ЯНГИ ЎЗБЕКИСТОНДА ЭЛ АЗИЗ, ИНСОН АЗИЗ!
Энг улуғ, энг азиз… Бу иборалар фақат биргина шодиёнага нисбатан айтилади, яъни мустақиллик, истиқлол тантанасига. Дарҳақиқат, инсонга эркин ва озодликдан-да улуғ, буюк ва суюк туҳфа бормикан?! Асло йўқ, албатта! Она Ватанимиз – Ўзбекистон бундан 31 йил муқаддам ана шундай буюк неъмат – мустақилликка эришди. Яратганга минг шукурки, бугун унинг яна бир қутлуғ ёшини тантана қилмоқдамиз
Бу йилги Истиқлол байрамининг «Янги Ўзбекистонда эл азиз, инсон азиз!” ғояси остида нишонланаётгани қалбимизга юксак ғурур ва ифтихор бағишлайди.
Буюк ва бебаҳо неъмат – мустақилликнинг миллий тараққиётимиз, бугунги ва келгуси авлодлар тақдири, келажаги учун беқиёс аҳамияти йиллар ўтиши билан тобора ортиб бормоқда. Ўзбекистоннинг давлат мустақиллиги халқимизнинг миллий манфаатларини, тинч ва осуда ҳаётини таъминлаш, мамлакатимизнинг халқаро миқёсдаги обрў-эътиборини юксалтиришнинг мустаҳкам пойдевори бўлиб келмоқда.
Ўтган давр ичида Ўзбекистон ўзининг мустақил тараққиёт йўлини белгилаб олди ва бугун у юксалиш пиллапояларидан дадил одимлаб бораётир. Шундай азиз юртга гўзал байрамлар ярашади. Эзгуликларга, ғурур ва шонга, бахту саодатга, шодлик ва ифтихорга йўғрилган муқаддас байрамимиз – Истиқлолимизнинг 31 йиллиги пешвоз чиқмоқда!
Муҳтарам Юртбошимизнинг «Халқимизнинг улуғвор қудрати жўш урган ҳозирги замонда Ўзбекистонда янги бир уйғониш – Учинчи Ренессанс даврига пойдевор яратилмоқда, десак, айни ҳақиқат бўлади. Чунки бугунги Ўзбекистон – кечаги Ўзбекистон эмас. Бугунги халқимиз ҳам кечаги халқ эмас”, деган пурмаъно сўзлари ҳамиша барчамизни янги-янги марралар сари илҳомлантирмоқда.
Юртимизда олиб борилаётган барча ислоҳотларнинг таг замирида аввало инсон манфаати ва уни ҳаётдан рози қилишдек улуғвор ишлар турибди. Шу маънода бугунги кунда Бош қомусимизга киритилаётган ўзгартиш ва қўшимчаларда ҳам, инсонларни ҳаётдан рози яшаши, унинг қадр-қиммати улуғлилига алоҳида эътибор қаратилаётгани ва бу жараёнларда фуқароларнинг якдилликда иштирок этиб, ўз таклиф ва муносабатларини билдираётгани юртдошларимиз ҳам ислоҳотларга бефарқ эмаслигидан далолат бермоқда.
Айниқса, Янги Ўзбекистон шароитида ҳар бир кунимиз яхши бир янгилик, қувонч ва ширин ташвишлар билан бошланмоқда. Куни-кеча Ўзбекистон шахматчиларининг Ҳиндистонда 188 та давлат жамоалари иштирокида ўтган 44-Бутунжаҳон шахмат олимпиадасида ғолибликка эришгани барчамизга чексиз ифтихор бағишлади. Бу муваффақият халқимизнинг интеллектуал салоҳияти не чоғли баландлигини дунёга яна бир карра намойиш этгани ва Истиқлол байрамига муносиб туҳфа бўлгани барча юртдошларимизга фахр-ифтихор бағишлади. Бу ҳам инсон қадри улуғ бўлган юртимизда спорт соҳасида амалга оширилаётган ислоҳотларнинг самарасидир.
Бир сўз билан айтганда, истиклолнинг хар йили фукароларнинг ҳуқуқ ва эркинликлари таъминлаш, жамият ва давлат манфаатларини ҳимоя қилиш, қонун устуворлигига эришиш борасида улкан ислоҳотлар амалга оширилган йил сифатида тарих зарварақларидан жой олмокда. Шонли 31 йиллигимиз ҳам катта зафар марралари, улкан ислоҳотларнинг бой чўзиши билан тарихимиздан муҳим ўрин эгаллажак!
Аброр ОТАБОЕВ,
Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерациясининг Фарғона вилояти Кенгаши Раисининг ёшлар масалалари бўйича маслаҳатчиси,
“Ўзбекистон белгиси” кўкрак нишони соҳиби.
Spelling error report
The following text will be sent to our editors: