Ходим ўз вазифасига тикланди
Ферузахон Мирзаева 2004 йилда Фарғона вилояти кўзи ожиз болалар махсус мактаб-интернатига ўқитувчи ёрдамчиси бўлиб ишга киради. Жамоадаги ташаббускорлиги, жонкуярлиги боис, 2010 йилда мактаб-интернатнинг ёшлар етакчиси вазифасига ўтказилади. У бу лавозимда ўзини янада кўрсатади. Она эмасми, 2017 йилда бола парваришлаш ва туғуруқ таътилига чиқиб кетади. Фарзанди бир ёшга тўлгач, ишга қайтишга қарор қилади ва бу ҳақда иш берувчига мурожаат қилади. 2018 йил 27 февралда чиқарилган буйруққа кўра, ишга қайтади. Фақат аввалги вазифасига эмас, балки ўқитувчи ёрдамчиси этиб тайинланади. Вазифаси ўзгарганидан норози бўлган Ф.Мирзаева бир неча маротаба раҳбарнинг олдига кириб, аввалги вазифасига қайтаришини сўрайди. Бироқ унинг талаби инобатга олинмасдан қолаверади.
Иш берувчига ялиниб чарчаган Феруза Мирзаева адолат қарор топишини истаб, Фарғона вилояти касаба уюшма ташкилотлари бирлашмасига мурожаат қилади. Бирлашма ҳуқуқшунослари аризачининг боласи уч ёшга тўлмаган бўлса-да, иш берувчи томонидан ўз иш жойига қўйилмаётганини ўрганишди. Ўрганиш давомида мазкур буйруқ Меҳнат кодексининг 92- ва 234-моддаси талабларига зид равишда чиқарилгани аниқланди. Бирлашма мутахассислари мазкур буйруқни бекор қилиб, Ф.Мирзаевани аввалги иш вазифасига қабул қилиш, шу билан бирга, 2018 йил 27 февралдан 2018 йил 30 июнь кунига қадар ишлаган даври учун ҳисоб-китоб қилиш ҳақида Фарғона туманлараро судига даъво аризаси киритади. Суд чиқарган ҳал қилув қарорига кўра, Фарғона вилояти кўзи ожиз болалар махсус интернати томонидан 2018 йил 27 февралда чиқарилган буйруқ ғайриқонуний деб топилиб, Ф.Мирзаева аввалги – ёшлар етакчиси вазифасига ишга тикланди. Шунингдек, унинг фойдасига 7 миллион 642 минг 487 сўм иш ҳақи қайта ҳисоб-китоб қилиниб, ундирилди.
Spelling error report
The following text will be sent to our editors: