Давлат хизматлари агентлигида жамоа шартномаси ижроси бўйича умумий йиғилиш (конференция) бўлиб ўтди
Бир қарашда касаба уюшмалари оилани эслатади. Аниқроқ айтганда, муайян ташкилотда фаолият олиб бораётган ҳодимларнинг бир жамоа сифатида шаклланишида касаба уюшмаси бошланғич ташкилотларининг ўрни беқиёс.
Куни кеча ДХА Фарғона вилоят бошқармаси бошланғич касаба уюшмасининг жамоа шартномаси бажарилишининг якунларига бағишланган умумий йиғилиши бўлиб ўтди. Унда Давлат хизматлари марказлари ва ФҲДЁ бўлимлари ходимлари иштирок этди. Бошқарма бошланғич касаба уюшмаси раиси йил давомида амалга оширилган ишлар, янгиликлар,таклифлар хусусида тўхталди. Иш берувчи сифатида бошқарма бошлиғи Р.К.Бойқўзиеванинг хисоботи эшитилди.
Бугунги кунда мамлакатимизда барча соҳаларда ижобий ўзгаришлар, ислоҳотлар амалга оширияпти. Ушбу ислоҳотларнинг туб моҳияти, авввало, инсон ва унинг манфаатлари энг олий қадрият, дея эътироф этилмоқда. Бу борада давлат ташкилотлари, муассасалар ва корхона ташкилотларида меҳнат қилаётган ишчи-ходимлар, хизматчиларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилишда касаба уюшмаларининг ўрни алоҳида, десак муболаға бўлмайди.
Давлат хизматлари агентлиги Фарғона вилоят бошқармасида ҳам 2018 йил июль ойида бошқарма ва унинг ҳудудларидаги ишчи-ходимларининг ижтимоий-иқтисодий ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш мақсадида Бошланғич касаба уюшмаси ташкил этилди ҳамда Ўзбекистон давлат муассасалари ва жамоат хизмати ходимлари касаба уюшмаси Фарғона шаҳар кенгаши таркибига киритилди.
Ўтган давр мобайнида бошланғич касаба уюшмаси қўмитаси ва Иш берувчи томонидан ишчи-ҳодимларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш, уларга муносиб меҳнат шароитларини яратиш, бўш вақтларини мазмунли ташкил этиш, маданий хордиқ олишлари ва турли байрам тадбирларини нишонлашлари учун муносиб шароитлар яратилди.
Бугунги кунга келиб Давлат хизматлари агентлиги Фарғона вилоят бошқармаси бошланғич касаба уюшмасига 395 нафар ишчи-ходимлар аъзо. Шулардан 157 нафари аёллар, 78 нафари эса ёшлар, яъни 30 ёшгача бўлган ходимлар ҳисобланади.
Айтиш мумкинки, ўтган йилги ва айни кунлардаги қийин ва мураккаб пандемия шароитида бошқарма томонидан ходимларнинг ижтимоий-иқтисодий манфаатларини ҳимоя қилиш борасида талайгина ижобий ишлар амалга оширилди. Жумладан, ҳисобот йилида жамоа шартномаси иш берувчи билан ҳодимлар ўртасидаги меҳнатга оид, ижтимоий-иқтисодий ва касбга оид муносабатларни тартибга солувчи маҳаллий норматив ҳужжат вазифасини бажариб келди. Меҳнат қонунларида, шартномаларида ҳамда ички тартиб қоидаларида кўрсатилган ҳафталик иш соатидан ошмаган ҳолда 5 кунлик иш куни асосида ташкил қилинди. Йил давомида иш ҳақлари, ҳар чоракда, бундан ташқари, байрам кунлари барча ходимларга қўшимча маблағлар ҳамда мукофот пуллар ўз вақтида тўлаб борилди. Энг асосийси, пандемия шароитида ва хозирги кунга қадар ойлик иш ҳақлари масалаларида ходимлардан биронта шикоят ва аризалар келиб тушмади.
Ходимлар ва уларнинг оила аъзолари ўртасида соғлом турмуш тарзини тарғиб қилиш мақсадида жисмоний тарбия ва спорт билан шуғулланиш учун моддий ва бошқа шароитлар яратиб берилди ҳамда меҳнат жамоасида ишлаб чиқариш гимнастикаси жорий этилди. Ходимлар ўртасида спартакиадалар ва спорт турлари бўйича мусобақалар уюштирилди.
2021 йил Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Миромонович Мирзиёев томонидан “Ёшларни қўллаб-қувватлаш ва аҳоли саломатлигини мустаҳкамлаш йили” деб эълон қилиниши муносабати билан ҳодимлар саломатлигини яхшилаш мақсадида ҳафтанинг икки куни давомида ходимларни сузиш ҳавзаларида ҳамда икки куни мини-футбол билан шуғулланишларига шароитлар яратилди.
Ўтган йили бутун дунёда содир бўлган пандемия шароитида ходимларни масофадан туриб ишлашига шароитлар яратилди. Шунингдек, вирусдан ҳимоялаш мақсадида барча ходимларга антисептиклар, ниқоблар, тиббий қўлқоплар ва тана ҳароратини ўлчовчи воситалар (тепловизер) билан таъминланди.
Ўтган 2020 йил эпидемиологик вазият яъни пандемия сабабли турли байрам тадбирлари кўзда тутилган режага нисбатан камроқ ўтказилди. Спорт мусобақалари эса икки маротаба ташкилланди. Жумладан, Мустақиллик куни байрам дастури, Қурбон ҳайити муносабати билан кам таъминланган оилалар ҳолидан хабар олиш, бошқарма ва туман, шаҳар марказларидаги ишчи-ходимлар ўртасида спортнинг мини футбол тури бўйича мусобақалар бошқарма раҳбарияти билан ҳамкорликда юқори савияда ташкил этилди.
Бу борада 2020 йилда эса 10 дан зиёд тадбирлар, жумладан, Наврўз байрам дастури, Хотира ва қадрлаш куни ҳамда Рамазон ҳайити муносабати билан Фарғона шаҳридаги ёлғиз кексалар ва кам таъминланган оилалар ҳолидан ҳабар олинди, пандемия шароитида 76 нафар эхтиёжманд ишчи ходимларимизга озиқ-овқат маҳсулотлари етказиб берилди, Янги йил байрами муносабати билан барча ишчи ходимларимизга янги йил совғалари тарқатилди.
2020 йилда 7 нафар касаба уюшмаси аъзоларига моддий ёрдам, 22 нафар тажрибали, фаол меҳнат жамоасида юксак ҳурматга эга ишчи-ходимларга рағбатлантирувчи моддий-маънавий мукофотлар берилди.
Йил давомида 5 нафар ишчи-ходимлар касаба уюшмаси қўмитаси ҳисобидан Республикамиздаги 4 та санаторийларга йўлланмалар билан таъминланди.
Ҳисобот даврида касаба уюшмаси қўмитасига ва меҳнат муносабатларига оид низоларни кўриб чиқиш комиссиясига 5 та турли масалаларга оид оғзаки мурожаатлар келиб тушди. Мазкур мурожаатларнинг барчаси ишчи-ходимлар фойдасига ҳал этилиб, ўз вақтида қаноатлантирилди.
Конференцияда ишчи ходимларнинг меҳнат муносабатларига оид таклифлари ва фикр мулоҳазалари эшитилди. Тадбир якунида кун тартибидаги муҳокама этилган масалалар юзасидан тегишли қарорлар қабул қилинди.
Б.АЗИМОВ
Ўзбекистон давлат муассасалари
ва жамоат хизмати ходимлари касаба уюшмаси
Фарғона шаҳар кенгаши раиси
Spelling error report
The following text will be sent to our editors: