Welcome to   Click to listen highlighted text! Welcome to

Фуқаролар мурожаати

Касаба уюшмаларида мурожаатларни кўриб чиқиш
ТАРТИБИ
(янги таҳрирда)
I. Умумий қоидалар
II. Мурожаатларни қабул қилиш, расмийлаштириш, кўриб чиқиш тартиби ва муддатлари
III. Мурожаатлар бўйича ҳисоботларни юритиш ва уларни назорат қилиш
IV. Якуний қоидалар
I. Умумий қоидалар
1. «Касаба уюшмаларида мурожаатларни кўриб чиқиш Тартиби” (кейинги ўринларда «Тартиб” деб юритилади) Ўзбекистон Республикаси Конституцияси, «Юридик ва жисмоний шахсларнинг мурожаатлари тўғрисида”ги, «Касаба уюшмалари, уларнинг ҳуқуқлари ва фаолиятининг кафолатлари тўғрисида”ги қонуни ва бошқа қонун ҳужжатлари, Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси Уставига мувофиқ ишлаб чиқилган бўлиб, Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси тизимида Ўзбекистон Республикаси фуқаролари, чет эл фуқаролари ва фуқаролиги бўлмаган шахслар (кейинги ўринларда – «фуқаролар” деб юритилади)нинг ариза, шикоят ва таклифларини (кейинги ўринларда – «мурожаат” деб юритилади) кўриб чиқиш тартибини белгилайди.
2. Касаба уюшмалари ўз аъзоларининг меҳнат ва ижтимоий-иқтисодий ҳуқуқларини ҳамда манфаатларини ҳимоя қилишга доир ариза, шикоят ва таклифларини кўриб чиқади.
Касаба уюшмаларига аъзо бўлмаган шахсларнинг касаба уюшмалари фаолиятига доир мурожаатлари ҳам ушбу тартиб асосида кўриб чиқилади.
3. Фуқароларнинг мурожаатлари оғзаки, ёзма ёки электрон шаклда киритилиши мумкин ва улар бир хил аҳамиятга эга.
Фуқароларнинг мурожаатлари якка тартибда ёки жамоа томонидан берилиши мумкин.
4. Фуқароларнинг мурожаатлари ариза, таклиф ёки шикоят кўринишида бўлиши мумкин.
Ариза – фуқароларнинг ўз ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларини рўёбга чиқаришда ёрдам кўрсатиш тўғрисидаги илтимоси баён этилган мурожаатидир.
Таклиф – фуқароларнинг давлат ва жамият фаолиятини такомиллаштиришга доир тавсияларини ўз ичига олган мурожаатидир.
Шикоят – фуқароларнинг бузилган ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларини тиклаш тўғрисидаги талаби баён этилган мурожаатидир.
Мурожаатнинг дубликати – айни бир шахс томонидан муқаддам йўлланган мурожаатнинг нусхаси ёки унинг бир хил мазмундаги мурожаати.
Такрорий мурожаат – айни бир шахснинг муқаддам йўллаган мурожаатини кўриб чиқиш жараёни ёки қабул қилинган қарор юзасидан норозилиги ифодаланган мурожаати.
5. Касаба уюшмалари Федерацияси тизимидаги ташкилотларда фуқароларга ижтимоий-меҳнат соҳасида бепул ахборот-маълумот, юридик маслаҳат хизматини ташкил этиш мақсадида «Ишонч телефони” фаолияти жорий этилиши мумкин.
Фуқароларга «Ишонч телефони” орқали ҳуқуқий маслаҳат бериш жараёнида ушбу тартиб қоидалари татбиқ этилмайди.
«Ишонч телефони” орқали кўрсатилган маслаҳат хизмати жорий таҳлил фаолиятини олиб бориш мақсадида алоҳида дафтарда қайд этилади (3-илова).
6. Ёзма шаклдаги мурожаатда фуқаронинг фамилияси (исми, отасининг исми), яшаш ёки иш жойи тўғрисидаги маълумотлар кўрсатилган, ариза, таклиф ёки шикоятнинг моҳияти баён этилган ва мурожаат этувчининг имзоси бўлиши лозим. Мурожаатга шахсий имзо қўйиш имкони бўлмаган тақдирда, бу мурожаатлар уни ёзиб берган шахснинг имзоси билан тасдиқланиб, унинг фамилияси, исми, отасининг исми ҳам ёзиб қўйилади.
Электрон (интернет тармоғи орқали келиб тушган) мурожаатларда электрон рақамли имзо, электрон ҳужжатни жўнатувчи шахснинг фамилияси, исми, отасининг исми, электрон ҳужжатни жўнатувчининг почта ва электрон манзили, ҳужжат яратилган сана кўрсатилиши лозим.
Электрон шаклда йўлланган мурожаатларга электрон шаклда берилган жавоблар ёзма шаклда берилган жавобга тенглаштирилади.
7. Фуқаронинг фамилияси (исми, отасининг исми), яшаш жойи тўғрисидаги, маълумотлар кўрсатилмаган ёки у ҳақда сохта маълумотлар кўрсатилган, шунингдек имзо қўйилмаган мурожаатлар аноним деб ҳисобланади ва кўриб чиқилмайди.
8. Касаба уюшмаларида фуқароларни касаба уюшмаси органи раҳбари (раис ёки раис ўринбосари) томонидан қабул қилиш жадвал асосида, тегишли мутахассислар томонидан қабул қилиш эса иш вақти давомида махсус ажратилган хонада ташкил этилади.
Қабул жадвали касаба уюшмаси ташкилоти жойлашган бинонинг фуқаролар учун кўринарли қисми ва расмий веб-саҳифасида жойлаштирилади.
9. Фуқаро оғзаки мурожаат этаётганда ўз шахсини тасдиқловчи ҳужжат кўрсатиши керак. Фуқарони қабул қилиш, агар унинг бир неча бор қилган мурожаати асоссиз, қонунга хилоф хусусиятда бўлса ёки унинг мурожаати бўйича қарор қабул қилиб бўлинган бўлса, рад этилиши мумкин.
II. Мурожаатларни расмийлаштириш, кўриб чиқиш тартиби ва муддатлари
10. Мурожаатлар тегишлича «Ёзма мурожаатларни қайд этиш дафтари”
(1-илова) ва «Қабуллар (оғзаки мурожаатлар)ни қайд этиш дафтари” (2-илова)да рўйхатга олинади. Дафтарлар ва мурожаатларга доир ҳужжатлар жилдлари бевосита касаба уюшмаси органи раҳбари ёки юридик хизматида сақланади. Бу ҳақда ходимнинг хизмат (функционал) вазифаларида белгиланади.
Касаба уюшмаси органида айни бир шаклдаги мурожаатлар бўйича бир нечта рўйхатга олиш дафтарлари юритилишига йўл қўйилмайди.
11. «Ёзма мурожаатларни қайд этиш дафтари”ни юритишга бевосита касаба уюшмаси органи раҳбари ёки юридик хизмат ходими масъул.
Қабулларни «Қабуллар (оғзаки мурожаатлар)ни қайд этиш дафтари”да рўйхатга олиш фуқарони бевосита қабул қилаётган шахс томонидан олдиндан амалга оширилади.
12. Электрон мурожаатларни кўриб чиқишда ёзма мурожаатларга нисбатан белгиланган қоидалар татбиқ этилиб, улар «Ёзма мурожаатларни қайд этиш дафтари”да рўйхатга олинади.
13. Ёзма мурожаатлар келиб тушган вақтдан бошлаб 1 кун ичида рўйхатга олинади.
Бунда мурожаат (ёки мурожаат йўлланаётган алоқа хати)нинг биринчи бети юқори ёки пастки бурчагига рўйхатга олиш штампи босилади ва унга мурожаатни рўйхатга олиш рақами ҳамда санаси қайд этилади.
Мурожаатлар «номенклатура бўйича мурожаат индекси/рўйхатга олиш дафтаридаги тартиб рақами-йил” шаклида қайд рақами берилади (мисол: 11/89-2014).
14. Такрорий мурожаатлар «Ёзма мурожаатларини рўйхатга олиш дафтари”га навбатдаги рақам билан рўйхатга олиниб, биринчи келиб тушган мурожаат бўйича юритилган ҳужжатлар жилдига қўшилади ва бу ҳақида дафтарга тегишли белги киритилади.
Дубликат мурожаатлар тегишли дафтарнинг янги сатрида муқаддам юборилган мурожаатнинг қайд рақами билан қайта рўйхатга олинади ва мурожаат бўйича юритилган ҳужжатлар жилдига қўшилади.
15. Ёзма мурожаат рўйхатга олинган куни танишиб чиқиш ва хизмат вазифаларидан келиб чиққан ҳолда ижрочига топшириқлар бериш учун касаба уюшмаси органи раҳбари (раис, раис ўринбосари)га тақдим этилади ва раҳбарнинг ёзма кўрсатмаси олинади.
16. Ўрганишни талаб этадиган ҳолатлар ифодаланган оғзаки мурожаатлар бўйича масъул ҳодим томонидан касаба уюшмаси органи раҳбарига мурожаатнинг моҳияти баён этилган ёзма билдирги киритилади ва раҳбарнинг ёзма кўрсатмаси олинади.
17. Кўриб чиқиш касаба уюшмалари ваколати доирасига кирмайдиган масалалар ифодаланган мурожаатларнинг асли ва илова ҳужжатлар, келиб тушган кундан бошлаб узоғи билан беш кун ичида ваколатли органга юборилади ва бу ҳақда муаллифга хабар қилинади.
Юборилган мурожаат нусхаси тегишли ҳужжатлар йиғма жилдига тикиб борилади.
18. Мурожаатларни кўриб чиқиш учун бошқа давлат органларига асоссиз равишда бериш, қарори ёхуд ҳаракати устидан шикоят қилинаётган ташкилот ёки шахсларнинг ўзига жўнатиш ман этилади.
Агар мурожаатда уларни тегишли ташкилотларга жўнатиш учун зарур маълумотлар бўлмаса, бу мурожаатлар худди шу муддат мобайнида асослантирилган тушунтириш билан муаллифнинг ўзига қайтарилади.
19. Таклифлар тушган кундан эътиборан бир ойгача бўлган муддат ичида кўриб чиқилади, қўшимча ўрганишни талаб этадиган таклифлар бундан мустасно ва бу ҳақда таклиф киритган шахсга ўн кунлик муддат ичида маълум қилинади.
Ариза ёки шикоятлар келиб тушган кундан эътиборан бир ойгача бўлган муддат ичида, қўшимча ўрганишни талаб этмайдиган ариза ёки шикоятлар эса ўн беш кундан кечиктирмай кўриб чиқилади.
Ариза ёки шикоятни кўриб чиқиш учун ўрганиш, қўшимча материаллар талаб қилиб олиш ёки бошқа чора-тадбирлар кўриш зарур бўлган алоҳида ҳолларда, ариза ёки шикоятни кўриб чиқиш муддати тегишли касаба уюшмаси органи раҳбари томонидан истисно тариқасида узоғи билан бир ойга узайтирилиши мумкин ва бу ҳақда ариза ёки шикоят берган шахс, мурожаат назоратга олинган ҳолларда эса юқори турувчи касаба уюшмаси органига маълум қилинади.
Мурожаатнинг мазмуни ва моҳиятидан келиб чиққан ҳолда юқори турувчи касаба уюшмаси органи мазкур тартибда белгиланган муддатдан қисқароқ муддат белгилашга ҳақли.
20. Ариза ёки шикоятни кўриб чиқиш учун ҳужжатларни ўрганиш, қўшимча материаллар талаб қилиб олиш ёки бошқа чора-тадбирлар кўриш зарур бўлган ҳолларда, мурожаат келиб тушган кундан бошлаб узоғи билан уч иш куни ичида тегишли ҳужжатларни тақдим этишни сўраб тегишли шахсларга сўровнома киритилади.
21.Мурожаатни кўриб чиққан масъул ходим томонидан ўрганиш маълумотномаси тузилади ва имзоланади. Маълумотномада:
– ўрганиш маълумотномасида мурожаат келиб тушган сана;
– мурожаатнинг мазмуни;
– мурожаатда кўрсатилган масалалар муқаддам якка меҳнат низолари комиссияси ёки суд томонидан кўриб чиқилганлиги;
– қайд этилган масалаларга ҳуқуқий (қонун ва локал ҳужжатлар нормалари билан асосланган) баҳо;
– амалга оширилиши лозим бўлган ҳаракатлар юзасидан хулоса;
– маълумотнома тузилган сана кўрсатилади.
Мурожаатни кўриб чиқиш жараёнида тўпланган ҳужжатлар ва ўрганиш маълумотномаси қарор қабул қилиш учун касаба уюшмаси органи раҳбарига тақдим этилади.
22. Мурожаатлар кўриб чиқиш натижаларига кўра қаноатлантирилиши, тушунтириш берилиши, рад этилиши ёки кўрмай қолдирилиши мумкин.
23. Мурожаатини кўриб чиқиш натижалари ва қабул қилинган қарорнинг моҳияти ҳақида муаллифга ёзма шаклда хабар қилинади.
Жамоа номидан йўлланган мурожаатларга жавоб мурожаатда исми шаърифи биринчи кўрсатилган шахс (манзил)га юборилади.
Жавоб хати мурожаатни кўриб чиққан орган раҳбари томонидан имзоланади.
24. Муаллифга йўлланган жавоб хатида қабул қилинган қарордан норози бўлган тақдирда, қарор устидан шикоят бериш ҳуқуқи ва тартиби тушунтирилиши шарт.
Мурожаатни кўриб чиқиш жараёнида фуқароларнинг ҳуқуқ ва қонуний манфаатлари бузилганлиги аниқланган тақдирда, касаба уюшмаси органи ваколати доирасида мазкур қонун бузилиши ҳолатини бартараф этишнинг амалий чораларини кўриши шарт.
Ўрганиш жараёнида аниқланган қонун бузилиши ҳолатларини баратараф этиш мақсадида иш берувчи билан музокара ўтказиши, қонун бузилишини баратараф этиш талаби билан иш берувчига тақдимнома ёки судга (даъво ёки буйруқ тартибида) ариза киритиши лозим.
25. Мурожаатни кўриб чиқиш жараёнида тўпланган ҳужжатлар тегишли «Ҳужжатлар жилди” (4-илова)да қуйидаги кетма-кетликда, рақамланган ҳолда тикилади:
– Тўпланган ҳужжатлар рўйхати (номи ва бети);
– Ариза (билдирги) ва илова ҳужжатлар;
– Сўровнома;
– Ўрганиш жараёнида тўпланган ҳужжатлар (хронологик кетма-кетликда);
– Ўрганиш маълумотномаси;
– Кўрилган чоралар (тақдимнома ва судга ариза);
– Жавоб хати
26. Мурожаатлар, агар амалдаги қонун ҳужжатларида уларни кўриб чиқишнинг бошқача тартиби ва муддатлари белгиланган бўлса, қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда кўриб чиқилади.
III. Мурожаатлар бўйича ҳисобдорлик ва назорат
27. Мурожаатлар юзасидан ҳисоботлар касаба уюшмаларининг ҳудудий бирлашмалари ва Республика кенгашлари томонидан чорак, ярим йил, тўққиз ой ва йил якунига кўра (ўсиб борувчи тартибда), ҳар чоракдан кейинги ойнинг 3-санасига қадар Федерация Кенгашига тақдим этилади (5, 6-иловалар).
Ҳисобот юритиш жараёнида:
– касаба уюшмаларининг Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар бирлашмалари Бирлашма кенгаши аппарати томонидан;
– Агросаноат мажмуи, Давлат муассасалари ва жамоат хизмати, Истеъмол товарлари ишлаб чиқариш, савдо ва хизмат кўрсатиш, Соғлиқни сақлаш ва фармацевтика ҳамда Таълим, фан ва маданият ходимлари касаба уюшмаси Республика кенгашлари ҳудудлардаги туман ва шаҳар кенгашлари (бирлашган касаба уюшма қўмиталари), шунингдек Республика кенгаши аппарати томонидан;
– Авиация, Алоқа, Нефт-газ ва геология, Кимё, Темирйўлчилар ва транспорт қурувчилари, Транспорт, йўл ва капитал қурилиш, қурилиш индустрияси, Металлургия ва машинасозлик саноати тармоқлари, Энергетика соҳаси ходимлари касаба уюшмаси Республика кенгашлари ҳамда Олмалиқ кон-металлургия комбинати ходимлари касаба уюшмаси кенгаши таркибига кирувчи тузилмалар ва бевосита кенгаш аппарати томонидан кўриб чиқилган мурожаатларни умумлаштиради.
28. Фуқароларнинг мурожаатларини кўриб чиқиш бўйича амалга оширилган ишлар йил якунларига кўра Касаба уюшмаларининг ҳудудий ва Республика кенгашларининг юридик хизмати томонидан умумлаштирилади ва таҳлилий маълумотнома Федерация Кенгашига тақдим этилади.
29. Касаба уюшмалари ҳудудий бирлашмалари ва Республика кенгашлари кўриб чиқилган мурожаатларни ярим йил ва йил якунига кўра умумлаштириш натижалари юзасидан тегишли ҳудуд ва тармоқ кесимида Давлат ҳокимияти ва бошқарув органларига таҳлилий маълумотлар киритиб боради.
30. Ҳисобот ва статистик маълумотларни ўз вақтида умумлаштириш ва тақдим этиш, шунингек, ҳаққонийлиги учун касаба уюшмалари органлар раҳбарлари ва юридик хизмат ходимлари шахсан масъулдирлар.
IV. Якуний қоидалар
31. Мазкур тартибга риоя этилиши устидан назорат юқори турувчи касаба уюшмаси органи томонидан амалга оширилади.
32. Мазкур тартиб талабларига риоя этмаслик қонунда белгиланган жавобгарликка сабаб бўлади.
Print Friendly, PDF & Email

Spelling error report

The following text will be sent to our editors:

Click to listen highlighted text!