Мавсум кўнгилдагидек ўтади
Қувасой шаҳридаги “Ниҳол” болалар оромгоҳида 2022 йилнинг 27 май куни жорий йилги ёзги соғломлаштириш мавсумини намунали ўтказишга бағишланган ўқув-семинар ташкил этилди.
Анжуманда вилоят мувофиқлаштирувчи гуруҳ аъзолари, оромгоҳ раҳбарлари, бош тарбиячилар, етакчилар, тўгарак раҳбарлари, спорт мураббийлари, ҳисобчилар, ошпазлар, оромгоҳда фаолият юритадиган тиббиёт ходимлари иштирок этдилар.
Қайд этиш жоизки, Фарғона вилоятида 2022 йил ёз мавсумида 17 та стационар оромгоҳларда 11 минг нафар болаларни дам олдириш ва соғломлаштирилиши режалаштирилган.
Семинарда асосий масала оромгоҳларда хавфсизлик чораларини кўриш, дам олувчи ўғил-қизларни мазмунли дам олишларини ташкил этиш, малакали тиббий хизмат кўрсатиш, озиқ-овқат маҳсулотлари сифатини назорат қилиш, шунингдек, болажонларнинг сузиш ҳавзаларида чўмилиши фақат сузиш инспекторлари назорати остида амалга оширилиши лозимлиги қайд этилди.
— Жорий мавсумда 1 минг 200 нафар ўғил-қизни қабул қиламиз, —дейди “Кимёгар” болалар оромгоҳи раҳбари Саодатхон Мўминова. — Болажонларнинг мазмунли дам олиши учун барча шарт-шароитлар яратилган. Ошхона, ётоқхона, сузиш ҳавзаси таъмирдан чиқарилди. Энг асосийси, малакали педагог ходимларни ишга жалб қилганмиз.
— Ўтган йилги танқидлардан тўғри хулоса чиқарган ҳолда, мавсумга тайёргарлик ишларини анча эрта бошладик, — дейди Олтиариқ туманидаги “Юлдуз” болалар оромгоҳи раҳбари Баҳодир Холмирзаев. — Оромгоҳга салкам 2 км. масофадан ичимлик суви тортиб келдик. Душлар бутунлай янгиланди. Оромгоҳ ҳудудидаги ички йўлларни таъмирланди. Умуман олганда, мавсумни кўнгилдагидек ўтказиш учун барча зарур чораларни кўрдик. Ишончим комилки, болажонлар “Юлдуз”да эсда қоларли ҳордиқ чиқаришади. Семинар иши шўъбаларга бўлинган ҳолда давом этди.
Spelling error report
The following text will be sent to our editors: