Саховатли ташриф
Вилоят касаба уюшмалари ташкилотлари бирлашмаси Кенгашининг ёшлар бирлашмалари ташаббуси билан Ўзбекистон туманидаги Қудаш “Мурувват” аёллар интернат уйига саховатли ташриф амалга оширилди. “Мурувват” ва “Саховат” интернат уйлари – ёшлар эътиборида” номли акция доирасидаги ушбу ташриф 3 декабрь – Халқаро ногиронлар кунига бағишланди.
Тадбирда сўз олган интернат директори Баҳромжон Юсупов юртимизда ижтимоий ҳимояга муҳтож, ногирон ва кекса авлод вакилларига кўрсатилаётган юксак ғамҳўрлик ҳақида гапирди. Муассасада истиқомат қилаётган 350 нафар аёллар ҳам ана шу эътибор ва қулай шарт-шароитлардан баҳраманд эканлигини мамнуният билан таъкидлади.
Шундан сўнг касаба уюшма раҳбарияти ва ташкилотчилар интернат вакилларига ўз туҳфаларини топширдилар. Улар ҳам бу йўқловдан чексиз миннатдор эканликларини изҳор қилдилар.
– Бизга мана шундай меҳр кўрсатишганидан кўнглимиз тоғдек юксалди, – дейди қувонч билан Масрурахон Бобоева. – Ҳомийларимиз, ташкилотчиларимиз ҳар бир байрамда бизни ёддан чиқаришмайди, совға-саломлар билан келиб ҳолимиздан хабар олишади. Бундай эътибор учун аввало, Президентимизга раҳмат. Саховатли юртдошларимиз соғ-саломат бўлишсин!
Қувончли ташриф жўшқин куй-қўшиқларга уланиб кетди. Туманнинг ёш ижодкорлари, муассаса ходимлари томонидан ўқилган шеърлар йиғилганларда катта таассурот қолдирди.
– Бирлашмамиз томонидан кексалар ва болалар уйларига ҳам мана шундай йўқловларни амалга ошириш ниятимиз бор, – дейди вилоят касаба уюшмалари ташкилотлари бирлашмаси Кенгаши вакили Ҳилола Мамазияева.
Мадаминжон СОЛИЖОНОВ.
Spelling error report
The following text will be sent to our editors: