Ҳуқуқий маслаҳатхона
– Жамоа шартномалари ва келишувларига нисбатан бирон бир умумий талаблар мавжудми ёки ҳар бир ташкилот буни ўзи белгилайдими?
Сожидахон Парпиева, Ёзёвон тумани.
-Ҳа, мавжуд. Жамоа шартномалари ва келишувлари аниқ бир корхонанинг меҳнат, ижтимоий-иқтисодий ва касбий муносабатларининг ўзига хос хусусиятларига боғлиқ бўлишига қарамасдан, улар қонунчиликда белгиланган принципларга асосланади. Бу принципларга қуйидагилар: қонун ҳужжатлари нормаларига амал қилиш; тарафлар вакилларининг ваколатлилиги; тарафларнинг тенг ҳуқуқлилиги; жамоа шартномалари, келишувлари мазмунини ташкил этувчи масалаларни танлаш ва муҳокама эркинлиги; мажбуриятлар олишнинг ихтиёрийлиги; олинаётган мажбуриятларнинг ҳақиқатда бажарилишини таъминлаш; текшириб боришнинг мунтазамлиги; жавобгарликнинг муқаррарлиги киради.
-Мени яқинда фирмамизнинг касаба уюшмаси раҳбари этиб сайлашди. Фирмамизда жамоа шартномаси тузилмаган, мен жамоа шартномасини тузиш ташаббуси билан чиқишим мумкинми?
Олимжон Собиров, Фарғона шаҳар, А.Қодирий мавзеси.
-Ҳа, сиз бундай ташаббус билан чиқишингиз мумкин. Меҳнат кодексининг 23-моддаси 1- қисмига кўра, ходимларнинг вакиллик органлари музокаралар олиб бориш, жамоа шартномалари ва келишувлари тузиш, уларнинг бажарилишини текшириб туриш, иш берувчига корхонада меҳнат тўғрисида норматив ҳужжатлар тайёрлаш юзасидан таклифлар киритишга ҳақлидир.
Меҳнат кодексининг 177-моддаси 1- қисмига кўра, иш берувчи Меҳнат кодексига мувофиқ, жамоа шартномаларни тузиши шарт.
-Жамоа шартномасини бузганлик учун ташкилотнинг раҳбари жавобгар бўладими ёки бу фақат ходимларга тааллуқлими?
Каримжон Болтабоев, Фарғона тумани, Водил МФЙ.
-Иш берувчининг жамоа шартномаси бўйича мажбуриятларини бажарилмаслигида айбдор бўлган мансабдор шахслар интизомий жавобгарликка тортилишлари мумкин. Бундан ташқари, юқорида санаб ўтилган қоидабузишлар меҳнат тўғрисидаги қонунчиликни бузганлик сифатида баҳоланиши мумкинлиги сабабли, мазкур шахслар Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 49-моддасига мувофиқ маъмурий жавобгарликка тортилиши мумкин.
Шуни таъкидлаш керакки, иш берувчи томонидан жамоа шартномасининг баъзи шартларини бажармаслик корхонага нисбатан молиявий жарималарни қўлланишига сабаб бўлиши мумкин. Меҳнат кодекси 161-моддасининг 4- қисмига мувофиқ, жамоа шартномасида иш берувчининг айби билан ходимга ҳақ тўлаш белгиланган муддатларга нисбатан кечикканлиги учун жавобгарлик назарда тутилиши мумкин. Агар жамоа шартномасида ходимга иш ҳақини тўлашни кечиктирганлик учун иш берувчининг моддий жавобгарлиги назарда тутилган бўлса, бундай кечиктириш ходимларга қўшимча тўлов тўланишига сабаб бўлиши мумкин. Бундай ҳолларда иш ҳақи тўланишини кечиктирилишига айбдор бўлган мансабдор шахс ўзининг ўртача ойлик иш ҳақи доирасида моддий жавобгарликка тортилиши мумкин.
-Вақтинча ишламаяпман. Давлат томонидан ишсизлик нафақасини берилишини эшитдим. Маслаҳат берсангиз, мен қаерга мурожаат қилишим лозим.
Мунаввархон Саидаҳмедова, Риштон тумани, Жалоер қишлоғи.
-Ўзбекистон Республикасининг “Аҳолини иш билан таъминлаш тўғрисида”ги Қонуни 16-моддасига кўра, Ўзбекистон Республикаси Меҳнат ва аҳолини ижтимоий муҳофаза қилиш вазирлигининг аҳолини иш билан таъминлаш соҳасидаги маҳаллий органи — Бандликка кўмаклашиш ва аҳолини ижтимоий муҳофаза қилиш марказлари фуқароларга ишсизлик нафақасини белгиланган тартибда тайинлайди.
Меҳнат органларида фуқароларни рўйхатга олиш, уларни ишга жойлаштириш, ишсизлик нафақасини тайинлаш ва тўлаш тартиби тўғрисидаги Низомнинг (Адлия вазирлиги томонидан 1999 йил 13 октябрда 831-сон билан давлат рўйхатидан ўтказилган) 53-бандига кўра, ишсизлик нафақаси Бандликка кўмаклашиш ва аҳолини ижтимоий муҳофаза қилиш марказларининг буйруғи асосида ишсиз шахсга меҳнат органида иш қидирувчи шахс сифатида рўйхатдан ўтган кунидан бошлаб тўланади.
Фуқароларнинг саволларига вилоят касаба уюшмалари ташкилотлари бирлашмаси Кенгаши юридик бўлими мудири Орзигул Қозихонова жавоб берди.
Spelling error report
The following text will be sent to our editors: