ТАЪЛИМ ХОДИМЛАРИ БЕЛЛАШДИ
11 ноябрь — Ўзбекистон касаба уюшмалари куни муносабати билан тармоқ касаба уюшмаси томонидан таълим тизимида меҳнат қилаётган ишчи-ходимлар ўртасида спорт мусобақаси ташкил этилди.
“Аҳмад Ал-Фарғоний дам олиш уйи”да ўтказилган мазкур мусобақада 100 дан ортиқ таълим ходимлари иштирок этиб, спортнинг стол тенниси, шашка, дартс турлари бўйича ўзаро куч синашдилар.
Тадбир аввалида сўз олган Ўзбекистон таълим ва фан ходимлари касаба уюшмаси Республика кенгашининг Фарғона вилояти бўйича масъул ташкилотчиси Лолахон Аҳмедова барчани касаба уюшмалари куни билан табриклаб, иштирокчиларга муваффақият тилади. Шунингдек, мусобақанинг ўтказишдан мақсад ходимлар ўртасида соғлом турмуш тарзини қарор топтириш ва спорт мусобақалари орқали ходимларнинг саломатликларини мустаҳкамлашдан иборат эканлигини таъкидлаб ўтди.
— Бугунги спорт мусобақаси жудаям қизиқарли кечди, — дейди стол тенниси бўйича аёллар ўртасида ўтказилган мусобақада 1-ўринни қўлга киритган Мамлакатхон Худойқулова. — Бу ерда ҳам мусобақалашдик, ҳам ҳамкасбларимиз билан таълим соҳасида бўлаётган янгиликлар ҳақида фикрлашдик. Истардимки, мана шундай спорт мусобақалари тез-тез ўтказилиб турса.
— Аввало, мана шундай ажойиб спорт мусобақасини ташкил этган ташкилотчиларга миннатдорчилик билдирмоқчиман. Чунки, саломатлик инсон учун бебаҳо неъмат ҳисобланади. Шахсан ўзим спорт билан мунтазам шуғулланаман. Шу боис бўлса керак, ушбу мусобақада спортнинг дартс йўналишида ғолибликни қўлга киритдим, – дейди Нозима Акобирова.
Қизғин кечган мусобақада ғолиблар аниқланиб, уларга тармоқ касаба уюшмасининг эсдалик совғалари топширилди. Энг асосийси, байрам муносабати билан ўтказилган мусобақада ҳеч бир иштирокчи қуруқ қўл билан қайтмади. Уларга ҳам қимматбаҳо совғалар туҳфа этилди.
Янграган дилтортар куй-қўшиқлар спортсеварларни даврага чорлади.
Spelling error report
The following text will be sent to our editors: