ФАРҒОНАДА АЁЛЛАР СПОРТ ФЕСТИВАЛИ КЎТАРИНКИ РУҲДА ЎТКАЗИЛДИ
Ўзбекистон Республикаси Хотин-қизлар қўмитаси, Соғлиқни сақлаш ҳамда Жисмоний тарбия ва спорт вазирликлари ўртасида тузилган қўшма қарор ижросини таъминлаш мақсадида 2019 йилнинг 16 ноябрь куни Фарғонада аёллар спорт фестивали ўтказилди. Фестивалда вилоятимизнинг барча шаҳар ва туманлари тиббиёт бирлашмаларида ишлайдиган спортга меҳри баланд аёллардан иборат жамоалар иштирок этишди.Фестивал иштирокчилари спортнинг бадминтон, енгил атлетика, стол тенниси, шахмат, дартс, гимнастрада турлари бўйича ўзаро куч синашдилар. Беллашувлар 25 ёшдан 35 ёшгача ҳамда 35 ёшдан катталар иштирокида алоҳида-алоҳида ташкил этилди.Қизғин ва муросасиз баҳслар давомида тиббиёт ходималари нафақат ўз соҳаларида, балки спортда ҳам фаол эканликларини амалда исботлашди.Масалан, гимнастрада бўйича ўтказилган мусобақалар жуда қизиқарли кечди ва томошабинларнинг давомли олқишларига сазовор бўлди. Ушбу баҳсларда эса Ўзбекистон туман тиббиёт бирлашмаси жамоаси қизлари ўзларининг гўзал хатти-ҳаракатларини мусиқага уйғун ҳолда, моҳирона ижро этиб, энг юқори баллни қўлга киритишди. Қувасой шаҳри ва Риштон тумани қизлари эса 2- ва 3-ўринларга сазовор бўлдилар.Қолган спорт турларидан ҳам беллашувлар кўтаринки руҳда ўтказилиб, малакали ҳакамлар томонидан энг юқори кўрсаткичлар аниқлаб олинди.Фестивал якунида спорт турлари ва номинациялар бўйича ғолиб ва совриндорлар номи эълон қилиниб, тантанали тарзда тақдирланди. Тақдирлаш маросимида вилоят ҳокимлиги котибият мудири Лутфилло Валиев, вилоят соғлиқни сақлаш бошқармаси бошлиғи ўринбосари Азам Абдураззоқов, бошқарма кадрлар бўлими бошлиғи Одилжон Зокиров, соғлиқни сақлаш ходимлари касаба уюшмаси Республика Кенгашининг Фарғона вилояти бўйича масъул ташкилотчиси Шоҳида Каримова ва бошқалар қатнашдилар. Энг юқори натижа кўрсатган жамоа ва иштирокчиларга вилоят ҳокимлигининг махсус дипломи ва эсдалик совғалари тантанали равишда топширилди. Шунингдек, фестивалда фаол иштирок этиб, ёшларга ўрнак бўлган 50 ёшдан ошган аёллар ҳам муносиб рағбатлантирилди.
Spelling error report
The following text will be sent to our editors: