Мажбурий меҳнатга йўл қўйилмайди
Хабарингиз бор, шу кунларда Фарғона вилоятида Олий Мажлис Сенати, Олий Мажлис Қонунчилик палатаси, Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги давлат хизматларини ривожлантириш агентлиги, Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги, Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси вакилларидан таркиб топган Ишчи гуруҳи жорий йил пахта йиғим-терими мавсумида теримчилар учун муносиб шарт-шароит яратиш, меҳнат ҳақининг ўз вақтида тўланиши, болалар меҳнати ҳамда мажбурий меҳнатдан фойдаланмаслик юзасидан назоратни таъминлаш бўйича фаолиятини давом эттирмоқда. Ишчи гуруҳнинг ҳар бир куни пахтада далаларида ўтмоқда. Қайси фермер хўжалигига борилмасин, мажбурий меҳнатга йўл қўймаслик, пахта йиғим-теримида иштирок этаётган теримчиларга яратилган шароитлар, терим пулларининг ўз вақтида тўланиши, меҳнат юзасидан тузилган шартномаларга катта эътибор қаратмоқдалар. Ишчи гуруҳ Данғара туманидаги пахта далаларида бўлиб, теримчиларга яратилган шароитлар билан танишдилар.
“ДАН ҳосил” фермер хўжалиги тумандаги илғор фермерлардан. 44 гектар майдонага экилган пахта майдонда 120 нафар теримчи меҳнат қиляпти. Уларнинг ҳар билан меҳнат шартномаси тузилган. Пахта пуллари ўз вақтида тўлаб келинмоқда.
— Биринчи теримнинг ўзидаёқ режани 92 фоизга бажариб бўлдим. Яна 24 гектар ерда биринчи терим пахтаси турибди. Насиб қилса, 4 кунда режани ортиғи билан бажараман, — дейди “ДАН ҳосил” фермер хўжалиги раҳбари Маъмуржон Фармонқулов.
— Ҳар уч кунда терим пулларини оляпмиз,— дейди Жамилахон Муталиева. — Яратилган шароитдан нолимаймиз. Уйимиздан овқат кўтариб келмаймиз. Шу ерда тушликка мазали овқатлар тайёрлаб беришади.
“Олтиқуш замини” фермер хўжалигида етиштирилган оқолтинни териб олиш учун 130 нафар теримчи билан меҳнат шартномаси тузилган. Бу ерда пахта йиғим-терими ишлари санитария ва гигиена қоидаларига риоя қилган ҳолда амалга оширилмоқда. Теримчилар учун тиббий ниқоблар, антисептик васиталар тахт қилиб қўйилган. Ишчи гуруҳ вакиллари теримчилар билан суҳбатлашар экан, шароитлардан мамнунлиги, пахта пулларини ҳеч бир ушлаб қолишларсиз олаётганликларини маълум қилишди.
— Ҳар куни 100 кг. дан кам пахта термайман, — дейди Хуршида Юсупова. — Бу оиламга юз минг сўмдан кўп маблағ киради дегани. Ҳозиргача анча-мунча пул жамғариб қўйдим. Яқинда тўй қиламан.
“Маматқулов Нурилло Фазилати” фермер хўжалигида яратилган шароитдан теримчилар мамнун. Бу ерда меҳнат қилаётган 105 нафар теримчининг ҳар бири билан меҳнат шартномаси тузилган. Тушликдаги таом эса пахтакорларнинг талабига қараб тайёрланади. Пахта пулларининг тўланишидан узулиш йўқ.
Шу куни ишчи гуруҳ “Олтиқуш кўрки”, “Шерюрак фахри” Фермер хўжаликларида бўлиб, теримчиларга яратилган шароитлар билан танишдилар. Шунингдек, илғор теримчиларга совғалар берилди.
Ишчи гуруҳ туман ҳокимлигида бўлиб, мутасадди ташкилотлар вакилларига фуқароларни мажбурий меҳнатга жалб этмаслик, мажбурий меҳнатни олдини олиш ва унга бархам беришга каби масалаларда суҳбатлашдилар.
Spelling error report
The following text will be sent to our editors: