«РИШТОН» ОРОМГОҲИДА АМАЛИЙ СЕМИНАР ЎТКАЗИЛДИ
Риштон туманида жойлашган «Риштон» оромгоҳида Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерациясининг Фарғона вилояти кенгаши томонидан 2023 йил ёз мавсуми давомида болаларни дам олдириш ва соғломлаштириш ишларига тайёргарлик кўриш, мавсумни юқори савияда ўтказиш мақсадида семинар ўтказилди.
Семинарда вилоят ҳокими ўринбосари Ф.Қосимов, Риштон тумани ҳокими С.Солиев, Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерациясининг меҳнат техник инспектори Д.Тўйчиев, Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси вилоят Кенгаши раиси Э.Нуралиев, вилоят Мактабгача ва мактаб таълими бошқармаси бошлиғи Ш.Долимов, вилоят Фавқулодда вазиятлар бошқармаси, вилоят соғлиқни сақлаш бошқармаси, Санитария-эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги қўмитаси Фарғона вилоят бошқармаси, Ички ишлар бошқармаси масъул ходимлари ҳамда вилоятдаги оромгоҳлар раҳбарлари, тарбиячилари, етакчилари, оромгоҳда фаолият юритадиган тиббиёт, ички ишлар ходимлари, спорт йўриқчилари, ҳисобчилар ва ошпазлар иштирок этдилар.
Таъкидланганидек, 2023 йил болаларни ёзги соғломлаштириш дислокациясига кўра 17 та стационар оромгоҳларда 11 040 нафар, шунингдек, 21 040 нафар болаларни 121 та кундузги дам олиш масканларида соғломлаштириш режалаштирилган. Ҳозирги кунда барча оромгоҳлар болажонларни қабул қилиб олиш учун шай ҳолатда.
– Фарғона вилоятидаги 8 та болалар соғломлаштириш оромгоҳлари Болаларни дам олдириш ва соғломлаштириш департаменти тасарруфига ўтказилиб, мазкур оромгоҳларда жорий йилги мавсумга тайёрлаш ишлари юқори уюшқоқликда олиб борилди. Оромгоҳларга ошхона, кутубхона, ётоқхона ва тиббиёт хонаси жиҳозлари, спорт инвентарлари, компьютер жамланмалари, телевизорлар, овоз кучайтиргичлар, генератор каби бир қатор зарурий воситалар билан таъминланди, – дейди департаментнинг вилоят бошқармаси бошлиғи Расулжон Раҳимов.
Хусусан, “Риштон” оромгоҳида ҳам болаларнинг мазмуни дам олишларини сифатли ташкил этиш бўйича аниқ чора-тадбирлар асосида амалий ишлар олиб борилди. Оромгоҳ ҳудудида сув таъминоти тақчиллиги бартараф этилиб, жорий йилда сув чиқарилиб, сув минораси ўрнатилди. Бу эса оромгоҳнинг ободонлаштириш ва кўкаламзорлаштириш ишларида алоҳида ўрин тутади.
Семинарда айтиб ўтилдики, болалар билан ишлашни янада такомиллаштириш мақсадларини кўзлаб халқ таълими, ички ишлар, соғлиқни сақлаш, Ёшлар сиёсати ва спорт бошқармалари касаба уюшмалари билан ҳамкорликда оромгоҳларда тарбиявий ишларни кучайтирган ҳолда “Заковотли болалар”, спорт, туристик, экологик, техника ижодиёти, ўлкашунослик, моҳир қўллар сингари йўналишлар бўйича 30 дан ортиқ тўгараклар фаолияти йўлга қўйилади.
Семинар давомида оромгоҳларда фавқулотда вазиятларни бартараф қилиш, чўмилиш ҳавзаларида болалар хавфсизлигини таъминлаш, санитария меъёрларига амал қилиш, тиббий профилактик ёрдам кўрсатиш, маънавий-маърифий тадбирларни ташкил этиш, болаларни ватанпарварлик руҳида тарбиялаш ва бир қатор мавзуларда оромгоҳ ишчи-ходимларига тегишли кўрсатмалар берилди.
Тадбир якунида кўргазмали-амалий тадбирлар ўтказилиб, мавсумни юқори уюшқоқликда ўтказишга келишиб олинди.
Spelling error report
The following text will be sent to our editors: