ЯНГИ ТАҲРИРДАГИ МЕҲНАТ КОДЕКСИ – ИШ САМАРАДОРЛИГИДА ЯНГИ БОСҚИЧ
Ўзбекистон Республикасининг 28 октябр 2022 йил кунги ЎРҚ-798-сонли Қонуни билан Янги таҳрирдаги Меҳнат кодекси тасдиқланди. Ушбу янги таҳрирдаги Меҳнат кодекси 6 ой ўтгач кучга киради. Аввалги Кодексдан тубдан фарқ қиладиган мазкур ҳужжатда меҳнат бозоридаги барча иштирокчиларнинг ҳуқуқ ва мажбуриятлари акс эттирилган.
Хусусан, ходимнинг шахсга доир маълумотлари тўғрисида янги нормалар киритилмоқда. Унга мувофиқ меҳнатга оид муносабатлар сабабли иш берувчига тақдим этилган, ходимнинг, шунингдек, унинг оила аъзоларининг ҳаётидаги фактлар, воқеалар ва ҳолатлар тўғрисидаги ахборот ходимнинг шахсга доир маълумоти деб топилади.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2019 йил 30 октябрдаги “Ягона миллий меҳнат тизими” идоралараро дастурий-аппарат комплексини жорий қилиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги ПҚ–4502-сон қарорига мувофиқ меҳнат шартномасини тузиш ва бекор қилиш, шунингдек, унга ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш қонунчиликда белгиланган тартибда “Ягона миллий меҳнат тизими” идоралараро дастурий-аппарат комплексида рўйхатдан ўтказилиши шартлиги сабабли ходимнинг шахсга доир маълумотларини ҳимоя қилиш таъминланади.
Шунингдек, амалдаги Меҳнат кодексига асосан, йиллик асосий таътил муддати ўн беш иш кунини ташкил этади. Янги тартибга биноан, йиллик асосий меҳнат таътили давомийлигининг энг кам муддати йигирма бир календар кун этиб белгиланди ва халқаро стандартга мувофиқлаштирилди. Зеро, Халқаро Меҳнат Ташкилотининг «Ҳақ тўланадиган таътил тўғрисида»ги 1970 йилги конвенцияси 3-моддасида белгиланишича «бир йиллик иш учун бериладиган таътил миқдори ҳар қандай ҳолатда уч иш ҳафтасидан кам бўлмаслиги керак».
Янги таҳрирдаги Меҳнат кодексига асосан эндиликда дам олиш куни байрам кунига тўғри келган тақдирда, кейинги иш кунига кўчирилади. Янги Меҳнат кодексига асосан, тўққизта ишланмайдиган байрам кунлари мавжуд. Дейлик, 1сентябрь – Мустақиллик куни дам олиш куни, яъни шанба ёки якшанбага тўғри келиб қолди. Бунда қоидага асосан, шанба ёки якшанбада назарда тутилган дам олиш куни 2 сентябрга сурилади. Қайд этиш жоизки, бундай тартиб илгари мавжуд бўлмаган.
Бир сўз билан айтганда, янги таҳрирдаги Меҳнат кодекси иш самарадорлигини янада оширишда катта ўрин тутади.
Ф.Абдуллажонова,
Ўзбекистон Касаба уюшмалари Федерацияси Фарғона вилоят кенгаши меҳнат ҳуқуқ инспектори.
Spelling error report
The following text will be sent to our editors: