Меҳнат муносабатларига оид
Ходим билан иш берувчи ўртасида тузилган меҳнат шартномаси қандай асосларга кўра бекор қилиниши мумкин?
Ўзбекистон Республикаси Меҳнат кодексининг 97-моддасида меҳнат шартномасининг бекор бўлиш асослари кўрсатилган. Унга кўра
1) тарафларнинг келишувига кўра. Ушбу асосга биноан меҳнат шартномасининг барча турлари исталган вақтда бекор қилиниши мумкин;
2) тарафлардан бирининг ташаббуси билан;
3) муддатнинг тугаши билан;
4) тарафлар ихтиёрига боғлиқ бўлмаган ҳолатларга кўра;
5) меҳнат шартномасида назарда тутилган асосларга кўра. Меҳнатга оид муносабатларни бекор қилиш тўғрисидаги шарт меҳнат шартномасида бу шартнома иш берувчи томонидан корхона раҳбари, унинг ўринбосарлари, бош бухгалтер билан, корхонада бош бухгалтер лавозими бўлмаган тақдирда эса, бош бухгалтер вазифасини амалга оширувчи ходим билан тузилганда, шунингдек қонунда йўл қўйиладиган бошқа ҳолларда ҳам назарда тутилиши мумкин.
6) янги муддатга сайланмаганлиги (танлов бўйича ўтмаганлиги) ёхуд сайланишда (танловда) қатнашишни рад этганлиги муносабати билан.
Меҳнат шартномасининг тарафлар ихтиёрига боғлиқ бўлмаган ҳолатлар бўйича бекор қилш деганда нима тушунилади? Меҳнат кодексида қандай холатлар инсон эрки-ихтиёрига боғлиқ бўлмаган холат сифатида этироф этилган?
Ўзбекистон Республикаси Меҳнат кодексининг 106-моддасига кўра қуйидаги ҳолатлардан бирининг рўй бериши тарафлар ихтиёрига боғлиқ бўлмаган холат сифатида этироф этилади ва меҳнат шартномасининг бекор қилинишига сабаб бўлади.
1) ходим ҳарбий ёки муқобил хизматга чақирилган тақдирда;
2) шу ишни илгари бажариб келган ходим ишга тикланган тақдирда;
3) ходимни жазога маҳкум этган суднинг ҳукми қонуний кучга кирган тақдирда, башарти бунинг натижасида ходим аввалги ишини давом эттириш имкониятидан маҳрум этилган бўлса, шунингдек ходим суднинг қарорига биноан ихтисослаштирилган даволаш-профилактика муассасасига йўлланган тақдирда;
4) ишга қабул қилиш юзасидан белгиланган қоидалар бузилганлиги муносабати билан, агар йўл қўйилган қоидабузарликни бартараф этишнинг имкони бўлмаса ва у ишни давом эттиришга тўсқинлик қилса;
5) ходимнинг вафоти муносабати билан;
6) қонунда назарда тутилган бошқа ҳолларда.
Кимларга нисбатан дастлабки синов муддати қўлланилмайди ёки қонунларда бундай қоида назарда тутилмаганми?
Меҳнат кодекси 84-моддаси 3-қисмида дастлабки синов муддати жорий қилинмайдиган шахслар доираси белгилаб қўйилган. Унга кўра қуйидагиларга синов муддати жорий қилинмайди:
– ҳомиладор аёлларга;
– уч ёшга тўлмаган боласи бор аёлларга;
– корхона учун белгиланган минимал иш жойлари ҳисобидан ишга юборилган шахсларга;
– олти ойгача муддатга ишга қабул қилинган шахсларга.
Умуман олганда, меҳнат шартномасини дастлабки синов шарти билан тузилиши хар иккала тарафга ҳам муайян имконият яратиб беради. Биринчидан, иш берувчи ходимнинг топширилаётган ишга лаёқатлилигини текшириб кўриш имкониятига эга бўлса, иккинчидан, ходимда меҳнат шартномасида шартлашилган ишни давом эттиришнинг мақсадга мувофиқлиги ҳақида бир қарорга келиш имконияти бўлади. Албатта, дастлабки синовни ўташ ҳақида меҳнат шартномасида шартлашилган бўлиши лозим. Бундай шартлашув бўлмаган тақдирда ходим дастлабки синовсиз ишга қабул қилинган деб ҳисобланади. Ўзбекистон Республикаси Меҳнат кодексининг 85-моддасига кўра, дастлабки синов муддати уч ойдан ошиб кетиши мумкин эмас. Вақтинча меҳнатга қобилиятсизлик даври ва ходим узрли сабабларга кўра ишда бўлмаган бошқа даврлар дастлабки синов муддатига киритилмайди. Дастлабки синов даврида ходимларга меҳнат тўғрисидаги қонун ҳужжатлари ва корхонада ўрнатилган меҳнат шартлари тўлиқ татбиқ этилади ҳамда мазкур давр меҳнат стажига киритилади.
Ишга кираётганда шахсдан қандай ҳужжатлар талаб этилади?
Ўзбекистон Республикаси Меҳнат кодексининг 80-моддасига кўра, ишга қабул қилиш вақтида ишга кираётган шахсдан қуйидаги ҳужжатлар талаб этилади:
– паспорт ёки унинг ўрнини босадиган бошқа ҳужжатни, ўн олти ёшгача бўлган шахслар эса, – туғилганлик тўғрисидаги гувоҳнома ва турар жойидан маълумотномани;
– меҳнат дафтарчасини, биринчи маротаба ишга кираётган шахслар бундан мустасно. Ўриндошлик асосида ишга кираётган шахслар меҳнат дафтарчаси ўрнига асосий иш жойидан олган маълумотномани;
– ҳарбий хизматга мажбурлар ёки чақирилувчилар тегишинча ҳарбий билетни ёки ҳарбий ҳисобда турганлик ҳақидаги гувоҳномани;
– қонун ҳужжатларига мувофиқ махсус маълумотга ёки махсус тайёргарликка эга шахсларгина бажариши мумкин бўлган ишларга кираётганда олий ёки ўрта махсус, касб-ҳунар ўқув юртини тамомлаганлиги тўғрисидаги дипломни ёхуд мазкур ишни бажариш ҳуқуқини берадиган гувоҳномани ёки бошқа тегишли ҳужжатни тақдим этади.
Ишга қабул қилиш вақтида ишга кираётган шахсдан қонун ҳужжатларида кўрсатилмаган ҳужжатларни талаб қилиш тақиқланади.
МК 119-моддасининг биринчи қисмига мувофиқ ходим билан иш берувчи ўртасидаги келишувга биноан ишга қабул қилиш чоғида ҳам, кейинчалик ҳам тўлиқсиз иш куни ёки тўлиқсиз иш ҳафтаси белгилаб қўйилиши мумкин. Бунда тўлиқсиз иш куни шартларида ишлаётган ходимлар тўлиқ иш кунида меҳнат қилаётган шахслар билан тенг меҳнат ҳуқуқларига эгалар.
-Чунончи, тўлиқсиз иш вақтида банд бўлган шахсларга:
-тўлиқ йиллик таътил, шунингдек ўқув таътили берилади;
-иш вақти меҳнат стажига тўлиқ иш вақти сифатида қайд этилади;
-бажарилган иш учун мукофотлар умумий асосларда ҳисоблаб ёзилади;
-дам олиш ва байрам кунлари меҳнат қонунчилигига мувофиқ берилади;
иш учун ишланган вақтга ёки ишлаб чиқарилган маҳсулотга мутаносиб равишда ҳақ тўланади (МК 119-моддасининг учинчи қисми). МКнинг келтирилган қоидалари иш берувчи ходим ҳуқуқларини тўлиқ йиллик асосий таътил беришдан бош тортиш учун асос сифатида қонунда назарда тутилмаган шартлар билан чеклаганлигини қайд этиш имконини беради. Шу боис ходим МКнинг 119-моддасида назарда тутилган кафолатлардан ноқонуний маҳрум этилган, чунки тўлиқсиз иш вақти шарти билан ишлаш ходимнинг йиллик асосий меҳнат таътилининг муддатини, меҳнат стажини ҳисоблашни ҳамда бошқа меҳнат ҳуқуқларини бирон-бир тарзда чеклашга асос бўлмайди.
Соғломлаштиришга оид
Касаба уюшмаларидан санаторийларга йўлланмалар қандай тартибда олиш мумкин?
Касаба уюшмаларидан санаторий йўлланмаларини ходимлар ўзлари ишлаб турган корхона, ташкилот ва муассасалар касаба уюшмаларидан олиши мумкин.
Ҳеч қаерда ишламайдиган фуқаролар касаба уюшмалари тизимидаги санаторийларга йўлланмалар олиши мумкинми?
Ҳеч қаерда ишламайдиган фуқаролар касаба уюшмалари тизимидаги санаторийларга йўлланмаларни ишловчи яқин қариндошлари (ота-онаси, фарзанди ёки турмуш ўртоғи) орқали уларнинг иш жойидаги касаба уюшмалари аъзолик бадаллари ҳисобидан йўлланма нархини қисман (45%) ёки тўлиқ тўлаш йўли билан олиши мумкин.
Касаба уюшма аъзолари санаторий йўлланмаларини имтиёзли (йўлланма нархини 45 фоизини тўлаш шарти билан) равишда ҳар неча йилда олиши мумкин?
Касаба уюшма аъзолари санаторий йўлланмаларини ижтимоий суғурта бюджети ёки касаба уюшма аъзолик бадаллари ҳисобидан олишидан қатъий назар 2 йилда бир марта улар ишлаб турган ташкилот касаба уюшмаларидаги навбат бўйича олиши мумкин.
Касаба уюшмалари тизимидаги санаторийлар йўлланмаларининг даволаниш муддати ким томонидан белгиланади?
Касаба уюшмалари тизимидаги санаторий йўлланмаларининг даволаниш муддати Санатор-курортлар бошқармаси ҳайъат мажлисининг қарори билан белгиланади.
Ота-оналар фарзандлари учун болалар соғломлаштириш оромгоҳларига имтиёзли йўлланмаларни қаердан олиши мумкин?
Ота-оналар фарзандлари учун болалар соғломлаштириш оромгоҳларига имтиѐзли йўлланмаларни ўзлари ишлаб турган корхона, ташкилот ёки муассаса бошланғич касаба уюшма қўмитаси орқали ўрнатилган тартибда олиш имконига эгалар.
Spelling error report
The following text will be sent to our editors: