасидан Касаба уюшмалари Федерациясининг Фарғона вилояти кенгаши ҳуқуқшунослари томонидан ўрганишлар амалга оширилиб, иш берувчи билан музокаралар жараёнида меҳнат қонунчилиги талаблари бўйича тушунтиришлар берилди.
Натижада “Ҳудудий электр тармоқлари” АЖнинг “Фарғона ҳудудий электр тармоқлари корхонаси” томонидан 2023 йилнинг 1 май куни №25-сонли буйруқ чиқарилиб, Электр тармоқларини қуриш, ривожлантириш хизмати муҳандиси вазифасига қайта ишга қабул қилиндим.
Менинг мурожаатимни қонуний ҳал этгани учун Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси ва унинг Фарғона вилояти Кенгашига ўз миннатдорчилигимни билдираман.
Зокиржон Аҳмедов,
Фарғона тумани
Spelling error report
The following text will be sent to our editors: