Ёшлар масаласи алоҳида боб даражасига олиб чиқилди
Сўнгги йилларда мамлакатимизда амалга оширилаётган конституциявий ислоҳотлар мазмун-моҳиятига кўра “инсон – жамият – давлат”, “Ўзбекистон – ижтимоий давлат” деган тамойилларни конституциявий қоида сифатида муҳрлашга, халқпарвар давлат барпо этишга, инсон ҳуқуқларининг ҳимояси ва ижтимоий муҳофазасини кучайтиришга қаратилгани билан аҳамиятлидир.
Амалдаги Конституциямиз мамлакатимизда мустақиллик йилларида эришилган ютуқ ва катта ўзгаришларнинг мустаҳкам ҳуқуқий пойдевори ва энг асосий кафолати бўлиб хизмат қилди. Лекин замон шиддат билан ўзгаряпти. Шундай экан, асосий Қонунимизни жамиятдаги реал воқеликка, Янги Ўзбекистоннинг тараққиёт стратегиясидаги улкан марраларга, шиддатли ислоҳотлар ўзанига мослаштириш бугунги куннинг асосий талабидир.
Ҳа, Конституциявий ўзгаришлар Ўзбекистоннинг тадрижий ривожланишидан келиб чиқиб ҳаётий заруриятга айланди, десак ҳеч муболаға бўлмайди. Конституциявий ислоҳотларда, албатта, барча фуқароларимиз фаол иштирок этиб, ўз таклифларини бераётгани Бош қомусимизнинг халқчил бўлаётганидан далолат бермоқда. Янгиланаётган Конституция тараққий этган давлат – Янги Ўзбекистонни қуриш ғояси атрофида бутун жамиятимизни жипслаштириши, унда барча қатлам манфаатлари инобатга олинганлиги, шунингдек, ушбу Конституция лойиҳасини ишлаб чиқишда кенг жамоатчилик, жамоат ташкилотлари, экспертлик ва илмий доиралар вакиллари, зиёлилар фаол иштирок этганлиги ва унда 220 мингдан зиёд таклифлар келиб тушганлиги, мазкур жараённинг нақадар муҳим сиёсий аҳамият касб этишидан далолатдир.
Янгиланаётган Конституциямиз илгари амал қилиб келган “давлат – жамият – инсон” тамойилини “инсон – жамият – давлат” деб ўзгартириш, яъни энг аввало инсон манфаатини ҳар нарсадан устун қўйишни мақсад қилгани барчамизна фахр-ифтихор бағишлайди.
Яқинда бўлиб ўтган Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг мажлисида депутатлар «Ўзбекистон Республикаси Конституцияси тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Конституциявий қонун лойиҳасини моддама-модда кўриб чиқдилар. Қизғин давом этган муҳокамалар чоғида ҳар бир модда юзасидан таклиф ва мулоҳазаларини билдирдилар. Унда янгиланаётган Конституциямизда ёшлар масаласи алоҳида боб даражасига олиб чиқилиши Янги Ўзбекистонда ёшлар сиёсати устувор эканлигига яққол ишора эканлиги таъкидланди.
Ҳа, бугунги ёшлар ўз ҳақ-ҳуқуқларини яхши билади, мамлакат ҳаётига, келажагига бефарқ эмас. Ёшларнинг тақдим этган таклифлари лойиҳада ўз аксини топмоқда. Жумладан, ёшларнинг шахсий, сиёсий, иқтисодий, ижтимоий, маданий, экологик ҳуқуқлари ҳимоя қилинишини таъминлаш, жамият ва давлат ҳаётида фаол иштирок этишини рағбатлантириш, уларнинг маънавий, интеллектуал, ижодий, жисмоний ва ахлоқий жиҳатдан ривожланиши, ўз ҳуқуқларини амалга ошириши учун шарт-шароитларни яратиш мажбуриятини давлат ўз зиммасига олиши ёшларга катта мотивациядир.
Таъкидлаш жоизки, ўтган давр мобайнида ёшларни қўллаб-қувватлашга оид кўплаб ҳуқуқий ҳужжатлар қабул қилинди. Қонунлар ва қонуности ҳужжатлари ўзгарувчан хусусиятга эга. Биргина Конституция узоқ муддатли, барқарор ҳужжат ҳисобланади. Шу боис ҳам ўтган даврдаги янгилик ва енгилликларнинг Бош қомусимизда мустаҳкамланаётгани алоҳида эътиборга молик.
Дарҳақиқат, бугунги кунда бутун халқимизнинг қалбидан чуқур жой олган, умуммиллий ҳаракатга айланиб бораётган “Янги Ўзбекистон” ғояси ҳамда “Инсон қадри учун” тамойили замирида улуғ аждодларимиз, миллий тарихимизда Биринчи ва Иккинчи уйғониш даврларига асос солган аллома боболаримизнинг орзу-интилишлари ва армонлари ҳам мужассамлиги яққол намоён бўлмоқда. Ана шундай улуғвор ғая ва мақсадларни амалга оширишда эса янгиланаётган Конституциямиз муҳим тарихий ҳужжат сифатида дастуриламал вазифасини бажаражак!
Аброр ОТАБОЕВ,
Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерациясининг Фарғона вилояти кенгаши раисининг Ёшлар масалалари бўйича маслаҳатчиси.
Spelling error report
The following text will be sent to our editors: