Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси раиси Қудратилла Рафиқов Сўх туманида бўлди
2022 йилнинг 7 апрель куни Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси раиси Қудратилла Рафиқов вилоят ҳокими Хайрулло Бозоров билан бирга Сўх туманида бўлиб, туманда барпо этилаётган янги ижтимоий объектлар ва амалга оширилаётган лойиҳаларни кўздан кечирди, аҳоли билан мулоқот қилди. Қудратилла Рафиқовга Оила ва хотин-қизлар давлат қўмитаси раисининг биринчи ўринбосари Озода Парпибаева ҳамроҳлик қилди.Меҳмонлар дастлаб туманнинг Истиқлол маҳалласи ҳудудида 4,9 гектар майдонда барпо этилаётган, лойиҳа қиймати 29 миллиард сўм бўлган замонавий болалар оромгоҳи қурилиш ишлари билан танишишди. Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси раиси жорий йил 1 июнгача фойдаланишга топширилиши режалаштирилаётган оромгоҳни йил давомида доимий фаолият олиб борувчи масканга айлантириш, дам олиш билан бирга соғломлаштириш жараёнларини ҳам ташкил этиш бўйича тавсияларини берди. Қудратилла Рафиқов бу ерда маҳалла оқсоқоллари билан суҳбатлашди. Нуронийлар учун замонавий сиҳатгоҳ ҳам барпо этишга киришилаётгани қайд этилиб, келгуси йилга бу маскан ҳам фойдаланишга топширилиши маълум қилинди.Қудратилла Рафиқов туманнинг “Жавпая” массивида ўзлаштирилаётган майдонларда иссиқхоналар қурилиши жараёнларини бориб кўрди, ҳудуддан ер майдони олган фуқаролар ҳамда ҳокимнинг маҳалладаги ёрдамчилари билан мулоқот қилди. Қисқа муддатда ўнлаб 10 сотихли иссиқхоналарда қурилиш ишлари якунланиб, лимон кўчатлари ўтқазилгани, ораларига помидор, бодринг, қалампир ва карам экинлари экилгани меҳмонлар эътиборини тортди.Туман маданият марказида тумандаги 27 та МФЙ раислари, маҳаллалардаги ҳоким ёрдамчилари, ёшлар етакчилари ҳамда фаолиятини бошлаган хотин-қизлар фаоллари, шунингдек жамоатчилик вакиллари билан учрашув бўлиб ўтди. Самимий мулоқот шаклида ўтган учрашувда очиқ танловлар асосида ишга қабул қилинган 27 нафар хотин-қизлар фаолларига Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси томонидан ноутбуклар совға қилинди. Қудратилла Рафиқов ўтган йилдан буён Касаба уюшмалари куни муносабати билан турли соҳа вакиллари ўртасида ўтказилаётган республика танловида Сўх тумани учун алоҳида номинация жорий қилинишини маълум қилди. МФЙ раислари, маҳаллалардаги ҳоким ёрдамчилари, ёшлар етакчилари ҳамда хотин-қизлар фаоллари орасида йил давомида энг яхши натижага эришган 3 нафари автомобиллар билан мукофотланиши, биринчи ўрин учун Ласетти, иккинчи ўрин учун – Кобальт, учинчи ўрин учун Спарк автомобили тақдим этилиши белгиланди. Вилоят ҳокимининг таклифи билан бу махсус номинацияда Риштон туманининг Чўнғара ва Фарғона туманининг Шоҳимардон, Ёрдон маҳаллалари вакиллари ҳам баҳоланиши маъқулланди.
Spelling error report
The following text will be sent to our editors: