Эртанги кун истиқболи
Янги Ўзбекистонда ёш авлод таълим-тарбияси ва камолотига алоҳида эътибор қаратилаётгани эътиборга лойиқ. Зеро, ҳар бир мамлакатнинг жадал ривожланиши, халқининг муносиб турмуш шароитида яшаши, жаҳон ҳамжамиятида муносиб ўрнига эга бўлиши ёшлар таълим-тарбияси ҳамда келажагига қаратиладиган ғамхўрликка боғлиқ.
Келажагимиз ворисларини мамлакатимизда амалга оширилаётган ислоҳотларга дахлдорлигини ошириш борасида Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерациясининг Фарғона вилояти Кенгаши томонидан ҳам изчил саъй-ҳаракатлар олиб бориляпти.
Биргина 2022 йилнинг ўзида корхона-ташкилотларда фаолият юритаётган ёш ишчи-ходимларнинг 11 минг 600 нафар фарзандлари вилоятдаги оромгоҳларда соғломлаштирилди. Қирғизистонлик 54 нафар ҳамда Қорақалпоғистоннинг Бўзатов туманидан келган 300 нафар болажонларнинг ҳам вилоятимиздаги сўлим оромгоҳларда дам олишларига эришилди.
Шу йилнинг ўн ойи давомида 24 мингдан ортиқ ҳамюртларимизнинг ўз ҳудудларидаги тарихий-маданий обидаларга саёхати ташкил этилган бўлса, шундан қарийб тиққиз мингга яқинини айнан ёшлар ташкил этади. Шунингдек, минг нафардан зиёд ёшларнинг Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси томонидан ташкил этилаётган “Ўзбекистон бўйлаб саёҳат қилинг” ички туризм лойиҳаси орқали Хоразм, Самарқанд, Бухоро, Тошкент ва Қўқонда жойлашган тарихий масканларга саёхатлари уюштирилди.
Ўз навбатида, 400 нафарга яқин ёш ходимларнинг санаторийларда соғликларини тиклашлари учун йўлланмалар берилди. Олий таълим муассасаларида таҳсил олаётган 1 нафар фаол талаба касаба уюшмалари стипендиясига ҳамда касаба уюшма аъзоси бўлган 1 нафар фаол ёшга санаторийга бепул йўлланма бериш учун Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерациясига тавсия этилди.
11 ноябрь – Ўзбекистон касаба уюшмалари куни арафасида вилоятдаги 946 та умумтаълим мактабларининг 9-11-синф ўқувчилари ўртасида “Ёш китобхон” кўрик танлови ўтказилди. Унда 33 мингдан ортиқ ўқувчилар фаол иштирок этиб, ўзларининг китобхон маданиятини намоён этдилар.
Кенгаш томонидан мунтазам равишда ёшлар билан учрашувлар ташкил этилиб, уларнинг муаммо ва таклифлари ўрганиляпти. Бу каби саъй-ҳаракатларнинг барчаси юртимизда ёшларга кўрсатилаётган эътибор ва рағбатнинг амалдаги самарасидир. Боиси замонавий билим ва кўникмаларга эга, эртанги кун истиқболи учун жавобгарликни ўз зиммасига оладиган ҳамда муштарак мақсад йўлида баркамол авлодни тарбиялаш бугун куннинг устувор вазифалари сирасига киради.
Аброр ОТАБОЕВ,
Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси Фарғона вилояти Кенгаши раисининг ёшлар масалалари бўйича маслаҳатчиси.
Spelling error report
The following text will be sent to our editors: