Адолат қарор топишида касаба уюшмаларининг ўрни катта бўлди
Феруза Ҳайдарова қарамоғида 3 нафар фарзанди билан яшайди. Боқувчиси йўқ. У 2007 йилдан буён Фарғона нефтни қайта ишлаш заводида турли вазифаларда фаолият юритиб келади. 2021 йил 1 июлдан ФНҚИЗ МЧЖ ҳузуридаги “RSMU NEFT” унитар корхонасида Меҳнатни ташкиллаш ва иш ҳақи бўлимига меҳнатни тайёрлаш бўйича етакчи мухандис вазифасига ишга ўтади.
Бироқ иш берувчининг 2022 йил 29 июндаги тегишли буйруғи билан Ф.Ҳайдарова билан тузилган меҳнат шартномаси бекор қилинади. Бундан норози бўлган фуқаро Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерациясининг Фарғона вилояти Кенгашига меҳнатга оид бузилган ҳуқуқларини тиклашда амалий ёрдам сўраб мурожаат қилади.
Мурожаат мутахассислар томонидан қонуний ўрганиб чиқилади ҳамда иш Фуқаролик ишлари бўйича Фарғона туманлараро судига оширилади. Жорий йил 10 ноябрь куни ўтказилган суднинг ҳал қилув қарорига асосан ФНҚИЗ МЧЖ ҳузуридаги “RSMU NEFT” унитар корхонасининг Ф.Ҳайдарова билан меҳнат шартномасини бекор қилиш тўғрисидаги буйруғи ғайриқонуний деб топилиб, бекор қилинди.
Шунингдек, Ф.Ҳайдарова ФНҚИЗ МЧЖ ҳузуридаги “RSMU NEFT” унитар корхонасига Меҳнатни ташкиллаш ва иш ҳақи бўлимига меҳнатни тайёрлаш бўйича етакчи мухандис вазифасига ишга қайта тикланиб, унга ташкилот томонидан 7 млн.сўм маънавий зарар пули ундирилди.
– Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерациясининг Фарғона вилояти Кенгаши ходимларига раҳмат. Уларнинг бевосита ёрдами ва кўмаги билан ўз ишимга қайта тикландим. Адолат қарор топишида касаба уюшмаларининг ўрни катта бўлди, – дейди Феруза Ҳайдарова биз билан суҳбатда.
Шоҳсултон Тўхтаматов,
журналист.
Spelling error report
The following text will be sent to our editors: