КАСАБА УЮШМАСИГА РАҲМАТ
Ишхона ҳам иккинчи оиладек гап. Умримизни сарҳисоб қилсак, ярми ишхонада, қадрдон меҳнат жамоамизда ўтади. Мен ҳам оз эмас, кўп эмас, нақд 20 йил Давлат кадастрлар палатаси Фарғона вилояти бошқармасида турли вазифаларда фаолият юритдим.
Меҳнат фаолиятим давомида Ўзбекистон Касаба уюшмаси кўмагидан кўп маротаба фойдаланганман. Ўзимни, ота-онамни соғломлаштиришда эса касаба уюшмасининг имтиёзли йўлланмалари асқотган.
2022 йилнинг декабрь ойида касаба уюшмасидан ёрдам сўрашга мажбур бўлдим. Боиси иш берувчи томонидан буйруқ расмийлаштирилиб, мен билан тузилган меҳнат шартномаси бекор қилинди. Оилада ёлғиз боқувчи эканлигим, қарамоғимда 2 нафар вояга етмаган фарзандларим борлиги сабабли ишлашим керак эди.
Ўйлаб-ўйлаб Ўзбекистон Касаба уюшмалари Федерациясининг Фарғона вилояти кенгашига меҳнатга оид бузилган ҳуқуқларимни тиклашда амалий ёрдам сўраб мурожаат қилдим. Кенгаш мутахассислари томонидан мурожаатим қонуний ўрганилиб, меҳнатга оид бузилган ҳуқуқларимни тиклаш бўйича кенгаш раиси томонидан бошқарма бошлиғига тақдимнома киритилди.
Тақдимнома қаноатлантирилиб, мен Давлат кадастрлар палатаси Фарғона вилояти бошқармасининг бўлим бош мутахассиси-мурожаатлар билан ишлашга масъул вазифага ишга тикландим.
Мен фидойи касб эгалари шифокорлар, устоз-мураббийлар қаторига касаба уюшмаси ходимларини ҳам киритаман. Фуқароларнинг, ишчи-ходимларнинг бузилган ҳақ-ҳуқуқларини тиклашда, ижтимоий-иқтисодий манфаатларини ҳимоя қилишда уларнинг ўрни беқиёс бўлмоқда. Раҳмат Сизга, касаба уюшмаси фидойилари!
Севара Узакова,
Фарғона шаҳри.
Spelling error report
The following text will be sent to our editors: