КАСАБА УЮШМА КЎМАГИДАН СЎНГ ИШЧИЛАРИМИЗ СОНИ 700 НАФАРГА ЕТДИ
Риштон тумани ўзининг кулолчилиги билан доимо машҳур бўлиб келган. Бу заминнинг уста кулоллари томонидан тайёрланадиган кулолчилик маҳсулотларининг донғи дунёга достон.
Муҳайёхон Саттарова ҳам Риштоннинг қўлигул кулолларидан. Отасидан узоқ йил кулолчилик ҳунарини ўрганган Муҳайё опа юртимизда тадбиркорликка кенг йўл берилиши натижасида “MM Porcelain” МЧЖ корхонасини ташкил қилди. Маҳсулотларини жаҳон бозорига олиб чиқиш учун тинимсиз изланди. Албатта, ниятларини рўёбга чиқариш учун тадбиркорга сармоя муҳим эди.
Бу борада Муҳайёхон Саттаровага касаба уюшмалари кўмакдош бўлди. Тадбиркорнинг улкан мақсад ва режаларни амалга ошириши, фаолиятини ривожлантириб, янги иш ўринларини яратиши учун касаба уюшмалари томонидан 500 миллион сўм маблағ йўналтирилди.
— Корхонамизда тайёрланаётган чинни буюм маҳсулотларига нафақат юртимизда, балки хорижда ҳам талаб юқори. Албатта, хорижга маҳсулот экспорт қилингач, унинг сифати юқори бўлиш керак. Бунинг учун эса замонавий дастгоҳлар керак. Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси томонидан ажратилган маблағ эвазига замонавий дастгоҳлар олиб келиб ўрнатдик, — дейди “MM Porcelain” МЧЖ корхонаси раҳбари Муҳайёхон Саттарова. — Молиявий кўмак туфайли ишимиз юришиб кетди. Энг асосийси, маҳсулотимизнинг тури кўпайди, сифати ошди. Аввал корхонамизда 400 нафар маҳаллий хотин-қизлар ишлаган бўлса, касаба уюшмаларининг кўмагидан сўнг ишчилар сони 700 нафарга етди. Қувонарли жиҳати, ўтган йили хорижга 1 миллион долларлик маҳсулот экспорт қилдик. Бу йилги режаларимиз эса бундан-да улкан.
Айни пайтда 700 нафар хотин-қиз меҳнат қилаётган корхонада 10 турдаги чинни буюм маҳсулотлари тайёрланмоқда. Бу ерда тайёрланаётган маҳсулотга ички бозорда ҳам, ташқи бозорда ҳам харидорлар талайгина. Тайёрланаётган маҳсулотлар асосан Россия, Тожикистон, Қирғизистон, Қозоғистон давлатларига экспорт қилинмоқда.
— Бу ерда ишлаётганимга бир йил бўлди. Ишга келганимда қўлимда ҳунарим йўқ эди. Бу ерда ҳунар ўрганиб, қўлимдан анча иш келиб қолди. Ҳозирда пиёла, чинни, лаганларга гул чизяпман. Иш ҳақимиз ёмон эмас, ойига 2 миллиондан 3 миллионгача иш ҳақи оляпман, — дейди Одинахон Абдуллаева.
— Уй бекаси эдим. Корхона раҳбарининг ишсиз аёлларни ишга таклиф этаётганини эшитиб, корхонага ишга келдим. Дастлаб менга чинни маҳсулотларни бўяш ва гул чизишни ўргатишди. Қизиқиш сабаб бу ҳунарни тез эгалладим. Ҳозирда топиш-тутишим ёмон эмас. Ишимиз йил давомида тўхтамайди. Тушлигимиз бепул. Вақтида иш ҳақимизни оламиз. Яна яхши томони ишхонамиз уйимизга яқин. Йўл кира қилмаймиз. Топганимиз тўғри уйга киради, — дейди Хуршидахон Сирожиддинова.
Тиниб-тинчимас Муҳайёхон Саттарованинг келгуси режалари бисёр. Берилаётган улкан имкониятлардан фойланган ҳолда, фаолият кўламини янада кенгайтириб, иш ўринлар сонини минг нафарга етказишни мақсад қилган.
Spelling error report
The following text will be sent to our editors: