МУВАФФАҚИЯТЛАРИМИЗ – ТИНЧЛИК ШАРОФАТИ
Меҳр-оқибат, саховат, мурувват каби эзгу фазилатлар яшариш ва янгиланиш байрами бўлган наврўзи оламнинг шоду хуррамлик, кўтаринки кайфият ва хурсандчилик билан нишонланиши, хотираларимизда ёрқин из қолдириши билан янада қадрлидир.
Байрам муносабати билан вилоят касаба уюшма ташкилотлари бирлашмаси томонидан табаррук отахон-у онахонлар, боқувчисини йўқотган, кам таъминланган оилалар, ногиронлар, беморлар ҳолидан хабар олиниб, «Меҳрибонлик», «Мурувват» ҳамда «Саховат» уйларига моддий ва маънавий ёрдам кўрсатилди.
Бугун касаба уюшмалари хотин-қизларни қўллаб-қувватлаш, уларга кўмак кўрсатиш, оғирини енгил қилиш, энг асосийси, «Аёллар дафтари»га киритилган ишсиз, доимий даромадга эга бўлмаган хотин-қизлар бандлигини таъминлаш бўйича тизимли ишларни амалга ошириб келаётир. Узоққа бормайлик, шу йилнинг февраль ойида «Аёллар дафтари»га киритилган хотин-қизлар бандлигини таъминлаш мақсадида Бешариқ туманининг чекка ҳудуди – Дашт қишлоғида Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерациясининг кўмаги билан «Адиробод ғунчалари» кооперацияси ташкил этилди. Кооперацияга 100 нафар «Аёллар дафтари»да турувчи ишсиз аёллар жалб этилиб, 20 сотихдан ер ажратиб берилди. Шунингдек, туманнинг «Навбаҳор» МФЙ ҳудудида хотин-қизлар бандлигини таъминлаш мақсадида Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси томонидан ажратилган 1 млрд. сўм маблағ эвазига «KORK» тикувчилик фабрикаси ишга тушди. Бугун ушбу тикувчилик фабрикасида «Аёллар дафтари»га киритилган 200 нафар бешариқлик хотин-қиз ўз ишини бошлади.
Ўтган йили эса Тошлоқ туманининг Қалъача қишлоғида касаба уюшмалари маблағлари эвазига Аёллар кооперацияси ташкил этилиб, 35 нафар ишсиз хотин-қизнинг бандлиги таъминланган эди. Бундан ташқари, кўплаб хотин¬қизларга тикув машиналари олиб берилмоқда. Бугунгидек фараҳбахш, қувончли ва фаровон кунларимиз, ҳаётимизнинг барча жабҳаларида эришган ютуқ ва муваффақиятларимиз – тинчлик шарофатидир. Бир сўз билан айтганда, инсониятга ҳаводек зарур бўлган тинчлик-хотиржамлик, осойишталикданда ҳам кўра мўътабар неъмат йўқ. Наврўз байрамининг бугунги жозибаси ва шукуҳи ҳам, шак-шубҳасиз, ана шу бебаҳо неъмат туфайлидир.
Эркинжон Нуралиев,
Фарғона вилояти касаба уюшма ташкилотлари бирлашмаси кенгаши раиси
Spelling error report
The following text will be sent to our editors: