Янги марралар сари дадил одимлашга ўз ҳиссамизни қўшайлик!
Бугун ёшлар қалбида Янги Ренессанс сари дадил одимлаб бораётган Янги Ўзбекистонга муносиб бўлиш, уларда мамлакатда амалга оширилаётган ислоҳотларга дахлдорлик ҳиссини шакллантириш вазифаси устувор аҳамият касб этмоқда.
Янги жамиятнинг навқирон авлоди нафақат пухта билимли, юксак салоҳиятли, балки ўз тақдирини мамлакат тақдири билан чамбарчас боғлаб, ижтимоий фаолликни муносиб намоён эта олиши шунчалар муҳим.
Шуни алоҳида таъкидлаш ўринлики, Президентимизнинг «Янги Ўзбекистон стратегияси» асари мамлакатимизда Учинчи Ренессанс пойдеворини барпо этиш борасида амалга оширилаётган туб ўзгаришлар ва ислоҳотларнинг мақсади, мазмун-моҳияти ҳамда устувор йўналишлари, миллий тараққиётимизнинг истиқболлари ҳақидаги муҳим манбадир. Мазкур китоб халқимизнинг Янги уйғониш даври асосларини яратиш билан боғлиқ эзгу орзу-интилишлари, уларни амалга ошириш борасидаги энг муҳим вазифаларни атрофлича таҳлил этишга хизмат қилади.
Ҳа, ҳаётга катта орзулар билан кириб келаётган ёшлар учун тобора кўпроқ имкониятлар яратилмоқда. Уларнинг олий таълимга қамровини кенгайтириш, ўқиши, маънавиятининг тўғри шаклланиши,тадбиркорлик кўникмаларига, меҳнат бандлигини таъминлаш йўлида барча имкониятлар ишга солинмоқда. Шунингдек, мамлакатимизда туб ижобий ўзгаришлар кириб бормаган, ислоҳотларга юз бурмаган соҳанинг ўзи қолмади. Бу, албатта, истиқлол, эрк шарофатидир.
Келажакка катта умид ва ишонч билан қараб, ҳамиша сабр-матонат билан яшаган халқимиз 1991 йил 31 августда муқаддас орзусига эришди – жонажон Ватанимиз ўз давлат мустақиллигини қўлга киритди. Бугун қутлуғ санага 31 йил тўлди.
Ҳа, Истиқлолнинг дастлабки йилларида қанчадан-қанча залворли муаммоларга дуч келинди. Уларни имкон қадар бартараф этишга ҳаракат қилинган бўлса-да, барибир ҳаёт дегани ҳар лаҳзада янги муаммони жамият олдига кўндаланг қўяверади.
Айниқса, кейинги олти йил давомида одамларни ўйлантираётган муаммоларни пухта ўрганиш, турли долзарб масалаларга ўз вақтида ечим ва йўл топиш, аҳолини қийнаётган камчиликларни ҳал этиш масаласига устувор эътибор қаратилмоқда. Халқ билан мулоқотнинг энг мақбул ва кенг қамровли механизми йўлга қўйилди.
Дарҳақиқат, бугунги кунда бутун халқимизнинг қалбидан чуқур жой олган, умуммиллий ҳаракатга айланиб бораётган “Янги Ўзбекистон” ғояси ҳамда “Инсон қадри учун” тамойили замирида улуғ аждодларимиз, миллий тарихимизда Биринчи ва Иккинчи уйғониш даврларига асос солган аллома боболаримизнинг орзу-интилишлари ва армонлари ҳам мужассамлиги яққол намоён бўлмоқда.
Янги Ўзбекистон – демократия, инсон ҳуқуқ ва эркинликлари борасида умумэътироф этилган тамойилларга риоя этган ҳолда дунё билан ҳамқадам бораётган, ўз халқи учун эса эркин, обод ва фаровон ҳаёт яратиб беришдан иборат бўлган давлат жаҳон кўз ўнгида акс этмоқда.
Бу йўлда Ватанимизга бўлган чексиз меҳримиз ва садоқатимизни муқаддас байроқ қилиб, фидойилик билан Янги Ўзбекистонни янги марралар сари дадил одимлашига ўз ҳиссамизни қўшаётганимиздан, албатта, чексиз бахтиёрмиз.
Аброр Отабоев,
Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерациясининг Фарғона вилояти Кенгаши Раисининг ёшлар масалалари бўйича маслаҳатчиси
Spelling error report
The following text will be sent to our editors: