ҚЎШТЕПАДА КООПЕРАЦИЯ ТИЗИМИ ОРҚАЛИ ДЎППИЧИЛИК РИВОЖЛАНМОҚДА
Қўштепа тумани Сой бўйи маҳалла фуқаролар йиғинида истиқомат қилувчи Отикахон Ҳакимова ушбу маҳаллада хотин-қизлар фаоли вазифасида ишлайди. Бу фидойи инсон маҳалла юмушларидан ортиб, 2021 йилда “Ҳунарманд Руҳшонабегим” дўппичилик йўналишида кооперацияга ҳам асос солди.
– Дўппидўзликни раҳматли бувам Обидахон аядан ўрганганман. Ёшлигимизда дўппи тикишарди, биз ёш бола эдик, ёнларида ҳали ип, ҳали игна олиб бериб ва яна бошқа юмушларни бажариб, ушбу ҳунарни ўрганганман. Кейинги йилларда фуқаролар бандлигини таъминлашда кооперация тизими жорий қилинди. Мен ҳам ҳеч иккиланмай, дўппичилик йўналишида кооперация ташкил этдим. Дастлаб қўшни аёлларни, кейинчалик ўзим маҳаллада ишлаганим боис моддий тарафдан қийналган аёлларни бунга жалб этдим. Ҳозирда 152 нафар хотин-қизлар билан фаолиятимизни олиб бормоқдамиз, – дейди Отикахон Ҳакимова.
Тадбиркорнинг айтишича 152 нафар ишчилардан 42 нафари Сой бўйи маҳалласидаги “Аёллар дафтари”га киритилган хотин-қизларни ташкил этади. Ҳозирда дўппичилик туман бўйича оммалашмоқда. “Ҳунарманд Руҳшонабегим” дўппичилик йўналишидаги кооперацияда туманнинг Соҳибкор, Қийқи, Катта бешкапа, Нурафшон каби маҳаллаларидаги ишсиз хотин-қизлар ҳам иш олиб бормоқда.
– Маҳалламизда аёллар, асосан, “Оқпар”, “Атиргул” ва “Наврўз” нусха дўппи тикадилар. Ишимиз яхши, дўппининг харидори ҳар доим йўлда. Маҳаллаларда уйда ўтирадиган хотин-қизларнинг қарийб етмиш фоизи касаначилик билан шуғулланади, – дея суҳбатимизни давом эттиради Отикахон Ҳакимова.
Ҳа, кези келганида айтиш керакки, Давлатимиз раҳбарининг 2021 йил 5 августдаги “Маҳаллаларда тадбиркорликни янада қўллаб-қувватлаш ва тадбиркорлик субъектлари билан аҳоли ўртасида кооперацияни ривожлантиришнинг қўшимча чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори ижроси юзасидан Фарғона вилоятида янги иш ўринлари яратиш ҳамда жойларда кооперацияни ривожлантириш орқали аҳоли бандлигини таъминлаш, уларнинг доимий даромад манбаига эга бўлишида қатор ижобий ишлар амалга оширилмоқда.
Кооперация усулида иш ташкил қилиб, аҳолининг ижтимоий ҳимояга муҳтож қисми, шунингдек, дафтарлар рўйхатида турганлар ва хотин-қизлар бандлигини таъминлаш орқали уларнинг даромад манбаига эга бўлишига фақат тадбиркорлик субъектларигина эмас, шу билан бирга, республика касаба уюшмалари федерацияси ҳам салмоқли ҳисса қўшмоқда.
Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерациясидан Фарғона вилоятига Кооперация усулида тадбиркорлик фаолиятини йўлга қўйиш бўйича бириктирилган вакил Давлат муассасалари ва жамоат хизмати ходимлари касаба уюшмаси республика кенгаши раиси ўринбосари Абдуғаффор Салихов ҳамда Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерациясидан Фарғона вилояти кенгаши раиси Эркинжон Нуралиевлар туман-шаҳарларда тадбиркорлик қилиш истагида бўлган юртдошларимиз билан мунтазам равишда учрашиб, суҳбатлашиб, кооперациянинг афзаллик тарафларини тушунтирмоқдалар.
Бир сўз билан айтганда, кооперация тизимининг жорий этилиши аҳолининг ишсиз қатламини ишли бўлиши, ҳунарини рўёбга чиқариши, энг асосийси, дароматга эга бўлишга хизмат қилмоқда.
Шоҳсултон Тўхтаматов,
журналист.
Spelling error report
The following text will be sent to our editors: