Касаба уюшмалари кутубхонага китоб совға қилди
Данғара ахборот-кутубхона марказининг фаолият бошлаганига бир тўлди. Бундан ропа-роса бир йил аввал 6 декабрь куни мазкур зиё маскани фойдаланашга топширилган эди.
Ахборот-кутубхона марказининг бир ёшга тўлганлиги муносабати билан “Кутубхона — зиё маскани” номли маънавий-маърифий тадбир бўлиб ўтди. Тадбирда Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси Кенгаши раиси ўринбосари Қобилжон Қирғизалиев, Фарғона вилоят касаба уюшма ташкилотлари бирлашмаси кенгаши раиси Эркинжон Нуралиев, шоир Бобур Бобомуродовлар иштирок этиб, кутубхонага энг сара китоб тўпламларини совға қилишди.
Замон талабларига жавоб берадиган ушбу кутубхонада китобсеварлар учун барча имкониятлар мавжуд бўлиб, бир вақтнинг ўзида 200 нафар китобхон ўтириб китоб ўқиши мумкин. Кутубхонада юқори тезликдаги интернет ва зарур адабиётларни электрон топиш имконияти мавжуд. Зиё маскани 36 минг китоб фондига эга бўлиб, 12 минг 500 китобнинг эса электрон нусхаси яратилган.
Тадбирда, Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси Кенгаши раиси ўринбосари Қобилжон Қирғизалиев замонавий ахборот-кутубхона марказининг бир ёши билан табриклаб, Президентимиз раҳнамолигида мамлакатимизда амалга оширилаётган ислоҳотлар, қўлга киритилаётган ютуқлар, келажак авлодни ҳар томонлама соғлом ва бақувват ҳамда баркамол қилиб вояга етказиш, уларга мукаммал билим олишлари учун яратилаётган шарт-шароитлар ҳақида тўхталиб ўтди. Шунингдек, нотиқ бу ерда яратилган шароитлар ҳамма жойда ҳам йўқлигини, бундай шароитларнинг қадрига етиш лозимлигини таъкидлади. У орзуларнинг калити фақат ва фақат илмда эканлигини, гарчи техника асрида яшаётган бўлсак ҳам, ҳаётимизда китобнинг ўрнини ҳеч нарса боса олмаслигини қайд этиб ўтди.
Дарҳақиқат, тадбирда таъкидланганидек, адабиёт, бадиий асарлар комиллик сари бошловчи маънавий сарчашмадир. Китоб ўқиб улғаяётган ҳар бир ёш авлод, албатта, замонавий технологиялардан ҳам унумли фойдаланиб, ўз билимини мустаҳкамлаб борса, фойдадан холи бўлмайди.
— Касаба уюшмаларининг китоб совғаси кутубхонамиз китоб фондини янада бойитди. Бу совға нафақат бизни, балки барча китобхонларимизни севинтирди, — дейди Данғара ахборот-кутубхона маркази директори Сайёрахон Тўйчиева.
Тадбир асноси ишсиз хотин-қизлар бандлигини таъминлаш мақсадида 3 нафар эҳтиёжманд аёлга касаба уюшмалари томонидан тикув машиналари берилди.
Шу куни ишчи гуруҳ туманда “Аёллар дафтари” бўйича ташкил этилган штаб фаолияти билан танишди. Иш кўлами ва сифатини ошириш, ишларни самарали ташкил этиш бўйича тегишли кўрсатмаларни берди.
Spelling error report
The following text will be sent to our editors: