Юксак ишонч
Таълим ва фан ходимлари касаба уюшмаси Учкўприк туман кенгаши томонидан 18-умумтаълим мактабида “Юрт тараққиёти йўлида бирлашайлик” шиори остида ўрта умумтаълим мактаблари ва мактабгача таълим ташкилотларининг бошланғич касаба уюшма қўмита раислари иштирокида давлатимиз раҳбарининг Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси Қурултой иштирокчиларига йўллаган табриги, шунингдек, делегатларнинг халқимиз, ишчи-меҳнаткашлар, касаба уюшма ташкилотлари ва ижтимоий шерикларига Мурожаати қизғин муҳокама қилинди.
— Давлатимиз раҳбарининг Қурултой қатнашчиларига йўллаган табригини таълим жонкуярлари ҳам ўзгача кўтаринкилик билан қарши олди, — дейди Таълим ва фан ходимлари касаба уюшмаси Учкўприк туман кенгаши раиси Ойбек Мавлонов. — Қолверса, 11 ноябрь кунини Ўзбекистонда касаба уюшмалари куни деб, эълон қилишни таклиф этилгани, шу билан бирга, касаба уюшмалари тасарруфида Академия ташкил қилиш ташаббуслари барча касаба уюшма аъзоларини кўнглини кўтариб юборди. Президентимизнинг юборилган табриклари бутун касаба уюшмаларига берилган юксак баҳоси, деб ўйлайман.
Мазкур тадбирда қатнашган Учкўприк тумани ҳокими ўринбосари Ш. Позилов бугунги кунда касаба уюшмаларининг жамиятдаги нуфузи тобора ортиб бораётганини, буни қатор Халқаро ташкилот раҳбарлари ҳам эътироф этаётганини таъкидлаб ўтди.
Муҳокама давомида сўз олганлар давлат раҳбарининг мурожаат билан чиқиши, касаба уюшмаларининг меҳнати шу қадар юқори баҳоланганлигини алоҳида таъкидлаб ўтдилар.
Шу куни таълим муассасасида “Саломатлик учун машқ қил!” шиори остида ўқитувчи ва ўқувчилар иштирокида бадантарбия машқлари ҳам ўтказилди. Мақсад аниқ. Ўқитувчи ва ўқувчиларнинг саломатликларини мустаҳкамлаш ва ишга, ўқишга бўлган иштиёқларини кучайтиришдан иборат.
— Ўқитувчи ва ўқувчиларга қўшилиб ярим соат бадантарбия машқларини бажардим, — дейди О. Мавлонов. — Кайфият ҳам, ишга бўлган иштиёқим ҳам ошди. Бу каби саломатлик тадбирида қатнашиш мен учун фойдали бўлди.
Spelling error report
The following text will be sent to our editors: