Давлат хизматчиси замонавий билимларни эгаллаган, таҳлил ва тафаккури етук, фидойи шахс бўлиши лозим
Президентимиз раҳбарлигида барча соҳа ва тармоқлар қатори давлат хизмати соҳасида ҳам катта ўзгаришлар амалга оширилмоқда. Яъни кадрлар танлашнинг шаффоф ва адолатли тизимини яратиш, ёшларни раҳбарлик лавозимларга тайёрлаб бориш, давлат хизматчиларининг узлуксиз малака ошириб бориши каби йўналишларда туб ислоҳотлар олиб борилаётгани мамлакатимизда давлат фуқаролик хизмати, хусусан, давлат хизматлари кўрсатиш сифатини ошириб, аҳолининг давлат идораларига бўлган ишончини оширишга хизмат қилмоқда.
Давлат бошқаруви соҳасида демократик ислоҳотларни янада чуқурлаштириш мақсадида жорий йил 8 август куни “Давлат фуқаролик хизмати тўғрисида”ги Қонуни қабул қилинди.
Мазкур Қонунда давлат фуқаролик хизматчиларининг ҳуқуқий мақоми аниқ белгиланиб, Давлат фуқаролик хизмати лавозимида ўз фаолиятини амалга ошираётган Ўзбекистон Республикаси фуқароси давлат фуқаролик хизматчиси эканлиги кўрсатиб ўтилди. Шунингдек, қонун нормаларида давлат фуқаролик хизмати давлат реестрига киритиладиган лавозимларда фаолият юритаётган давлат хизматчиларига нисбатан татбиқ этилиши назарда тутилмоқда. Давлат фуқаролик хизмати лавозимларининг давлат реестри Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан тасдиқланади.
Қонунда Давлат фуқаролик хизматчиларининг асосий принциплари қаторига “Халққа хизмат қилиш” ва “Давлат органларининг ва мансабдор шахсларнинг жамият ҳамда фуқаролар олдида масъуллиги” принципларининг киритилишини алоҳида эътироф этиш ўринлидир. Боиси бу инсон қадри улуғланган юртимизда барча ислоҳотлар инсон ва унинг манфаатларига хизмат қилаётгани, “Халқимиз давлат идораларига эмас, давлат идоралари халқимизга хизмат қилиши керак”, деган тамойил жамият ҳаётида ўз аксини топаётганининг ёрқин ифодасидир.
Буни давлат хизматчиларининг Ватанга садоқат ва хизмат вазифасига фидойилик, давлат ва жамият манфаатларига содиқлик, адолатлилик, ҳалоллик ва холислик, коррупциявий ҳолатларга муросасиз муносабатда бўлиш ва қарши курашиш, ҳалолликни кундалик шиорга айлантириш, хушмуомалалик, эътиборлилик ва ҳушёрлик билан фуқароларда давлатга нисбатан ишонч ва ҳурмат ҳиссини уйғотиш каби принциплар асосида амалга ошириш шартлиги белгиланган Одоб-ахлоқ қоидаларининг қабул қилинишида ҳам кўриш мумкин.
Шунингдек, қонунда манфаатлар тўқнашуви нормаси ҳам акс эттирилган. Ушбу нормада, манфаатлар тўқнашуви юзага келган тақдирда, давлат фуқаролик хизматчиси ўзининг раҳбарига ёки юқори турувчи давлат органига дарҳол ёзма шаклда хабар қилиши кераклиги ва манфаатлар тўқнашуви мавжудлиги тўғрисида маълумотлар олган давлат органининг раҳбари эса ушбу тўқнашувни бартараф этиш юзасидан ўз вақтида чоралар кўриши шартлиги белгилаб қўйилди.
Қонунда Давлат фуқаролик хизматчисининг ҳуқуқлари, мажбуриятлари билан биргаликда унинг жавобгарлиги ҳам алоҳида нормада белгиланган. 14-моддага асосан, Давлат фуқаролик хизматчисининг қонунга хилоф ҳаракатлари (ҳаракатсизлиги) туфайли жисмоний ёки юридик шахсларга етказилган зарарнинг ўрни давлат органи томонидан қопланиши ва ушбу зарар кейинчалик айбдор бўлган давлат фуқаролик хизматчисидан ундириб олиниши кўрсатилган.
Давлат хизматига киришнинг агентлик томонидан йўлга қўйилган очиқ мустақил танлов механизмлари орқали меритократия тамойили амалда ишлай бошлади. Ушбу янгича танлов тартиботлари соҳада таниш-билишчилик ва турли коррупциоген омилларнинг олдини олади.
Эндиликда давлат органларига кимнингдир тавсияси ёки субъектив фикри эмас, балки барча учун тенг ва очиқ бўлган, инсон омили максимал камайтирилган, талабгорнинг малакаси ва касбий компетенцияларининг соғлом рақобатини таъминлайдиган “vacancy.argos.uz” электрон портали орқали энг муносиб номзодлар танлаб олинмоқда.
Шу билан бирга, давлат фуқаролик лавозимлари “сиёсий”, “бошқарув” ва “ёрдамчи” гуруҳларга ажратилиб, уларнинг ҳуқуқий мақоми, лавозимга тайинлаш ва хизматни ўташ тартиби ҳамда Давлат фуқаролик хизматига кириш, уни ўташ ва тугатиш асослари белгиланмоқда.
Унга мувофиқ, давлат фуқаролик хизматига танлов асосида ишга қабул қилиниши, давлат фуқаролик хизматчиларининг фаолияти энг муҳим самарадорлик кўрсаткичлари (KPI) асосида баҳоланиши, давлат фуқаролик хизматчисининг узлуксиз малакасини ошириш тизими жорий этилиши, давлат фуқаролик хизматчиларига эгаллаб турган лавозимига кўра малака даражалари берилиши, раҳбарлик лавозимларини малакали кадрлар билан тўлдириш мақсадида миллий кадрлар захираси шакллантирилиши, давлат фуқаролик хизматини тугатишга меҳнат тўғрисидаги қонунчиликда меҳнат шартномасини бекор қилиш билан боғлиқ, давлат хизматчисининг Ўзбекистон фуқаролигини йўқотиши, коррупцияга оид ҳуқуқбузарлик содир этиши каби ҳолатлар асос бўлиши назарда тутилмоқда.
Бир сўз билан айтганда, давлат хизматчиси ўз устида мунтазам ишлайдиган, касбий ва замонавий билимларни пухта эгаллаган, таҳлил ва тафаккур қилиши, муаммоларни ҳал этишда янгича фикрлар билан ёндашиш қобилиятларига эга бўлган етук ва фидойи шахс бщлиши лозим.
Орзигул Қозихонова,
Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерациясининг Фарғона вилояти кенгаши раиси ўринбосари.
Spelling error report
The following text will be sent to our editors: