Мудофаа ишлари бўлимидан ишдан бўшатилган ходим ўз вазифасига ишга тикланди
Г.Ибрагимова қарийб 13 йилдан буён Фарғона тумани мудофаа ишлари бўлимида номахфий иш юритувчиси лавозимида фаолият юритиб келади.
Фарғона тумани мудофаа ишлари бўлимининг 2021 йил 15 декабрдаги 100-сонли буйруғига асосан у билан тузилган меҳнат шартномаси Ўзбекистон Республикаси Меҳнат кодексининг 100-моддаси 2-қисми 2-бандига ходимнинг малакаси етарли бўлмаганлиги ёки соғлиғи ҳолатига кўра бажараётган ишига нолойиқ бўлиб қолганини асос қилиниб, иш берувчининг ташаббусига кўра бекор қилинади.
Фуқаро Г.Ибрагимова ишга тикланишни сўраб аввалига Фарғона тумани Аҳоли бандлигига кўмаклашиш марказига мурожаат қилган. Аҳоли бандлигига кўмаклашиш маркази томонидан берилган жавоб хатида иш берувчиси томонидан унинг меҳнат шартномасини бекор қилиш тўғрисидаги буйруғи тўғри расмийлаштирилганлиги, унинг меҳнатга оид ҳуқуқлари бузилмаганлиги маълум қилинади.
Шундан сўнг, фуқаро Г.Ибрагимова Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерациясининг Фарғона вилояти Кенгашига бузилган меҳнатга оид ҳуқуқларини тиклаб беришда амалий ёрдам сўраб ариза билан мурожаат қилади.
Фуқаронинг аризаси белгиланган муддатда жамоатчилик асосида ўрганиб чиқилиб, унинг меҳнат шартномасини бекор қилинишида иш берувчи Фарғона тумани мудофаа ишлари бўлими томонидан Меҳнат кодексининг 101-моддаси талаблари қўпол равишда бузилганлиги аниқланди.
Шундан сўнг Фуқаролик ишлари бўйича Фарғона туманлараро судида фуқаро Г.Ибрагимовани ишга тиклаш, мажбурий прогул ва маънавий зарарни ундириш тўғрисида даъво аризаси киритилди.
Жорий йил 22 ноябрь куни Фуқаролик ишлари бўйича Фарғона туманлараро судининг ҳал қилув қарорига асосан фуқаро Г.Ибрагимова Фарғона тумани мудофаа ишлари бўлими номахфий иш юритувчиси лавозимига ишга тикланиб, мажбурий прогул даври ҳамда маънавий зарар учун 23 млн сўмдан зиёд маблағ ундириб беришга эришилди.
М.Усмонов,
Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерациясининг Фарғона вилояти Кенгаши Жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатлари билан ишлаш бўйича бош мутахассиси.
Spelling error report
The following text will be sent to our editors: