«Тез ёрдам» ҳайдовчисига тезкор кўмак
Муҳторжон Турсунов 2016 йилдан буён Фарғона шаҳридаги «Шифо тез ёрдам» корхонасида ҳайдовчи бўлиб ишлаб келаётган эди. Ўша куни у ярим тунда навбатдаги чақирувга борди.
Шифокор беморнинг ҳолидан хабар олишга кириб кетгач, машинани йўналишга тўғрилаш мақсадида ён-атрофни кўздан кечирмоқчи бўлди. Аммо шу пайт оёғи тойиб, чуқурга тушиб кетди. Рўй берган бахтсиз ҳодиса натижасида ўнг сон суяги синди ва жарроҳлик амалиёти ўтказилди.
Вилоят туманлараро тиббий меҳнат эксперт комиссияси (ТМЭК)нинг хулосасига биноан, М.Турсуновга иккинчи гуруҳ ногиронлиги тайинланди.
Лекин суғурта компанияси ва иш берувчи суғурта тўловларини тўлашдан бош тортди. Бундан норози бўлган ходим Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерациясининг Фарғона вилояти кенгашига мурожаат қилди.
Ушбу ҳолат масъул мутасаддилар томонидан синчиклаб ўрганилди. Вазиятдан келиб чиққан ҳолда, иш берувчи ва суғурта компаниясига меҳнат муносабатларини тартибга солувчи қонунчилик доирасида тушунтириш берилди.
Ниҳоят, касаба уюшмаларининг аралашуви билан «Суғурта ҳодисаси тўғрисидаги далолатнома» расмийлаштирилиб, жабрланувчига 23 миллион 979 минг сўм моддий зарар ундириб берилди. Шунингдек, унга меҳнат қобилиятини йўқотгани боис 1 миллион 198 минг сўм доимий нафақа тайинланди.
Равшан ФОЗИЛОВ,
Соғлиқни сақлаш ходимлари касаба уюшмаси Республика кенгашининг Фарғона вилояти бўйича меҳнат инспектори.
Spelling error report
The following text will be sent to our editors: