«ТОНГ»ДАГИ ҲАР БИР КУН ИККИ ҚАРДОШ ЭЛНИНГ БОЛАЛАРИГА БИРДЕК МАНЗУР БЎЛМОҚДА
Фарғона вилояти ҳокимлиги ҳамда Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерациясининг Фарғона вилояти Кенгаши ташаббуси билан қирғизистонлик 50 нафар ўғил-қиз водийнинг сўлим табиат бағрида жойлашган Чимён қишлоғидаги «Тонг» болалар оромгоҳида ҳордиқ чиқиш учун таклиф этилди.
Меҳмонлар Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерациясининг Фарғона вилояти Кенгаши раиси Эркинжон Нуралиев ҳамда Фарғона тумани ҳокимлиги вакиллари иштирокида катта тантана билан «Водил» чегара-божхона постида кутиб олинди.
Қардошлик ва дўстлик алоқаларини янада яхшилашда бу каби эзгу ташаббуслар муҳим аҳамиятга эга. Қўшни мамлакатдан келган болажонларнинг ёзги таътилни, мароқли ўтказиши, унутилмас таассуротлар олиши учун ранг-баранг дастурлар тайёрланган.
Оромгоҳда рус, инглиз ва корейс тили, компьютер саводхонлиги, рақс, сузиш, футбол, волейбол, стол тенниси каби ўндан ортиқ тўгараклар фаолият кўрсатмоқда.
– Ўзбекистонга келиш ва янги дўстлар орттириш орзум эди. «Тонг» оромгоҳида дам олиб, ана шу орзум амалга ошди, – дейди Қирғизистон Республикасининг Қадамжой туманидан келган Барногул Келдибекова. – Бу ернинг табиати, одамлари менга жуда ёқди. Ватанимизга қайтгач, оромгоҳда олган таассуротларим, ўзбек дўстларим ҳақида ўртоқларимга сўзлаб бераман.
Болажонларнинг мароқли ҳордиқ чиқаришлари учун ҳар бир кунга алоҳида дастурлар белгиланган бўлиб, бунда турли учрашувлар, маданий тадбирлар, театр томошалари, концерт дастурлари уюштирилади.
Саидахон Нуриддинова,
Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерациясининг Фарғона вилояти Кенгаши етакчи мутахассиси.
Spelling error report
The following text will be sent to our editors: