САФИМИЗ БУГУНДАН ЯНАДА КЕНГАЙДИ
Транспорт, йўл ва капитал қурилиш, қурилиш индустрияси ходимлари касаба уюшмаси Фарғона вилояти кенгаши тасарруфида 211 та корхона бўлиб, унда 12 минг 637 нафар касаба уюшма аъзоси меҳнат қилади.
Уларни ҳар жиҳатдан қўллаб-қувватлаш, ҳар қандай вазиятда ҳам уларга елкадош бўлиш, мурожаатларига тез ва ижобий ечим топиш биринчи галдаги вазифамизга киради.
Бугунги иш куним аъзоларнинг мурожаатини ўрганишдан бошланди. Фурқат туман йўллардан фойдаланиш корхонасида механик ёрдамчиси бўлиб ишлаб келаётган Баҳодиржон Қодиров иш берувчи уни қонунга зид равишда ишдан бўшатаётганидан норози бўлиб, мурожаат қилди. Ўзаро суҳбатлашиб билдимки, иш берувчи уни меҳнат қонунчилигига зид равишда ишдан бўшатаётгани аён бўлди. Дархол корхона раҳбари билан боғландим. Иш берувчига меҳнат қонунчилиги, ходимни қонунга зид ҳолда ишда бўшатаётганини бирма-бир асослаб тушунтириб бердим. Иш берувчи ходимини ғайриқонуний ишдан бўшатаётганини тушунди ва масалани ижобий ҳал қилишини айтди. Кўп ўтмай, мурожаатчи Баҳодиржон Қодиров телефон қилиб, иш берувчи ишдан бўшаш тўғрисидаги буйруғни бекор қилгани ва иш жойига қайтганини билдирди. Иш тез ва ижобий ҳал бўлгани, ходим яна ўз ишини давом эттираётганидан кўнглим тоғдек кўтарилди.
Шу куни қурилиш ташкилотларида меҳнат қилаётган қурувчилар ўртасида касаба уюшмага аъзоликнинг афзалликларини тарғиб қилиш ва уларни касаба уюшма ҳимоясига олиш бўйича ишларни режалаштирган эдик. Очиғини айтганда, қурилиш ташкилотларининг аксариятида касаба уюшма тузилмаган. Табиийки, у ерда меҳнат қилаётган қурувчиларнинг ижтимоий ҳимояси ҳам кафолатланмаган.
Йўлга чиқишга тараддудланган пайтимизда эшик тақиллаб, сафимиздаги аъзолардан бири кириб келди. Салом-аликдан сўнг вилоят қурилиш соҳасида ҳудудий назорат инспекцияси инспектори Мансуржон Набиев саломатлигини мустаҳкамлаб келиш учун “Чимён” сиҳатгоҳига йўлланма сўраб келганини айтди.
Мансур ака фидойи ишчилардан. 20 йиллик иш тажрибаси ҳамкасбларига ўрнак бўлиб келган. Қолаверса, бу йил пенсия ёшига тўлади. Тезда керакли ҳужжатларни тайёрлаб, Мансур акага “Чимён” сиҳатгоҳига йўлланма ажратилди.
Иродахон Казимова 13 йилдан бери бухгалтер бўлиб ишлаб келади. У ҳам шу куни саломатлигини тиклаш учун йўлланма сўраб келди. Унинг мурожаати бўйича “Оқтош” санаторийсига йўлланма берилди.
Режалаштирган ишимизга кўра, тушдан сўнг Фарғона шаҳридаги “Янги Ўзбекистон” массивида бўлдик. Бу ерда бунёдкорлик ишларини амалга ошираётган қурилиш ташкилотларида касаба уюшма қўмитасини тузиш ва қурувчи усталар ўртасида касаба уюшмага аъзоликнинг афзалликларини тушунтирдик. Тарғибот натижасида “Камолхонов Жаҳон” МЧЖ, “Марғилон бинокор таъмир қурилиш” МЧЖ, “Хўжаликлараро ихтисослашган кўчма механизациялашган калона” МЧЖ, “Фарғона пласт плюс сервис” МЧЖларда касаба уюшмалари тузилиб, 540 нафар қурувчи усталар касаба уюшма ҳимоясига олинди.
Очиғи бугунги кунимиз, анча сермаҳсул бўлди. Асосийси, мурожаат қилган аъзоларнинг иши битмасдан қолмади. Қолаверса, тарғибот натижасида бугундан сафимиз янада кенгайди. Уста-қурувчиларнинг ўзилари ҳам касаба уюшмага аъзо бўлганликларидан мамнун эканликларини яшириб ўтиришмади. Ахир улар ҳам вақтида дам олишга, муносиб шароитда меҳнат қилишга, сиҳатгоҳларда дам олишга ҳақлилар. Қуёш тоғлар ортига беркинган маҳал, биз ҳам қурувчилар билан ҳайрлашиб, ортга қайтдик.
Бугунги куним мана шундай ишлар билан ўз якунига етди. Ўзимнинг ҳам бир кунлик иш кунимдан кўнглим тўлди.
Зоҳиджон Қодиров,
Транспорт, йўл ва капитал қурилиш, қурилиш индустрияси ходимлари касаба уюшмаси Фарғона вилояти кенгаши раиси.
Spelling error report
The following text will be sent to our editors: