Жабрланувчига 250 миллион сўм товон пули ундириб берилди
Санитария-эпидемиология осойишталик ва жамоат саломатлиги қўмитасининг Фарғона вилоят бошқармаси дори-дармон омбори мудири Жаҳонгир Мирзакаримов хизмат сафари чоғида автоҳалокатга учраб, иккала оёғи синади. Ҳодисадан сўнг шифохонада унинг чап оёғи ампутация қилинади.
Мазкур ҳолат юзасидан Фарғона шаҳар ТМЕКнинг хулосасига кўра, Жаҳонгир Мирзакаримовга меҳнат қобилиятини 70 фоизга йўқотганлиги сабабли II гуруҳ ногиронлиги тайинланади.
Энг алам қиладигани, Жаҳонгир Мирзакаримовга бахтсиз ҳодисани махсус текшириш далолатномасида зарар тўловларини амалга ошириш кўрсатиб ўтилган бўлса-да, иш берувчининг фуқаролик жавобгарлигини мажбурий суғурта қилган суғурта компанияси бахтсиз ҳодисага учраган жабрланувчига суғурта тўловлари тўлашни ҳар хил важлар билан кечиктириб келган. Ваҳоланки, бу ҳолатда суғурта компанияси Ж.Мирзакаримовга бир марталик ва ойма-ой тўланадиган нафақаларни тўлаши лозим эди.
Суғурта компанияси ва бошқарма масъуллари билан олиб борилган музокара жараёнида уларга Меҳнат кодексининг “Иш берувчининг ходим соғлиғига етказилган зарарни тўлаш мажбурияти тўғрисида”ги 189-моддаси, “Меҳнатни муҳофаза қилиш тўғрисида”ги қонуннинг 33-моддаси ҳамда Вазирлар Маҳкамасининг 177-сонли қарори талаблари тушунтирилди.
Ўзбекистон Соғлиқни сақлаш ходимлари касаба уюшмаси республика кенгашининг Фарғона вилояти бўйича меҳнат инспекторининг саъй-ҳаракати сабабли икки ой давом этган тушунтиришлардан сўнг Ж.Мирзакаримовга суғурта компанияси томонидан жами 250 млн. 317 минг 758 сўм товон пули ундириб берилишига эришилди.
Агар бу ҳолатга касаба уюшмаларининг меҳнат инспектори аралашмаганида, иш берувчининг фуқаролик жавобгарлигини мажбурий суғурта қилган суғурта компанияси жабр кўрган ходимга товон пулини тўламасдан вазиятдан осонгина чиқиб кетиши ҳеч гап эмас эди. Бахтсиз ҳодиса натижасида ногирон бўлиб қолган жабрланувчи эса “кўргилик эканда” деб қўя қоларди. Касаба уюшмалари эса бу ҳолатни ўз назоратига олди ва жабр кўрган ходимнинг ҳақ-ҳуқуқларини мана шу тарзда ҳимоя қилди.
Равшанжон Фозилов,
Ўзбекистон Соғлиқни сақлаш ходимлари касаба уюшмаси Республика кенгашининг Фарғона вилояти бўйича меҳнат инспектори.
Spelling error report
The following text will be sent to our editors: