Ўқув ҳар томонлама фойдали бўлди
Маданият, спорт ва туризм ходимлари касаба уюшмаси Фарғона вилояти бирлашган қўмитаси томонидан Қўқон шаҳридаги 7-болалар мусиқа ва санъат мактабида тармоқ тасарруфидаги бошланғич ташкилот етакчилари учун “Меҳнат соҳасида ижтимоий шериклик асослари” мавзусида ўқув-семинар ташкил этилди.
Ушбу ўқув-семинарда Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерациясининг Фарғона вилоят кенгаши меҳнат ҳуқуқ инспектори Ферузахон Абдуллажонова янги таҳрирдаги меҳнат кодексидаги ўзгаришлар ҳақида йиғилганларга батафсил тушунтириш бериб ўтди.
Шунингдек, кенгаш меҳнат техник инспектори Мансуржон Хатамовнинг “Меҳнат муҳофазаси — хавфсиз меҳнат қилиш гарови”, Маданият, спорт ва туризм ходимлари касаба уюшмаси Фарғона вилояти бирлашган қўмитаси раиси Манзурахон Акрамованинг “Жамоа шартномаси ижтимоий шерикликнинг асоси” мавзулардаги маърузалари етакчилар учун фойдали бўлди.
Семинар давомида фуқаролик жавобгарлигини мажбурий суғурта қилиш тизими билан иш берувчиларни тўлиқ қамраб олиш, йўлланмалар олиш тартиби, жамоа шартномалари орқали меҳнаткашларнинг ижтимоий-иқтисодий манфаатларини ҳимоя қилиш каби масалаларга ҳам тўхталиб ўтилди.
— Ташкил этилган ушбу ўқув-семинар биз етакчилар учун ҳар томонлама фойдали бўлди. Иш фаолиятимизда кўп учрайдиган масалалар бўйича маърузачилардан кўплаб маълумотларга эга бўлдик, — дейди Бувайда тумани спорт мактаби касаба уюшма қўмитаси раиси Муножатхон Алимова.
Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерациясининг Фарғона вилояти кенгаши.
Spelling error report
The following text will be sent to our editors: