Қўнғироқ ортидан варақланган «темир дафтар»лар
Бугун ижтимоий тармоқларда билиб-билмай шундай маънодаги эътирозлар кўзга ташланиб қолмоқда: касаба уюшмалари одамларга қандай ёрдам бермоқда?
Уларга жавобан бир гапни айтиш мумкин: Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерациясида кун-у тун фаолият кўрсатадиган 1211 рақамли «Ишонч телефони» фаолияти билан танишинг. Биргина шу фаолият ортида қанча инсон тақдири яхши томонга ўзгараётганини яққол кўрасиз. Хусусан, Фарғона вилоятида ана рақамга қўнғироқ ортидан ҳаётга бўлган умид ва ишонч туйғулари уйғонган хотин-қизларнинг мисолини келтирсак. Қўштепа туманининг «Халқабод» МФЙда яшовчи Робихон Умаралиева коллежни тамомлагач, хусусий корхоналарнинг бирига ишга киради. У ерда кўп ҳам ишламади. Ишлаб чиқаришдаги бахтсиз ходиса туфайли тўрт бармоғидан айрилди. Оқибатда ёшгина қиз ногиронга айланди. Бир тасаввур қилинг-а, эндигина 20 ёшни қаршилаган қизга бу кўргилик қанчалик таъсир қилганини… Ўзи шундоқ ҳам оиласи «темир дафтар» рўйхатида турса… Ҳам ишидан, ҳам соғлиғидан айрилган қизнинг кўмак сўраб бормаган жойи, кирмаган эшиги қолмади, ҳисоб. Дардини кимга айтишни билмай юрган пайтда ОАВ орқали Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерациясида кун-у тун фаолият кўрсатадиган 1211 рақамли «Ишонч телефони» – «Call-center» орқали хотин-қизларнинг муаммолари ҳал этилаётгани эшитди. Сўнгра ишонмайгина рақамларни терди. Аммо шу биргина қўнғироқ унинг орзуларини, эртанги кунга бўлган ишончини оширди.
– Дастлаб, телефон қилишга иккиландим. Дардимни айтганим билан, кимдир қулоқ соларканми, мушкулим осон бўлармикан, деган хаёллар ўтди, – дейди Робихон Умаралиева. – Минг бир хижолатда 1211 рақамли «Ишонч телефони»га қўнғироқ қилдим. Ишлаб чиқаришда бахтсиз ҳодисага учраб, III гуруҳ ногирони бўлиб қолганимни, қўлимдан фақат тикувчилик келишини айтдим. Гапим ерда қолмади. Мутасаддилар оилавий ҳолатини ўрганиб чиқишди, муаммоларини тинглашди. Орадан ҳеч қанча вақт ўтмай, мен учун тикув машинаси олиб келишди. Ҳозир хурсандлигимдан ичимга сиғмаяпман. Қийналган пайтимда дардимга малҳам бўлиб, эртанги кунга умид, ишонч берган касаба уюшмаларнинг жонкуяр инсонларига миннатдорлик билдираман. Энди севимли ишим билан шуғулланиб, ҳам даромад топаман, ҳам маҳалладаги хотин-қизларга ҳунар ўргатаман.
Бугина эмас. Робихон Умаралиева касаба уюшма вакилларидан яна бир масалада кўмак сўради. У бундан бир йил аввал ишлаб чиқаришда бахтсиз ҳодисага учраб, бармоғларидан айрилгани, бироқ иш берувчи унинг соғлиғига етказилган зарар тўловларини ўз вақтида тўлаб берилмаётганини айтди.Мазкур масалани Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси Меҳнат инспекциясининг Фарғона вилояти бўйича меҳнат техник инспектори Мансур Ҳатамов зудлик билан ўрганиб чиқди. Иш берувчи билан музокарага киришиб, меҳнат қонунчилиги бўйича тушунтиришлар берди. Натижада Робихон Умаралиевага тўланмай қолган 1 миллион 100 минг сўм миқдордаги зарар тўлови иш берувчи ҳисобидан ундириб берилди.Қувасой шаҳрининг «Зийнат» МФЙда истиқомат қилаётган Саидахон Ҳамидова турмуш ўртоғидан эрта айрилди. Икки нафар қизни вояга етказиш, уларни тарбиялаш ёлғиз ўзига қолди. Топган-тутгани ўзларидан ортмади. Камига қизларининг бўйи етди. Биласиз, қиз узатиш ҳам осон эмас. Ўзига яраша ширин ташвишлари бор. Қизларини ўқитолмаса ҳам, ўзи каби тикувчи бўлсин, деб шогирдликка берди. Қўлларидан иш келиб, мижозларини кўпайтириб ҳам олишди. Оилада ҳамманинг қўлидан тикувчилик келса-да, уйларида дурустроқ тикув машиналари йўқ эди. Бахтни қарангки, танишлари унга хотин-қизлар муаммоларини ҳал этиш бўйича ташкил этилган «Ишонч телефони»га қўнғироқ қилишни маслаҳат беришди.
– Узоқ йиллардан бери маблағ орттириб тикув машинаси ололмаётган эдик, – дейди Саидахон Ҳамидова. – Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерациясида ташкил этилган 1211 рақамли «Ишонч телефони»га қўнғироқ қилиш орқали муродимизга етдик. Янги тикув машинасида шу куннинг ўзида мижозларнинг буюртмаларини тикишни бошладик. Бу каби эътибор ва ғамхўрликдан бошимиз осмонга этди.
Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерациясида кун-у тун фаолият кўрсатадиган 1211 рақамли «Ишонч телефони» – «Call-center» хизмати хотин-қизларни қийнаб келаётган муаммоларини ҳал этиш, оғирини енгил қилишга хизмат қилмоқда. Шу кунгача Фарғона вилоятидан унга 1061 та мурожаат келиб тушган. Унинг қарийб 60 фоизидан ортиғи ижобий ҳал этилиб, мурожаатчиларга амалий кўмак кўрсатилган. Қолган мурожаатлар эса қатъий назоратга олиниб, тегишли тартибда ўрганилмоқда.
Мурожаатлар ҳал бўлгач, тизим мутахассисларининг ҳам кўнгли жойига тушади. Улар ўз ишларини оламга достон қилиш учун ижтимоий тармоқларга «шўнғимайди». Балки, янги мурожаатларни эшитадилар-у, уларга ечим топмоқ учун бош қотирадилар. Муаммоси ҳал бўлган аёлларнинг ҳам иши кўп, улар ҳаётини янгидан бошламоқда. Қолаверса, қўлида оддий телефон – интернет-у ижтимоий тармоқларга киришга вақти йўқ. Шу ўринда фақат интернетда ўтириб нолийдиган баъзи кишиларга бир гапни яна айтиб ўтишни истар эдик: аввал ишни кўринг, таҳлил қилинг, кейин ноғора қоқинг. Ана шунда адолатли сўз айтган бўласиз.
Spelling error report
The following text will be sent to our editors: