Пахта теримида мажбурий меҳнатга йўл қўйилмайди
Айни пайтда Ўзбекистон Республикасида Болалар меҳнати ва мажбурий меҳнатдан фойдаланмаслик бўйича Миллий мониторинг гуруҳининг Фарғона вилоятига бириктирилган ишчи гуруҳи пахта далаларида бўлиб, пахта терими давомида мажбурий меҳнатга йўл қўймаслик ҳамда теримчиларга яратилган шароитлар билан яқиндан танишмоқдалар.
Ишчи гуруҳ вакиллари ҳудудлардаги фермер хўжаликларида бўлиб, пахта йиғим-терими жараёни, теримчилар учун муносиб меҳнат ва дам олиш шароитлари, санитария-гигиена талабларига риоя этилиши, пахта далаларида меҳнат қилаётган теримчиларга хавфсиз меҳнат шароити яратилганлиги, шунингдек, теримчилар билан мажбурий меҳнат, терим пулларини ўз вақтида тўланаётганлиги яратилган шароитлар хусусида суҳбатлар ўтказилмоқада.
Ўзбекистон туманидаги “Ўткир Рашид Зиё” фермер хўжалиги айни пайтда 100 нафар теримчи пахта термоқда. Теримчиларга яратилган шароитдан кўнгил тўлади. Тушлик пайтида теримчиларга иссиқ овқат берилмоқда. Энг асосийси, ҳар бир теримчи билан ихтиёрий равишда пахта йиғим теримида қатнашиш ҳақида меҳнат шартномаси тузилган. Терим пуллари теримчиларнинг истакларига қараб тўланмоқда.
— Пахта йиғим-терими олдидан фермер хўжалиги раҳбари билан теримда қатнашиш учун меҳнат шартномаси туздим, — дейди Ўлханой Бердиқулова. — Терган пахтамнинг ҳар бир килоси учун 1500 сўмдан ҳақ оляпман. Кунига 120-130 кг.гача пахта тераман. Ҳисоблаб кўрсам, шу кунгача 3 тоннадан ортиқ пахта терибман. Бир сўз билан айтганда пахта териб кам бўлганим йўқ. Меҳнатим эвазига оиламга даромад кириб келмоқда.
— Кунига 100 кг. дан кам пахта термайман, — дейди ёши 70 га кирган Лобархон ая Пирматова. — Терим пулларимизни ўз вақтида олиб, рўзғоримизни бут қиляпмиз. Тушлик маҳалда бепул иссиқ овқат берилади. Дам олиш учун салқин жойлар ҳозирланган. Қолаверса, рағбат сифатида озиқ-овқат маҳсулотлари ва қимматбаҳо совғалар беришябди. Умуман олганда, биз теримчиларга яратилган шароит ва қулайликлардан мамнунмиз.
— Теримчилар ихтиёрий равишда пахта термоқда. Уларнинг ҳар бири билан меҳнат шартномаси тузилган, — дейди “Ўткир Рашид Зиё” фермер хўжалиги раҳбари Акрамжон Сиддиқов. — Пахта пулларини теримчиларнинг ихтиёрига қараб, кунлик десалар кунлик, уз кунлик десалар уч кунлик қилиб тўлаб беряпмиз. Илғор теримчиларга пахта пулларидан ташқари алоҳида совғалар бериб, рағбатлантиряпмиз.
— Биринчи навбатда, теримчиларга яратилган шароитлар, меҳнат шартномаси тузилганлиги, пахта пулини ўз вақтида тўланиши каби масалаларни ўрганиб, теримчиларга меҳнат ҳуқуқлари тушунтирилмоқда, — дейди ҳудудий ишчи гуруҳ раҳбари Рустамжон Мирходжаев. — Қувонарлиси, бирорта пахта даласида болалар меҳнатига, мажбурий меҳнат ҳолатларига дуч келмадик. Теримчиларга муносиб иш шароитлари яратилган. Ким билан суҳбатлашмайлик, пахта пулларини ўз вақтида тўланаётганлиги айтишмоқда. Асосийси, одамлар пахта теримга ихтиёрий равишда фермер хўжалиги раҳбари билан шартнома тузиб, теримда иштирок этмоқда.
Ишчи гуруҳининг вилоят туманлари бўйлаб ўрганишлари давом этмоқда.
Мансуржон Ҳатамов,
Болалар меҳнати ва мажбурий меҳнатдан фойдаланмаслик бўйича Миллий мониторинг гуруҳи аъзоси.
Spelling error report
The following text will be sent to our editors: