Ишончни, албатта, оқлаймиз!
Куни-кеча Ўзбекистон касаба уюшмалари куни мамлакатимизда кенг нишонланди. Мазкур байрам Тошкент шаҳри марказидаги собиқ маданият маскани ўрнида янгидан бунёд этилиб, янги қиёфа касб этган “Касаба уюшмалари саройи”да кенг тантана қилинди.
Тантанали маросимда Президентимизнинг Ўзбекистон касаба уюшмалари ходимлари ва аъзоларига байрам табриги ўқиб эшиттирилди. Байрам табригида келгуси фаолиятимизда дастуриламал бўладиган ташаббусларнинг илгари сургани бизни беҳад мамнун этди.
Юртбошимизнинг байрам табригида “Бугунги кунда мамлакатимизда эркин ва фаровон ҳаёт, демократик жамият қуриш йўлида олиб бораётган изчил ислоҳотларимиз ва уларнинг амалий натижаларини таъминлашда касаба уюшмаларининг ҳам муносиб ҳиссаси борлигини барчамиз эътироф этамиз.
Салкам 120 йиллик тарихга эга Ўзбекистон касаба уюшмалари фаолияти давомида юксалиш ва пасайиш даврлари ҳам юз берган, лекин бу ташкилот ҳеч қачон ўз долзарблигини йўқотмаган. Айниқса, сўнгги йилларда касаба уюшмалари ҳаётида янги ривожланиш босқичи бошланди, десак, муболаға бўлмайди”, – дея таъкидланиши барчамизга фахр-ифтихор туйғуларини бағишлади.
Шунингдек, мазкур табрикда таъкидланганидек, ҳозирги кунда касаба уюшмаларининг мамлакатимиз ижтимоий-сиёсий ҳаётидаги ўрни ва таъсири тобора ортиб бормоқда. Буни ташкилотнинг халқ ичига чуқур кириб бораётгани, одамларнинг оғирини енгил қилиш, эл-юрт хизматига камарбаста бўлишни ўзининг устувор вазифаси сифатида белгилаб олганидан ҳам билиш мумкин.
Ҳа, мамлакатимизда муҳтарам Юртбошимиз томонидан хотин-қизларнинг муаммоларини тизимли ҳал этиш, бандлигини таъминлаш, тадбиркорликка жалб этиш, тиббий ва психологик ёрдам кўрсатиш, ҳаётдан рози яшашларига эришиш йўлида туб ислоҳотлар олиб борилмоқда. Бу йўналишдаги ишларни амалга оширишда “Аёллар дафтари” тизими муҳим ўрин тутмоқда. Биргина, жорий йилда вилоятимизда “Аёллар дафтари” тизимининг 3-босқичида вилоятимиздаги 74 минг 463 нафар хотин-қизларнинг муаммоларини ҳал қилишда ва уларни қўллаб-қувватлашда ҳам касаба уюшмалари фаоллари жонбозлик кўрсатишди.
Бундан ташқари, аҳолини тадбиркорликка жалб этиш, уй шароитида даромад топишларига эришиш, турмуш шароитларини янги босқичга олиб чиқишга эришиш мақсадида кооперация усулида тадбиркорликни ривожлантириш бўйича тасдиқланган 60 та лойиҳаларни амалга ошириш орқали, касаба уюшмалари кўмагида 13 мингдан зиёд фуқароларнинг бандлиги таъминланди. Эндиликда бу фуқаролар ўз хонадонларида касаначилик орқали даромад топмоқдалар.
Касаба уюшмалари томонидан ижтимоий шерикчилик асосида ҳам кенг кўламли ишлар амалга оширилмоқда. Йил бошидан буён 1368 нафар ишчи-хизматчиларнинг бузилган ҳуқуқларини тиклаш орқали 1 млрд 634 млн.дан зиёд иш ҳақлари, маънавий ва соғлигига етказилган зарарлар ҳамда унга тенглаштирилган тўловлар ундириб берилишига эришилди.
Юртбошимизнинг байрам табригида жорий йилда вилоятимизнинг Сўх туманида замонавий болалар оромгоҳи фойдаланишга топширилганига алоҳида урғу берилгани бизни беҳад мамнун этди. Ҳа, вилоятимизнинг анклав ҳудуди Сўх туманида Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси ташаббуси билан қарийб 5 гектар майдонда 200 ўринли “Сўх” болалар соғломлаштириш оромгоҳининг очилиши барчамиз учун йилнинг энг қувончли воқеаларидан бири бўлди. Мазкур оромгоҳда бу йил 700 нафар сўхлик болажонлар мароқли дам олдилар.
Шунингдек, давлатимиз раҳбарининг байрам табригида мамлакатимиз касаба уюшмалари ўз сафларида 5,5 миллиондан зиёд ходимларни бирлаштирган энг йирик жамоат ташкилоти ҳисобланиши, унинг аъзолари сони доимий тарзда кўпайиб бораётгани, шунинг учун ҳам касаба уюшмалари куни республикамизнинг барча ишчи-ходимлари томонидан муҳим сана сифатида кенг нишонланиши алоҳида эътироф этилди.
Президентимизнинг Янги Ўзбекистон тараққиёт стратегиясида белгиланган, инсон қадри ва унинг шаънини улуғлашга қаратилган халқпарвар сиёсатнинг амалий намоёни сифатида 11 ноябрь – Ўзбекистон касаба уюшмалари кунига меҳнаткашлар байрами, умумхалқ байрами мақомини бериш ва ушбу кунни дам олиш куни деб белгилаш тўғрисидаги таклифи барчамизни қувонтирди.
Айниқса, “… самарали меҳнат қилиш ва унинг роҳатини кўриш – ҳар бир инсон ҳаётининг маъно-мазмунидир. Ўз олдимизга қўйган улкан ва эзгу вазифаларни амалга ошириш, “Эл азиз, инсон азиз” деган олижаноб ғояни юртимиздаги ҳар бир корхона ва ташкилотда қарор топтириш, меҳнатни фаровонлик ва бахт манбаига айлантириш кўп жиҳатдан касаба уюшмалари ва уларнинг самарали фаолиятига ҳам боғлиқдир”, дея юксак ишонч билдирилгани бизни ислоҳотлар “Инсон манфаати учун” деган ғояни амалда исботини топиши йўлидаги фаолиятимизда янада самарали иш юритиш, одамларни ҳаётдан рози яшашига кўмаклашиш борасидаги ишларимизни жонлантиришда муҳим ўрин тутади.
Бир сўз билан айтганда, биз Президентимизнинг байрам табригидан янада куч-ғайрат олиб, унда илгари сурилган ғоя ва мақсадларни амалга оширишда, юртимизда бандликни таъминлаш, аҳолини ижтимоий муҳофаза қилишда ижтимоий шериклик имкониятларидан самарали фойдаланишга, жамиятда таъсирчан жамоатчилик назоратини ўрнатишга, корхона ва ташкилотларда ишчи-ходимларни касбий, меҳнатга оид, ижтимоий-иқтисодий ҳуқуқ ва манфаатларини таъминлашга, муносиб меҳнат шароитларини яратиш каби ишларга алоҳида эътибор қаратамиз.
Эркинжон НУРАЛИЕВ,
Ўзбекистон касаба уюшмалари федерациясининг Фарғона вилояти Кенгаши раиси.
Spelling error report
The following text will be sent to our editors: