Эътибор ва рағбат намунаси
Кутилмаганда қўл телефоним жиринглаб қолди. Гўшакни кўтарсам: “Устоз, Сизга Наманган вилояти Косонсой сиҳатгоҳида дам олиш учун бепул йўлланма ажратилди, бориб дам олиб келинг” деган таклифни эшитдим. Тўғриси, мен учун кутилмаган хабардан кўнглим тоғдек кўтарилди.
Сиҳатгоҳ сўлим ва бетакрор табиат қўйнидаги “Чашмаи шифо» булоғи бағрида жойлашган экан. Шифобахш булоқ сувлари, минг дардга шифо тоза об-ҳавосидан онажоним билан биргаликда ҳамма нарса муҳайё бўлган шароитда мароқли ҳордиқ чиқариш имкониятига эга бўлдик.
Эътиборли жиҳати, мустақил юртимизда ҳалол, эзгу мақсад йўлида қилинаётган меҳнат ва изланишлар ҳар жиҳатдан эътироф этилиб, эъзозланишини саёҳатим давомида яна бир бор ҳис қилдим.
Соғломлаштириш маъмурияти умумтаълим мактабида эришган ютуқларимни ва бепул йўлланма билан келганимни эшитиб, онам учун санатория харажатлари учун тўланган пул маблағларини қайтариб берди. Бундай эътибор ва рағбатдан оила аъзоларимиз билан биргаликда қувондик ва сиҳатгоҳ маъмуриятига ўз миннатдорчилигимизни билдирдик.
Оддий ўқитувчи меҳнат ва изланишлари қанчалик рағбатга муносиб эканлигини ўз ҳаётимда кўрдим, ҳис қилдим.
Дарҳақиқат, халқ таълими соҳасидаги 23 йиллик фаолиятим давомида ўқитувчи ва мураббийлар мавқейини кўтариш, иззат-ҳурмат кўрсатиш борасида олиб борилаётган ислоҳотлар кўлами кенгайиб бормоқда. Янги Ўзбекистонда Ўқитувчилар ва Мураббийларга юксак даражада эътибор қаратилмоқда. Айниқса, кейинг олти йилда устозлар меҳнатини қадрлаш, мароқли дам олиб, саломатлигини тиклаш борасида амалга оширилаётган ишлар янада ривожланди.
Эзгу мақсадларга қаратилган ислоҳотларда Таълим ва фан ходимлари касаба уюшмаси Риштон туман бўлинмаси кенгашининг ҳам салмоқли ҳиссаси бор. Тармоқ ўз фаолиятини “Инсон қадри учун” ғояси асосида олиб бормоқда.
Зеро, инсон саломатлиги ҳар нарсадан устун. Шу боис ишчи-ходимларни соғломлаштириш ишларига алоҳида эътибор қаратиляпти. Чунки мароқли ҳордиқ, кўнгилли саёҳат инсонга ҳамиша янги куч ва завқ бериш билан бирга, иш унумдорлигини оширишга, янги ғоя ва ташаббус, изланиш, интилишларга чоралайди. Бу эзгу амалларни иш фаолиятим ва оилавий ҳаётимда ҳис қилиб турибман. Бунинг учун соҳа фидойиларидан миннатдорман.
Дилфузахон Абдураҳмонова,
Риштон тумани 49-умумий ўрта таълим мактаби тарих фани ўқитувчиси.
Spelling error report
The following text will be sent to our editors: