Раҳбарнинг буйруғи бекор қилинди
Ўткир Рафиев бир яхши Сўх тумани тез тиббий ёрдам станциясида ярим ставкада тиббиёт ходими бўлиб ишлаб келаётган эди. Кутилмаганда Республика тез тиббий ёрдам маркази Фарғона ҳудудий филиали директорининг буйруғи билан ишдан бўшатилганини эшитиб, хангу манг бўлиб қолди.
“…Ишдан бўшаш тўғрисидаги буйруқ билан танишмаган бўлсам, ҳеч қандай огоҳлантирилмадим ҳам, қанақа қилиб ишдан бўшашим мумкин”?, деган саволлар бошида айланаверади.
Ў.Рафиев раҳбарнинг бу қароридан норози бўлиб, уни ёнига киради. Қараса, раҳбар тушунадиганга ўхшамади. Шундан сўнг ишдан асоссиз бўшатилганидан норози бўлиб, Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси Фарғона вилоят кенгашига мурожаат қилишга мажбур бўлди.
Маълум бўлишича, Ў.Рафиев билан тузилган меҳнат шартномаси меҳнат кодексининг 100-моддаси 2-қисми 5-бандига асосан бекор қилинган. Бироқ иш берувчи меҳнат шартномасини бекор қилишда меҳнат кодексининг 101-моддаси талабларига риоя қилмаган. Яъни ходимни ишдан бўшатишда касаба уюшма қўмитасининг розилиги олинмаган, ходимга ҳеч қанақа огоҳлантириш берилмаган.
Ваҳоланки, меҳнат кодексининг 108-моддасига кўра, меҳнат шартномаси бекор қилинган куни иш берувчи ходимга унинг меҳнат дафтарчасини ва меҳнат шартномасининг бекор қилиниши ҳақидаги буйруқнинг нусхасини бериши шартлиги кўрсатиб қўйилган. Иш берувчи эса ходимни ишдан бўшатишда бу каби талабларга қараб ўтирмаган.
Аввало, иш берувчига ходимни ишдан бўшатиш тўғрисидаги буйруғи қонунчилик талабларига зид равишда чиқарилганлиги, ходим ноҳақ ишдан бўшатилгани иш берувчига тушунтирилиб, тақдимнома киритилди. Аммо иш берувчи бунга аҳамият бермади. Музокаралар, тушунтиришлар наф бермагач, иш судда кўриладиган бўлди.
Суднинг қарори билан иш берувчининг Ў.Рафиевни ишдан бўшатиш тўғрисидаги буйруғи бекор қилиниб, иш жойига тикланиши, мажбурий прогул кунлари учун 5 млн. 419 минг сўм, маънавий зарар учун эса 3 млн. сўм ундириб бериш бўйича қарор чиқарди.
Зафаржон ҚУРБОНОВ,
Соғлиқни сақлаш ходимлари касаба уюшмаси Республика кенгашининг Фарғона вилояти бўйича меҳнат ҳуқуқ инспектори.
Spelling error report
The following text will be sent to our editors: