Ходим тиббий кўрик учун чиқимдор бўлмайди
Ташкилот, корхона, муассасаларда ишлаётган ходимлар вақти-вақти билан тиббий кўрикдан ўтиш чоғида чиқимдор бўлмаслиги Меҳнат кодекси, «Меҳнатни муҳофаза қилиш тўғрисида»ги қонун ва бошқа ҳужжатларда белгилаб қўйилган бўлса-да, айрим ташкилот раҳбарлари бунга панжа орасидан қараётганлари бор гап.
Худди шундай ҳолат Фарғона вилояти фтизиатрия пульмонология марказида кузатилди. Унда 93 нафар тиббиёт ходими тиббий кўрик вақтида чиқимдор бўлиб қолган.
Мазкур ҳолат Соғлиқни сақлаш ходимлари касаба уюшмаси Республика кенгашининг Фарғона вилояти бўйича меҳнат инспекторлари томонидан ўрганиб чиқилди. Ўрганишлар давомида аниқланган камчиликлар юзасидан марказ директори номига кўрсатма хати киритилди.
Натижада марказнинг тегишли буйруғи чиқарилиб, 93 нафар ходимнинг тиббий кўрик учун сарфлаган жами 4 миллион 128 минг сўм миқдордаги ҳақлари нақд пул кўринишида қайтариб берилди.
Иш берувчи, доим ёдда тутинг: тиббий кўрик учун ходим чиқимдор бўлмаслиги керак. Бу қонунчиликда мустаҳкамлаб қўйилган.
Равшанжон ФОЗИЛОВ,
Соғлиқни сақлаш ходимлари касаба уюшмаси Республика кенгашининг Фарғона вилояти бўйича меҳнат инспектори.
Spelling error report
The following text will be sent to our editors: