Фарғона фахри
Агар гап юрт фидойилари ҳақида кетса, кўпчилик кўз ўнгида беихтиёр меҳнатсевар, жонкуяр, фидойи аёл — Олтиариқ туманидаги “Нурли обод” фермер хўжалиги раҳбари, Ўзбекистон Қаҳрамони Лола Муротова гавдаланади.
Юртимизда Лола опани танимайдиган, билмайдиган одам йўқ бўлса керак. Юзлари офтобда чиниққан, бошидан тинчлик рамзи бўлмиш оқ рўмоли тушмайдиган, қатъиятли ва меҳнаткаш аёл ҳақда кўп гапириш мумкин.
Лола опани ҳеч бир муболағасиз, деҳқончилик илми профессори, академигидир. Уни меҳнатсеварлиги, самимийлиги элга танитди. Ўзбекистоннинг чинакам лоласига, фахр-у ифтихорига айланди.
У билан суҳбатлашган киши борки, серқирралик, тадбиркорлик, қувноқлик каби хислатларни кўради. Опа бугунги эришган ютуқларини фақат ва фақат меҳнат билан боғлайди. Ҳаёти, умрининг мазмунини деҳқончилик ривожи равнақида кўрадиган Лолахон опа фермерликдан чинакам бахт топди. “Кўз қўрқоқ, қўл ботир” деганларидек, меҳнат қилишдан қочмади. Марказий Фарғонанинг чўл-дашт ҳудудларида пахта, бошоқли дон, пилла, етиштиришда катта муваффақиятларга эришиб, фермерлик соҳасида ўзига хос тажриба ва маҳорат мактабини яратди. Аслида чўл ҳудудини унумдор ерга айлантириш инсондан меҳнат, пешона тери ва матонатни талаб этади.
— Салкам 500 гектар майдонда деҳқончилик қиламиз, — дейди Лолахон Муратова. — Бу йил ҳам Марказий Фарғона ҳудудида жойлашган далаларимизда мўл-ҳосил етиштирилди. Баҳорда ҳирмон ғаллага тўлганда, кузда пахта режаси бажарилганда, деҳқоннинг юзи ёруғ бўлади. Бу йил ҳам юзим ёруғ.
Ҳунар-техника билим юртини тугатган Лолахон, дастлаб ўзи ўқиган 31-мактабда юқори синфларга бошланғич тракторчиликдан дарс берди. Сўнг колхозда трактор ҳайдади. Пахта терди. Биринчи йили 90 тонна, кейинги йили 130 тонна териб, қўша-қўша мукофотлар олди, донғи ёйилди. Бу ютуқлар вақтни бой бермаслик, фурсатни қадрлаш, унинг ўзига нисбатан талабчанлигида бўлди. Кўп ўтмай у бригада бошлиғи бўлди. Бу ишда ҳам етакчилик маҳоратини кўрсатди. Ерларнинг талай қисмини янгитдан ўзлаштириб келинаётган чўл зонасидаги бўлимга юборишди.
Лолахон ишни қумлоқ ерларнинг юзасини техника кўмагида текислаб, тупроқни маҳаллий маҳаллий озуқалар билан тўйинтиришдан бошлади. “Ерга меҳр берсанг, ер ҳам сени сийлайди” деганлари рост экан. Ишлар аста секин юришиб, фермер хўжалиги қаддини тиклай бошлайди. Ўзи ҳам элга танилди. Айниқса, охирги йилларнинг қадами Лолахон опага ҳам унинг жамоасига ҳам қутлуғ келди. Буғдой ҳам, пахта ҳам баракасини бериб, хирмонлар тўлиб-тошди. 2018 йилда пахтанинг шартномавий режаси 135 фоизга бажарди. 2019 йилда 350 гектар ғалла майдонининг ҳар гектаридан 80 центнердан ҳосил кўтарди. Жорий йилда ундан ҳам кўп ҳосил олди. Пахта режасини эса илғорлар қаторида бажарди.
— 2006 йилдан буён “Нурли обод” хўжалигининг раҳбариман. Оила, ака-укаларим, қўйингки, ҳаётимда нима азиз нарса бўлса, шу ерда. 124 нафар ишчи-ходимлар барчамизнинг меҳнатимиз маҳсули шу далада. Аввал айтганимдек, қумлик ер бўлган. Шамол бўлса, одам бўйи қум уйилиб кетарди. Шукр, меҳнат ва ерга меҳр-муҳаббат боис обод ва файзли масканнинг эгаси бўлиб турибмиз. Меҳнатларимиз роҳатини кўряпмиз. Давлатимиз раҳбарининг доимий эътибори ва ғамхўрлигини сезиб турамиз. Бундай қўллаб-қувватлаш бизга янада катта куч-ғайрат бағишлаб, янги-янги ютуқлар сари ундамоқда, — дейди Лолахон Муротова. — Шу ўринда касаба уюшмаларига ҳам раҳмат. Улар ҳар жиҳатдан бизни қўллаб-қувватлаб келмоқда.
Ер билан тиллашиш хадисини олган Лолахон Муротова жорий мавсумда ҳам катта зафар маррасини забт этиб, давлатга пахта сотиш режасини бажарди. Шу муносабат билан Олий мажлиси Сенати аъзоси, “Ўзбекистон Қаҳрамони” Лолахон Муротовага вилоят касаба уюшмалари томонидан эсдалик совғалари топширилди.
Бу меҳнатсевар аёлни бошқа жойдан излашнинг ҳожати йўқ. Фақат даладан топасиз. Оёғида этик, белида белбоғ. Меҳнат қилган одам қадр топши рост экан. Опанинг самарали меҳнати давлатимиз томонидан муносиб тақдирланди. 2004 йили “Ўзбекистонда хизмат кўрсатган қишлоқ хўжалик ходими”, 2013 йили “Эл-юрт хурмати” ордени билан тақдирланган. 2019 йилда “Ўзбекистон Қаҳрамони” унвонига сазовор бўлди. Бу воқеани опа ўзгача ҳаяжон билан эслайди.
— Далада пахта оралаб юргандим. Қўнғироқ бўлиб қолди. Салом-аликдан сўнг “Қаердасиз?” деб сўради телефон қилган киши. “Қаерда бўлардим, даладаман”, дедим. “Телевизорни қўйинг, сизга “Ўзбекистон Қаҳрамони” унвони берилди”, деди ҳалиги киши.
Бу хабарни эшитиб ўзимни қўярга жой топа олмай қолдим. Меҳнатим юксак эътироф этилганидан, юртим ривожи, маъмурчилигига ҳисса қўшганимдан бошим осмонга етди. Бу ҳаётимдаги энг ёрқин хотиралар бўлиб қолди.
Айни пайтда фермер хўжалигида 124 нафар ишчи меҳнат қилмоқда.
Хўжаликда ишчи-хизматчилар учун қулай маданий ва маиший шароит яратилган. Шийпондаги мўъжазгина боғ, шинам айвонлар, ошхона, ҳаммом, хуллас, замонавий барча шароитлар ишчилар ихтиёрида. Улар эришаётган муваффақиятдан руҳланиб, ватанимиз ҳирмонига ўз улушларини қўшиш учун янада шижоат билан меҳнат қилмоқдалар.
Ҳа, бугун Лола Муратова эришаётган муваффақиятлар ҳар қандай инсонни ҳавасини келтиради. Президентимиз Шавкат Мирзиёев айтганидек, Лола опа ҳалоллиги, поклиги, фидойилиги, ватанпарварлиги учун ҳам унга Худо бераверади.
Spelling error report
The following text will be sent to our editors: