ТОЖИКИСТОНЛИК 50 НАФАР ЁШЛАР ФАРҒОНАНИНГ СЎЛИМ ГЎШАСИДА ДАМ ОЛИШМОҚДА
Барчамизга маълумки, сўнгги етти йилда ўзбек-тожик халқлари ўртасида сув ресурсларидан оқилона фойдаланиш, энергетика соҳасини ривожлантириш, транспорт-логистика салоҳиятини ошириш бўйича ўзаро манфаатли ҳамкорликни кенгайтиришга алоҳида эътибор қаратилмоқда.
Бу жорий йил 4 август куни Президентимиз Шавкат Мирзиёев иштирок этган Туркманистонда ўтказилган Ашхобод саммитида ҳам алоҳида этироф этилди. Албатта, Тожикистон билан яқин ҳамкорликдаги ислоҳотлар чегарадош ҳудудларга ҳам анчагина қулайлик яратмоқда. Биргина Фарғонанинг Тожикистон билан чегарадош ҳудуди ҳисобланган Бешариқ туманида ҳам кейинги йилларда икки миллат ўртасидаги борди-келди анча ривожланди, қуда-андачилик ришталари янада мустаҳкамланди.
Бугун ана шу ислоҳотлар натижаси туфайли Бешариқ тумани ҳокими Расулжон Жўраев ҳамда Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерациясининг Фарғона вилояти кенгаши раиси Эркинжон Нуралиевнинг ташаббуси билан Тожикистон Республикасининг Бешариқ тумани билан чегарадош Конибодом шаҳридан 50 нафар ёшлар ҳамда 10 нафар фахрийлар Фарғона вилоятида саломатликларини тиклашлари учун вилоятнинг табиати барҳаво, сўлим гўшасига олиб келинди.
Конибодом шаҳар ҳукумати раиси Абдусалом Тўхтасинзода бошчилигидаги делегация аъзолари Бешариқ туманидаги “Андархон” чегара-божхона постида ўзбекона лутф ила карнай-сурнай садолари остида нон-туз билан кутиб олинди.
50 нафар ёшлар Бешариқ туманидаги Болаларнинг дам олишини ва соғломлаштирилишини ташкил этиш департаменти тасарруфидаги “Товул” болалар оромгоҳига жойлаштирилди. Ушбу оромгоҳда икки миллат болалари учун “Дўстлик оромгоҳи” ташкил этилди. Уларнинг бу ерда мароқли ҳордиқ чиқаришлари учун барча шарт-шароитлар муҳайё этилди. Маънавий-маърифий тадбирлар, спорт ўйинлари ва вилоятнинг диққатга сазовор жойларига саёҳат уюштириш режалари ишлаб чиқилди. Болажонлар ўзбек тенгдошлари билан тез тил топишиб, дўст тутинишди. Биргаликда шашка ва стол тенниси ўйнашга киришишди.
Тожикистонлик меҳнат фахрийлари эса тумандаги “Олтин кўл” сиҳатгоҳига жойлашиб, соя-салқин ва табиати мусаффо жойга келганликларидан йўл чарчоғи ҳам бир зумда эсдан чиққанига шукроналар келтиришди.
Эслатиб ўтамиз, тожикистонлик меҳмонлар 12 кун давомида Фарғонада мароқли ҳордиқ чиқарадилар. Шунингдек, улар водий гавҳари Фарғона вилоят яқиндан таништирилади, вилоятдаги тарихий обидалар, музей ва диққатга сазовор жойларга саёхатлар уюштирилади. Бу ҳам ўзбек-тожик халқларининг аҳил-иноқлигидан далолатдир.
Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерациясининг Фарғона вилояти Кенгаши.
Spelling error report
The following text will be sent to our editors: