Шарафли касб эгалари сиҳатгоҳларда дам олмоқда
Инсон камолотида унинг қўлига илк бор қалам тутқазган, ҳарф ўргатган, маърифат ва зиё сари етаклаган ўқитувчиларнинг хизмати беқиёс. Борлиқни англаш, илм-фан сирларини эгаллашда барча бирдек бу шарафли ва масъулиятли касб эгалари кўмагига таянади. Шу боис устозларга бўлган чексиз ҳурмат-эҳтиром туйғуси киши қалбига умрбод муҳрланади. Тан олиб айтиш керак, сўнгги икки йилда таълим тизимида туб ислоҳотлар рўй берди. Жумладан, ўқитувчилар меҳнатини эъзозлаш, бу касб эгаларини мавқеи ва обрўсини ошириш, уларни ҳам моддий, ҳам маънавий қўллаб-қувватлаш борасида тизимли ишлар амалга ошириляпти. Бу жараёнда Фарғона вилоят касаба уюшма ташкилотлари бирлашмаси ҳам четда тургани йўқ. Хусусан, таълим тизимида меҳнат қилиб келаётган ўқитувчи ва мураббийларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, уларнинг саломатликларини мустаҳкамлаш мақсадида республикамизнинг турли сиҳатгоҳларига имтиёзли йўлланмалар ажратиб келмоқда.
Фарғона вилоятининг туман ва шаҳарларида ёш авлод вакилларига сабоқ бериб келаётган 135 нафар таълим фидойилари айни пайтда “Чимён”, худди шунингдек 80 нафарга яқин ўқитувчи “Зилол” сиҳатгоҳида мазмунли ҳордиқ чиқармоқда.
— 32 йилдан буён ёшларга тарих фанидан дарс бериб келаяпман, — дейди Риштон тумани 20-мактаб ўқитувчиси Фозилжон Асқаров. —Давлатимиз томонидан биз, ўқитувчиларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлашга қаратилаётган эътибордан беҳад мамнунмиз. Шу билан бирга, биз педагоглар касаба уюшмалари томонидан ажратилаётган имтиёзли йўлланмалар билан сиҳатгоҳларда саломатлигимизни тиклаяпмиз. Мана ҳозир ҳамкасбларим билан бирга, сўлим “Чимён” сиҳатгоҳида саломатлигимизни мустаҳкамлаб, маза қилиб дам оляпмиз. Бу ерда дам олиб қайтгач, янгича куч, янгича ғайрат ва шижоат билан ўқув йилини бошлаймиз.
— Касаба уюшмалари бизни доимо қўллаб-қувватлаб келади, — дейди Учкўприк тумани 24-мактабнинг бошланғич синф ўқитувчиси Шаҳзодахон Аҳмаджонова. — Касаба уюшмасининг кўмаги билан имтиёзли йўлланма асосида “Чимён” санаторийсида соғлигимни тиклаяпман. Биз бу ерда шинам ва озода хоналарга жойлашиб, керакли муолажаларни оляпмиз. Ширинсўз шифокорлар дардимизга малҳам бўлмоқда. Яратилган шароитлар аъло даражада.
— Касаба уюшмалари биз педагогларни ижтимоий-иқтисодий, ҳуқуқий жиҳатдан ҳимоя қилиб келади, — дейди Риштон туманидаги 32-мактабнинг инглиз тили ўқитувчиси Мадина Отаназарова. — Бунга амалдаги жамоа шартномасига киритилган имтиёзларни мисол қилиб келтириш мумкин. Бу каби имтиёзлардан фойдаланган ҳолда хушманзара табиат қўйнида жойлашган сиҳатгоҳда саломатлигимни тиклаяпмиз. Бу ерда ўтказилаётган турли маданий-маърифий тадбирлар, концертлар кунимизни янада мазмунли ўтишига хизмат қилмоқда. Бундан ташқари, Шоҳимардон, Қўқон каби шаҳарларига саёҳатлар ҳам ташкил этилмоқда.
— Мамлакатимизда ўқитувчилар меҳнати қадрланиб, уларга ҳар жиҳатдан ғамхўрлик кўрсатилмоқда. Уларга кўрсатилаётган доимий эътибор ўқитувчи ва мураббийлар меҳнатини қадрлашга, таълим сифатини оширишга, баркамол авлодни тарбиялашга хизмат қилмоқда. Бошқа касб эгаларидан фарқли ўлароқ таълим фидойилари йилнинг июнь-август ойларида меҳнат таътилига чиқадилар. Ўн ой давом этган иш жараёни, ақлий меҳнат ҳар қандай инсонни толиқтиради. Бизнинг мақсадимиз таълим жонкуярларига муносиб меҳнат шароитини яратиб бериш, саломатликларини мустаҳкамлашдан иборат. Шунинг учун ҳам уларнинг саломатлигига жиддий эътибор қаратиб келяпмиз. Ҳозирда ўқитувчилар биргина “Чимён”, “Зилол” сиҳатгоҳида эмас, балки юртимизнинг бошқа сиҳатгоҳларида навбатма-навбат дам олиб,ёз мавсуми давомида умумтаълим мактабларининг1400 дан зиёд ўқитувчилари соғликларини мустаҳкамламоқдалар, — дейди Таълим, фан ва маданият ходимлари касаба уюшмаси Республика кенгашининг Фарғона вилояти бўйича масъул ташкилотчиси Лолахон Аҳмедова.
Сиҳатгоҳларда дам олаётган ўқитувчиларга таълим, фан ва маданият ходимлари касаба уюшмаси тармоғи томонидан китоблар совға қилиниб,улар учун хизмат кўрсатган хонанда ва созандалар томонидан концерт дастурлари намойиш этилмоқда.
Spelling error report
The following text will be sent to our editors: