“Умид гулшани” сиҳатгоҳига бепул йўлланмалар берилди
Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерациясининг Фарғона вилояти Кенгаши томонидан Давлат дастури доирасида мустақиллигимизнинг 32 йиллиги муносабати билан ташкилот ва муассасаларда самарали меҳнат қилиб келаётган кўп болали, кам таъминланган, эҳтиёжманд аёлларнинг 5 нафарига саломатлигини мустаҳкамлаши учун “Умид гулшани” санаторийсига бепул йўлланмалар берилди.
Йўлланмалар ўз эгаларига топширилар экан, касаба уюшмаларининг ҳар бир аъзосини қўллаб-қувватлаш, ғамхўрлик кўрсатиш, ижтимоий ҳимоялаш каби масалалар доимо касаба уюшмаларининг диққат марказида эканлиги таъкидланди.
Сиҳатгоҳга йўлланма олганлар қаторида «Fargonaazot» АЖ кимёвий тахлил лаборанти Феруза Мамажонова, Ёзёвон тумани 21-умумий ўрта таълим мактаби ўқитувчиси Шаҳноза Хаджаева, Тошлоқ туманидаги “Posco internetional textile” хорижий корхонаси йигирув цехи йигирувчиси Одинахон Муйдинова, Фарғона шаҳар болалар шифохонаси ҳамшираси Феруза Меҳмонова ҳамда Фарғона ҳарбий Госпитали ҳамшираси Гўзалхон Абдусуфхоновалар бор.
– Касаба уюшмаларининг ғамхўр инсонлари мени мустақиллик байрами билан қутлаб, “Умид гулшани” санаторийсида даволаниб келишим учун бепул йўлланма совға қилишди. Кўрсатилган бундай эътибордан жуда хурсанд бўлдим, – дейди «Fargonaazot» АЖ кимёвий тахлил лаборанти Феруза Мамажонова.
Албатта, меҳнат инсонни улуғлайди. Ҳар бир меҳнаткаш эса касаба уюшма эътиборидадир!
Хилолахон Мамазияева,
Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерациясининг Фарғона вилояти Кенгаши ижтимоий суғурта бўлими етакчи мутахассиси.
Spelling error report
The following text will be sent to our editors: