ФАРҒОНАЛИК АЁЛЛАРНИНГ ТОШКЕНТГА САЁҲАТИ УЮШТИРИЛДИ
Мамлакатимизда барча фуқароларни, жумладан, хотин-қизларни ҳаётдан рози қилиш борасида улкан ислоҳотлар олиб борилмоқда. Аёлларнинг тақдири, бугуни ва келажаги учун давлат сиёсати даражасида юксак эътибор кўрсатилмоқда. Бугун опа-сингилларимиз қалбида жўш ураётган шукроналик ва юртдан, Юртбошидан миннатдорлик ҳисси аёлларни ҳар бир соҳада юксак натижаларга эришишга руҳлантирмоқда.
Биргина “Аёллар дафтари” тизими орқали минглаб, миллионлаб оилаларга шукроналик кириб бормоқда. Бу ишларда Ўзбекистон касаба уюшмалари ҳам муҳим ўрин тутмоқда.
Куни-кеча Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси Фарғона вилояти кенгаши ташаббуси билан вилоят маҳаллаларидаги хотин-қизлар фаоллари ҳамда «Оқила аёллар» ҳаракати аъзоларининг 50 нафарининг Тошкент шаҳрига саёҳати уюштирилди.
Саёҳатчилар 2 кун давомида пойтахтимиздаги диққатга сазовор жойлар, хусусан, «Ғалаба боғи» ёдгорлик мажмуаси, «Magic City» кўнгилочар боғи, «Tashkent City» ҳамда «Янги Ўзбекистон» боғи каби кўплаб объектлар билан танишиб, улкан таассуротлар билан оилаларига, меҳнат жамоаларига қайтишди.
– Таассуротларимиз бисёр. Пойтахтни мазза қилиб айландик. Саёҳат жуда мароқли бўлгани боис куннинг иссиқлигини ҳам билмадик. Саёҳат давомида руҳиятимиз, кайфиятимиз кўтарилди. Шундай чиройли онларни ҳадя этгани учун ташкилотчиларга катта раҳмат, – дейди Фарғона шаҳридан борган саёҳатчи Арофатхон Мақсудова.
Spelling error report
The following text will be sent to our editors: