Фарзандларини оромгоҳларга юбориш истагида бўлган ота-оналар диққатига!
ҲУРМАТЛИ ОТА-ОНАЛАР!
Фарзандларингизни вилоятимизнинг энг сўлим ва салқин гўшаларида дам олиб, ёзги таътилни мароқли ўтказишини истайсизми? У ҳолда Фарғона вилоятидаги болалар соғломлаштириш оромгоҳлари фарзандларингиз учун мунтазир.
Болаларнинг дам олишини ва соғломлаштирилишини ташкил этиш Департаменти тасарруфидаги “Олтиариқ”, “Қўқон”, “Қувасой”, “Риштон”, “Шўхай”, “Сўх”, “Товул”, “Водий гавҳари” ҳамда корхона, ташкилот ва муассасалар тасарруфидаги “Қувасой”, “Водий чақмоғи”, “Хумо”, “Кимёгар”, “Тонг” ва “Чимён” болалар оромгоҳлари болажонларни ўз бағрига чорлайди.
Оромголарда фарзандларингиз учун қулай бўлган барча шароитлар мавжуд бўлиб, вақтларини мазмумли ўтказишлари учун маънавий-маърифий тадбирлар, спортва бошқа турли тўгараклар йўлга қўйилган. Сўлим табиат, мусаффо ҳаво, мафтункор манзаралар болаларни ҳам руҳан, ҳам жисмонан чиниқишига хизмат қилади.
Мавсум давомида оромгоҳларда интеллектуал ривожлантириш, экологик-биологик ва ўлкашунослик, техник ижодкорлик, ижтимоий мослашув, тарбия ва спорт-соғломлаштириш, бадиий ижодиёт йўналишларига эътибор берган ҳолда машғулотларни ташкиллаштириш кўзда тутилган.
Оромгоҳлар ётоқхона, ошхона, тиббиёт, маиший хизмат, спорт, маданий тадбирлар жиҳозлари билан тўлиқ таъминланиб, жорий таъмирдан чиқарилди.
Оромгоҳга йўлланмалар Касаба уюшмаси аъзоларига имтиёзли равишда берилади. Шуни инобатга олиб, фарзандларини оромгоҳларга юборишни истаган ота-оналар ўзлари ишлаб келаётган корхона ва ташкилотнинг касаба уюшмаси қўмитасига ёки тармоқ касаба уюшмаларининг туман-шаҳар кенгаши ҳамда бўлимларига мурожаат қилишлари мумкин.
Жорий йилги болаларнинг дам олиш мавсумининг 1- босқичи 7 июньдан бошланади.
Ўйлаймизки, барча ота-оналар фарзандининг келажагини ҳамда таътилни мароқли ўтказишини хохлайди. Бунда, албатта, ёзги соғломлаштириш оромгоҳларининг ўрни каттадир. Шундай экан, ёз фаслини оромгоҳда ўтказганга не етсин!
Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерациясининг Фарғона вилояти кенгаши.
Spelling error report
The following text will be sent to our editors: