Ишчи гуруҳи Фарғонада
Айни пайтда Республика ишчи гуруҳи Фарғона вилоятида бўлиб, пахта йиғим-терими давомида мажбурий меҳнатга йўл қўймаслик ҳамда теримчилар учун муносиб меҳнат ва дам олиш шароитларини яратиш юзасидан мутасадди ташкилотлар устидан қатъий назоратни таъминлаш бўйича фаолиятини бошлади. Ишчи гуруҳнинг дастлабки ўрганишлари Ўзбекистон ва Бешариқ туманларидан бошланган бўлса, навбатдагиси Қўштепа туманида бўлди. Ишчи гуруҳ вакиллари фермер хўжаликларида бўлиб, пахта йиғим-терими жараёни, теримчиларга яратилган шароитлар билан яқиндан танишдилар.“Паҳлавон Ғуломжон ерлари” фермер хўжалиги айни пайтда 74 нафар теримчи пахта термоқда. Теримчиларга яратилган шароитдан кўнгил тўлади. Тушлик пайтида теримчиларга иссиқ овқат берилмоқда. Энг асосийси, ҳар бир теримчи билан ихтиёрий равишда пахта йиғим теримида қатнашиш ҳақида меҳнат шартномаси тузилган. Пахта майдонига киришдан аввал ҳар бир теримчининг иссиғи ўлчаниб, қўллари антисептик воситалари билан зарарсизлантирилмоқда. Тиббий ниқоблар фермер хўжалиги раҳбари томонидан бепул берилмоқда.
— Аввало, пахта йиғим-теримида қатнашиш учун меҳнат шартномаси туздим. Шундан сўнг пахта теришни бошладим, — дейди Ширмоной Абдужалилова. — Терган пахтамнинг ҳар бир килоси учун 1000 сўмдан ҳақ оляпман. Кеча 85 кг. пахта териб, 85 минг сўм ҳақ олдим.
Ишчи гуруҳ “Нуриддин Таниқулов” фермер хўжалигида бўлиб, теримчиларга яратилган шароит билан яқиндан танишдилар. Улар билан мажбурий меҳнат, терим пулларини ўз вақтида тўланаётганлиги яратилган шароитлар хусусида суҳбатлашдилар.
— Пахта пулини ҳар кунлигини ҳар куни оляпмиз. Кеча 115 кг. пахта териб, 155 минг сўм олдим, — дейди “темир дафтар” рўйхатида турувчи Хосиятхон Хошимова. — Терим пулларимизни ўз вақтида олиб, рўзғоримизни бут қиляпмиз. Тушлик маҳалда бепул иссиқ овқат берилади. Дам олиш учун салқин жойлар ҳозирланган. Умуман олганда, биз теримчиларга яратилган шароит ва қулайликлардан мамнунмиз.
Туманнинг олис ҳудудидаги “Қаҳрамон Муродов” фермер хўжалигининг дала бошида теримчилар учун тиббий ниқоб ва антисептик воситалар заҳираси яратилган. Теримчиларга тушлик учун ош дамланган.
— Ҳозир бу ерда 65 нафар теримчи ихтиёрий равишда пахта термоқда, — дейди фермер хўжалиги раҳбари Ғофуржон Марасулов. — Уларнинг ҳар бири билан меҳнат шартномаси тузилган. Пахта пулларини ўз вақтида беряпмиз. Кўп пахта терган теримчиларга пахта пулларидан ташқари алоҳида совғалар бериб, рағбатлантиряпмиз. Бу эса теримчиларни шижоатига-шижоат қўшмоқда.
Ишчи гуруҳ вакилларининг навбатдаги манзили “Fergana Global Textile” МЧЖ кластерининг пахта майдони бўлди. Бу йил кластер томонидан 205 гектарга пахта экилган. Айни пайтда бу ерда 150 нафар теримчи пахта теряпти. Ишчи гуруҳ вакиллари, биринчи навбатда, теримчиларга яратилган шароитларни кўздан кечирдилар. Улар билан меҳнат шароитлари, пахта пулини ўз вақтида тўланиши каби масалаларда суҳбатлашдилар.
— Теримчилар билан 3 ойлик меҳнат шартномасини тузганмиз, — дейди “Fergana Global Textile” МЧЖ бўлим бошлиғи Авазбек Ортиқов. — Уларга пахта пулларини шу куннинг ўзида тўлаяпмиз. Бундан ташқари, бепул тушлик ҳам ташкил этилган. Илғор теримчиларимиз эса эътиборими марказида. Уларни қимматбаҳо совғалар билан хушнуд этиб келяпмиз.
— 20 кундан бери пахта теряпман. Шу кунгача 2,5 млн. сўм пахта пули олдим, — дейди Аъзимахон Холбекова. — Яратилган шароитдан мамнунмиз. Мана бугун тушликка палов тайёрланди. Узоқроқ пахта даласига борадиган бўлсак, автобус ташкил этилган. Хуллас, пахта териб кам бўлганимиз йўқ.
Насибахон Қўчқарова илғор теримчилардан. Шижоатига қойил қолмасдан иложи йўқ. Кунига 170 кг.дан кам пахта термайди. Шунинг учун ҳам унга “Fergana Global Textile” МЧЖ кластери томонидан телевизор туҳфа қилинди.
— Озми-кўпми меҳнат қилиб, давлатимиз оқолтин ҳирмонига ўз ҳиссани қўшаётганимдан ҳурсандман, — дейди У. — Терган пахтамга яраша ҳар куни пул оляпман. Куни кеча менга телевизор совға қилишди. Бу рағбат менга янада куч бағишламоқда.
— Пахта далаларида бўлиб, теримчиларга яратилган шарт-шароитлар ҳамда уларнинг ихтиёрийлик асосида меҳнат қилиб келаётгани ўрганиб чиқмоқдамиз, — дейди Олий Мажлис Қонунчилик палатаси Мудофаа ва хавфсизлик масалалари қўмитаси аъзоси Хазратқул Хўжамқулов. — Аҳамиятлиси, ҳеч ким мажбурий равишда теримга жалб этилгани йўқ. Теримчиларга пахта пуллари ўз вақтида тўланмоқда. Муҳими теримчилар, оиласига қўшимча даромад келтираётганидан мамнун.
Ишчи гуруҳининг вилоят туманлари бўйлаб ўрганишлари давом этмоқда.
Spelling error report
The following text will be sent to our editors: