Халқ газетасига айланаётган “Ishonch”
Айни кунларда “Ishonch” ва “Ishonch-Доверие” газеталарининг ижодий жамоаси республикамиз бўйлаб муштарийлар билан ижодий учрашувларни ўтказиб келмоқда. Ана шундай учрашувларнинг навбатдагиси Фарғона вилоятида бўлиб ўтди. Фарғоналик газетхонлар билан учрашув Марғилон шаҳридаги “Ижодкорлар боғи”да ташкил этилди. Учрашувда вилоят журналистлари, зиёлилар, газета тарқатувчилар, касаба уюшма фаоллари ва газета муштарийлари билан юзма-юз мулоқот қилинди.Таҳририят ходимларини Эркин Воҳидов номидаги она тили ва адабиёти фанини чуқур ўқитишга ҳамда хорижий тилларга ихтисослаштирилган мактаб-интернатининг ўқувчилари адибнинг ўлмас ва умрбоқий шеърлари билан қарши олдилар. Халқимизга хос орият ва ғурурни, озодлик ҳамда истиқлолни ўзининг гўзал шеър ва достонларида юксак маҳорат билан ифодалаган Ўзбекистон халқ шоири Эркин Воҳидов ҳайкали пойига гулчамбарлар қўйдилар. Шундан сўнг таҳририят жамоаси адибнинг мемориал музейи билан яқиндан танишдилар.Айтиш жоизки, кейинги йилларда “Ishonch” газетасида чоп этилаётган ранг-баранг мавзудаги мақолалар муштарийларни бефарқ қолдираётгани йўқ. Айниқса, таҳлилий ва танқидий мақолаларга кенг ўрин берилмоқда. Рақамларга мурожаат қиладиган бўлсак, жорий йилнинг ўтган 10 ойи давомида газета саҳифаларида 150 дан ортиқ танқидий мақолалар берилган бўлса, уларнинг 80 таси ижобий ҳал этилди. Шунингдек, газетада Ўзбекистоннинг ички ва ташқи сиёсати, таълим ва соғлиқни сақлаш тизимида олиб борилаётган ислоҳотлар, тарих, адабиёт, маънавият сингари мавзуларнинг ёритилиши ҳам муштарийларнинг газетага бўлган қизиқишини оширмоқда.Газетхонларнинг фикрини ўрганиш, қайси мавзулар ўқувчиларни кўпроқ қизиқтиришини билиш мақсадида ташкил этилган учрашувда муштарийлардан томонидан газетанинг мазмун-мундарижасини янада бойитиш борасидаги таклиф ва тавсиялари ўртага ташланди.
— Кейинги йилларда “Ishonch” газетасида чоп этилаётган ранг-баранг мавзудаги мақолалар муштарийларни бефарқ қолдираётгани йўқ. Мамлакатда кечаётган ислоҳотлар жараёни, одамларнинг онг-у тафаккуридаги ўзгаришларни акс эттирувчи ҳаётий мақолалар кўпаяётганлигини кўряпмиз, — дейди Соғлиқни сақлаш ходимлари касаба уюшмаси республика Кенгашининг Фарғона вилояти бўйича масъул ташкилотчиси Шоҳидахон Каримова. — Ҳамкасбларим билан давра суҳбати ташкил этсак, доимо “Ishonch”да чоп этилган мақолалар муҳокама қилинади. Айниқса, газета саҳифаларида берилаётган саломатлигимизни асрашга оид мавзуларда берилаётган мақолалар кўпчиликда қизиқиш уйғотмоқда. Шуни инобатга олиб, газетада “Саломатлик саҳифаси” ташкил этилса, мақсадга мувофиқ бўлар эди.
— Севимли нашримизнинг ижодкорлари билан ўтказилган мулоқот барча муштарийларда катта таассурот қолдирди, — дейди Таълим, фан ва маданият ходимлари касаба уюшмаси Фарғона шаҳар кенгаши раиси Нозима Мирсалимова. — Ҳақиқатдан ҳам “Ishonch” газетаси бугун республикамиздаги етакчи нашрга айланди. Унинг ҳар бир сонида, албатта, долзарб мавзу кўтарилади. Шунинг учун ҳам биз муштарийлар газетанинг ҳар бир сонини катта қизиқиш билан ўқиб борамиз.
— Бугунги кунда ОАВ кириб бормаган хонадон бўлмаса керак. Севимли нашримиз ҳисобланган “Ishonch” ҳам ўз обуначилари, ўқувчиларига эга. Охирги йилларда газетада “мих” мақолаларнинг сони кескин ошди, — дейди Фарғона вилоят касаба уюшма ташкилотлари бирлашмаси раиси Эркинжон Нуралиев. — Шунингдек, газета саҳифаларида тараққиётга тўғаноқ бўлаётган омиллар, ён-атрофимиздаги ижтимоий муаммолар дадил кўтарилиб чиқилмоқда. Газетада танқидий, таҳлилий, мушоҳадага чорловчи мақолаларнинг кўпайиб бораётгани эса муштарийларнинг газетага бўлган ишончини янада орттирмоқда. Муболағасиз айтиш мумкинки, севимли нашримиз бўлган “Ishonch” чинакам халқ минбарига айланиб бормоқда.
— Бундан уч йил аввал “Ishonch” газетаси ҳақида гапирилса, кўпчилик қайси газета, кимники деган саволлар бўларди. Бугун эса газета муштарийларга жуда яхши таниш, — дейди Журналистлар ижодий уюшмаси Фарғона вилояти бўлими раиси Муҳаммаджон Обидов. — Кейинги йилларда газета ҳар жиҳатдан ўзгарди. Аввало мавзуларнинг ранг-баранглиги, таҳлилий мақолалар, асосли хулосалар, таклифлар газетхонни бефарқ қолдираётгани йўқ. Иккинчидан газетанинг дизайни жудаям ўзгарди. Буни бошқа газеталар яхши маънода ўзлаштирмоқдалар. Газета жиддий-жиддий масалаларнинг кўтариб чиқилиши бугун уни чин маънода халқ газетасига айлантирди.Ишонч билан айтишим мумкинки, газета бугун танқидий мақолалар бериш бўйича етакчилик қилмоқда. Мисол учун, “Тор жойдаги томошалар”, “Тез айтишда ким ғолиб?”, “Қодирий касабақўм етакчиси бўлганми?”, “Салла ўрнига, калла”, “Мураббий нега ошпазга айланди” ва бошқа мақолаларда жиддий масалалар кўтарилган.Айниса, газетанинг 15 октябрь сонида чоп этилган Қудратилла Рафиқовнинг “ИЛК ВА СЎНГГИ СЎЗИМИЗ: ВАТАН! мақоласи жуда кўпчиликнинг кўнглидан жой олди. Мақола барча соҳа вакилларида катта қизиқиш уйғотди. Шахсан ўзим бу мақолани қайта-қайта ўқиб чиқдим. Хатто ундаги жумлаларни ўзимга кўчириб олдим. Мақолани ўқиб бўлган, шунга амин бўлдимки, бу мақолани ҳар биримиз фарзандларимизга ҳам ўқиб беришимиз лозим экан. Газетада бундан кейин ҳам мана шундай кенг қамровли, таъсирчан мақолалар кўпроқ берилса, газетанинг нуфузи бунданда юксалишига шубҳа йўқ.Яна бир таклифим, газетада хорижий мамлакатлар касаба уюшмаларининг иш тажрибаси ҳақида мақолалар кўпроқ берилишиги истардим. Шунда бошланғич касаба уюшма раислари, шу соҳадаги мутахассислар янаям кўпроқ ўзини бурчини, вазифасини, ҳуқуқини ва амалиётни кўпроқ билган бўлар эди.
— «Posco International Textile» LLC чет эл хусусий корхонасида жами 4 минг нафардан ортиқ ишчи-ходим меҳнат қилади, — дейди «Posco International Textile» LLC касаба уюшмаси қўмитаси раиси Гулнора Юсупова. — Мамлакатимизда қабул қилинаётган фармон ва қарорлардан, аввало, “Ishonch” ва “Ishonch-Доверие” газеталари орқали воқиф бўламиз. Чоп этилаётган мақолаларни севиб мутолаа қиламиз. Таклифим шундан иборатки, иш тажрибамизни янада ошириш учун газетада Ўзбекистондаги чет эл корхоналари касаба уюшма ташкилотлари фаолияти кенгроқ ёритилиши истардик. Бу, албатта, барча касабақўмлар учун фойдали бўлар эди.
Шунингдек, муштарийлар томонидан бундай учрашувлар бир йилда бир маротаба эмас, балки тез-тез ўтказилиши ҳар икки томон учун фойдали бўлишини таъкидладилар. Тадбир сўнггида обуна мавсумида фаол ва жонбозлик кўрсатган касаба уюшма етакчиларига таҳририятнинг эсдалик совғалари топширилди.
Spelling error report
The following text will be sent to our editors: