Ҳунар ўрганиб, ҳаётим ўзгарди
Фурқат туманида хотин-қизлар муаммоларини ўрганиш ва ҳал қилиш бўйича ўтказилган хатлов якунларига кўра, 3 минг 557 нафар хотин-қиз тоифалар бўйича «Аёллар дафтари»га олинган бўлиб, ҳозирда уларга амалий ёрдам кўрсатиш ишлари давом этмоқда.
Шу кунгача дафтарга киритилган, тадбиркорлик билан шуғулланиш, касб-ҳунарга ўқиш истагидаги аёлларнинг 205 нафари махсус ўқув курсларда ўқитилди. Ўқув курсларини тамомлаган, тадбиркорлик фаолиятини йўлга қўймоқчи бўлган хотин-қизларга имтиёзли кредитлар асосида 112 нафар аёлга тикув машинаси берилди.
Ижтимоий ёрдамга муҳтож I ва II гуруҳ ногиронлиги бўлган, боқувчиси йўқ, қарамоғида ногирон фарзанди бор, тиббий ёрдамга муҳтожлиги сабабли «Аёллар дафтари»га киритилган 272 нафар хотин-қизга 326,4 млн. сўм моддий ёрдам пуллари тақдим этилди.
– Ишсизлигим боис «Аёллар дафтари»га киритилган эдим, – дейди Барнохон Эшонқулова. – Шундан сўнг мени тикувчилик ҳунарини ўрганишим учун махсус ўқув курсига таклиф этишди. У ерда малакали тикувчилардан ҳунар ўргандим. Ҳаётим буткул ўзгарди. Мана ҳозир мустақил равишда тикиш-бичиш ишлари билан машғулман.
Айни пайтда касб-ҳунарга ўқитилган 205 нафар хотин-қизга тижорат банклари томонидан тикувчилик, асаларичилик, паррандачилик, қандолатчилик каби йўналишларда имтиёзли кредитлар ажратиш ишлари амалга оширилмоқда.
Spelling error report
The following text will be sent to our editors: