Манзилли дастур учун аниқ кўрсаткичлар
Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси, Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш вазирлиги ҳамда Ёшлар агентлиги вакилларидан иборат ишчи гуруҳ вакиллари Бешариқ тумани ва Марғилон шаҳарларида ишсиз ёшлар ва аёлларнинг турмуш шароитини ўрганмоқда. Ўрганишлар орқали эса «Ёшлар дафтари» ҳамда «Аёллар дафтари» шакллантирилмоқда.Бешариқ туманининг «Бешкапа» маҳалласида 700 тадан ортиқ хонадон мавжуд. Уларнинг дард-у ташвишлари, муаммолари, яшаш шароитлари ҳам турлича. Ўрганиш давомида ҳеч бир хонадон эътибордан четда қолмади. Ҳар бир хонадондаги аёллар, ёшлар билан обдан суҳбатлашилди. Уларнинг фикрлари, таклифлари, орзу-мақсадлари, ҳаётда ўз ўринларини топишлари, умуман ҳаётдан рози бўлиб яшаши учун нималар зарурлигигача сўралди. Амир Темур кўчасидаги Абдумуталовлар хонадонида 8 киши истиқомат қилади. Уларнинг 4 нафари 18-30 ёшгача бўлган ёшлар. Хонадон вакиллари билан суҳбатлашилганда оилавий даромадлари яхшилиги, уй-жой, кредит олишга эҳтиёжлари йўқлигини билдиришди.
– Аввало, хонадонимизга келиб, ҳол-аҳвол сўраганларингиз учун катта раҳмат, – деди хонадон бекаси Ўктамой Ражабова. – Шукрки, меҳнат қилиб кам бўлганимиз йўқ. Фақат битта муаммо бор – 23 ёшли ўғлим Зафаржон ҳарбий хизматдан келиб, иш тополмай юрибди. Шу ўғлимни ишга жойлаштиришда ёрдам бероласизми?
Ўктамой аянинг ўғлини ишга жойлаштириш масаласи анкета сўровномасига қайд этилди. Шу кўчанинг 2-уйида яшовчи Дилдорахон Абдумуталова коллежни тамомлаб, ўз мутахассислиги бўйича иш топа олмай юрганини билдирди. Ишчи гуруҳ вакиллари бу масалада амалий кўмак кўрсатишларини айтиб, сўровномага киритишди.
Ал-Фарғоний кўчасининг 69-хонадонида 10 киши яшайди. – 3 нафар қизим, 2 нафар ўғлим, 3 нафар вояга етмаган
неварам, мен, турмуш ўртоғим бир уйда яшаймиз, – дейди 56 ёшли Ойзода ая Акбарова. – Катта қизимнинг турмуши бузилиб, уйга келиб қолди. Ўртанча қизимнинг турмуш ўртоғи вафот этгач, қизим ҳам икки нафар фарзанди билан қайтиб келди. Иккала ўғлимни уйлантирай десам уй йўқ. Дардимиз шундай…
Уларнинг муаммоси ўрганилиб, ечим топишга ҳаракат қилинмоқда. Албатта, «Ёшлар дафтари» ва «Аёллар дафтари» ҳудуд аҳлига касб-ҳунар ўргатиш, бандликни таъминлашда манзилли ёндашувни кучайтиришга хизмат қилиши шубҳасиз. Айни пайтда ишчи гуруҳ ўрганишлари давом этмоқда.
Spelling error report
The following text will be sent to our editors: